Қўл, кўз ва қалб... ёки уч орзу
Бир пайтлар юқори маошли ишга эга бўлиш, чиройли аёлга уйланиш ва бутун дунёга машҳур бўлиш каби уч орзуси бор бир одам яшаган экан.
Қишнинг совуқ кунларидан бирида у таниқли компанияда ишга кириш учун суҳбатга шошилаётган эди. Тўсатдан рўпарасида бир кекса кишининг йиқилиб тушган кўрди. Эркак бу одамни маст бўлса керак, деб ўйлаб, унга ёрдам бермасдан, йўлида давом этди...
У режалаштирилган учрашувга кечикмади, аммо суҳбат муваффақиятсиз ўтди. Улар уни ишга олишмади.
Ёз оқшомида қаҳрамонимиз шаҳар бўйлаб сайр қиларди. У кўча ижрочилари труппасини кўриб қолди ва завқланиб улар кўрсатаётган пьесани томоша қилиш учун тўхтади. Томошабинлар унча кўп бўлмаса-да, бироқ спектакль қизиқарли бўлди. Томоша тугагач, оломон тарқала бошлади.
Қаҳрамонимиз ҳам кетмоқчи бўлиб турган эди, кимдир тортинчоқлик билан унинг елкасига тегди. Ўгирилиб қараган эркак рўпарасида спектаклда бош ролни ўйнаган кекса масхарабоз аёлни кўрди. Аёл ундан спектакль ҳақида таассуротларини сўрай бошлади. Эркак эса суҳбатга киришгиси келмади ва жирканганча ундан юз ўгириб, уйига кетди.
Ёмғирли оқшомларнинг бирида эркак уйига шошилаётган эди. У жуда чарчаган эди, хаёлида фақат шинамгина уй ва иссиқ чой ҳақидаги ўйлар чайқаларди. Тўсатдан у кимнингдир бўғиқ овозда йиғлаётганини эшитиб қолди. Бу уйи яқинидаги ўриндиқда ёлғиз соябонсиз ўтирган аёл экан.
Қаҳрамонимизни пайқаб, аёл ундан ёрдам сўраб унга мурожаат қилди. Эркак бир зум иккиланди-ю, лекин кўз олдида иссиққина уйи гавдаланди, у бир-икки бепарво навбатчи ибораларни айтиб, уйга киришга шошилди.
Бу одам бахтсиз ҳаёт кечирди. Вафот этганида, фариштани учратган эркак унга деди:
- Мен умуман маънисиз ҳаёт кечирдим. Бор-йўғи учта орзуим бор эди, лекин, афсуски, уларнинг ҳеч бири амалга ошмади.
- Мен сенинг барча орзуларингни амалга ошириш учун қўлимдан келганини қилдим, -деб жавоб берди фаришта. – Менга кўп нарса эмас, фақат сенинг қўлинг, кўзинг ва юрагинг керак эди.
- Қанақасига...
- Қиш кунидаги сирпанчиқ йўлда йиқилиб кетган одамни эслай оласанми? У сен ишга жойлашмоқчи бўлган компаниянинг бош директори эди. Сени жуда тез кўтарилиб кетадиган мартаба кутаётган эди. Бунинг учун сен унга фақат қўл узатишинг керак эди, холос.
Кўчадаги спектакль томошасидан кейин сени саволга тутиб, безовта қилган кекса масхарабоз аёлни эслайсизми? У сени бир қарашда севибқолган гўзал ёш актриса эди. Сизларни бахтли келажак, ажойиб фарзандлар, сўнмас муҳаббат кутарди. Сендан талаб қилинган нарса фақат сенинг кўзларинг эди.
Ва ниҳоят, уйингга кириш қисмидаги ўриндиқда ўтирган аёлни эслайсанми? Ёмғирли оқшом бўлса-да, аслида у ўз кўзёшларидан жиққа ҳўл бўлиб турган машҳур ёзувчи эди. Ўшанда фожиага дуч келган аёлга фақат самимий ҳамсуҳбат керак эди. Агар сен унга ёрдам берганингда, у бу ҳақда китоб ёзган бўларди.
Бошқа китоблари каби унинг бу китоби ҳам дунёга машҳур бўлиб, сени ҳам машҳур қиларди. Ўша куни сендан талаб қилинган нарса фақат сенинг қалбинг эди. Аммо сен эътиборсиз бўлдинг...
Қиссадан ҳисса: Дунёни тинглашга ҳаракат қилсангиз, у имкониятлар беради. Сиз нафақат ёрдам сўрашни билишингиз, балки ёрдамга муҳтож бўлганларни ҳам ҳурмат билан қабул қилишингиз керак.