Қўшқўрғондаги отишма
Илгари ҳам (2007, 2017, 2023 йилларда) машҳур халқ қаҳрамони Намоз ботир ҳақида туркум мақолалар эълон қилган эдик.
Бироқ 2021 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий архиви ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг нодир қўлёзмалар бўлимида бўлиб, мавзуга оид манбаларни мукаммал ўрганиш жараёнида Оқдарё туманида ўсиб-улғайган тарихий шахс Намоз Пиримқул ўғлининг қисқа ва жанговар ҳаёти ҳақида кўплаб маълумотлар тўплашга муваффақ бўлдим. Мустамлакачи чор ҳукумати аскарлари билан бўлиб ўтган Қўшқўрғон қишлоғидаги қонли тўқнашув ҳам ўзига хос ана шундай унутилмас воқеалардан биридир.
1906 йил декабрь ойининг охирлари. Ҳавонинг қорли, қировли кунлари эди. Намоз ўз йигитлари билан Даҳбед волости яқинидаги Асановот қишлоғига кетма-кет икки марта келганлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалди. Жойдевона волостининг Сайдан қишлоғи оқсоқоли Мўминбек Йўлдошевнинг юрагига ғулғула тушди. Чунки у аввал ҳам Намоз йигитларини ҳукумат қўшинлари билан таъқиб этишда бир неча бор иштирок этган, бироқ Намоз уларни чув тушириб кетган эди.
Жойдевона волостининг Бешкал қишлоғидан бўлган Мўминбек ўзининг волостнойлик мансабига ўтириш орзусини амалга ошириш учун кўпдан бери Намозни ҳукумат қўшинларига тутиб беришда улар билан яқин алоқада бўлган.
1906 йил 24 декабрь куни у аҳолидан йиғилган пулларни ғазнага топшириш учун Самарқандга йўл олди. Йўл-йўлакай Марғилонтепа қишлоғи яқинидаги йўлда (Даҳбеддан 1,5 километр шимолий ғарб томонда, ҳозирги Мустақиллик қишлоғи яқинидаги тепалик атрофи) Мўминбек оқсоқол икки нафар отлиқ йигитларни кўриб қолди. Отлиқларнинг хатти-ҳаракатини зимдан кузатган оқсоқол уларни «Намоз ва унинг одамлари», дея тахмин қилди. Оқсоқол отлиқлар эътиборини ўзига жалб қилишдан чўчиб, тезда улардан узоқлашди. Кўп ўтмай, Самарқандга етиб борган Мўминбек кўрганлари ҳақида ҳукумат идорасига хабар берди. Шу куниёқ казакларнинг икки отряди Даҳбед ва Ургут суд ижрочилари бошчилигида айтилган жойга юборилди. Йўлга чиққан отрядлар кечқурун Даҳбедда тунаб, эрталаб йўлга чиқдилар. Улар йўл-йўлакай Намоз ва унинг одамларига бошпана бериши мумкин бўлган қишлоқларни оралаб ўтдилар. Хорунж (офицер) Казанцев ва Даҳбед волости пристави капитан Олейников бошчилигидаги ўн бир нафар жазо отряди казаклари шу тариқа из олиб, Даҳбеддан 5-6 вёрст масофа (тахмиман 6 километр) узоқликда жойлашган Қўшқўрғон қишлоғига яқинлашдилар.
Эрталаб соат 8 эди чамаси. Капитан Олейников йўл бўйидаги бир дарвозада устига юк ортилган отни кўриб қолди. Шубҳаланган капитан отини шу томонга тезлатди ва орқада қолган казакларни тезроқ ҳаракат қилишга буюрди. Капитан адашмаган эди. Улар дарвозага яқинлашганда капитан шу кўчанинг охирроғида қишлоқни икки қисмга ажратадиган хиёбонда югуриб кетаётган бир одамни кўриб қолди. Капитан Олейников бу одамни кузатувчи қоровул бўлса керак, деб тахмин қилди. Кейинчалик бу тахмин ҳам тўғри бўлиб чиқди. Бу одам Узоқ Хўжаёров бўлиб, Намоз ва унинг йигитларини хавф-хатардан огоҳлантириш учун қўйилган қоровул эди. Бу пайтда Намоз ва унинг одамлари Ҳамроқул деган кишининг меҳмонхонасида чой ичиб ўтиришарди. Тўсатдан казаклар келиб қолганини кўрган қоровул қўрққанидан қўшни Ойнақўрғон қишлоғи томон қочиб қолаётган эди (ҳозир бу қишлоқ тугатилиб кетган). Отдан тушиб, дарвоза томон 60 қадамча югуриб борган капитан Олейников ҳовлида бир нечта маҳаллий одамларни кўрди. Улардан кичкина бўйлиси дарвозанинг чап томонидаги деворга ёпишиб олиб "3" маркали милтиқдан икки марта ўқ узди. Ўқлар капитаннинг боши узра учиб ўтди. Шу пайт капитан ўзига таниш бўлган Намознинг одами Шерниёз Худойназаровни кўрди. У дарвоза олдига югуриб келиб, капитаннинг ортидан келаётган икки казакка қарата ов милтиғи – "Берданка"дан икки маротаба ўқ узди (кейинчалик бу дарвозадан тўртта "3" маркали милтиқ гильзаси ва 2 та ов милтиғи топилди). Отилган ўқлардан казак Харчевнинг шляпаси тешилиб, Кулагиннинг шляпаси бошидан учиб кетди.
Қўшқўрғон қишлоғи тор хиёбон билан ажралган икки қисмдан иборат бўлиб, саккиз бурчакли узун қўрғон ичидаги каттагина майдоннинг ҳар жой-ҳар жойида икки-учтадан турли ҳажмдаги уй ва кулбалар ҳамда қўрғоннинг асосий қисми ҳисобланган иккинчи томонидан катта-кичик ҳажмдаги бир-бирига уланиб кетган 12 та хонадон мавжуд эди.
Капитан Олейников казакларга муюлишдаги уйларни эгаллашни буюриб, ўзи уч казак билан бирга ичкарида бинолари бўлган дарвоза томон ҳаракатланди. Намоз ва унинг йигитларини айланиб ўтиб, уйдагиларни исканжага олишни режалаштирган капитан ва унинг аскарлари кулбалар тешигидан қасоскорлар томонидан тўхтовсиз ўқ отиш билан кутиб олинди.
Шу вақтнинг ўзида муюлишдаги кулбалардан ҳам казакларга қарши тинимсиз ўқ отилаётган эди. Шу пайт капитаннинг кейинги муюлишда елкасига милтиқ осиб, от чоптириб кетаётган чавандозга кўзи тушди. Капитан унга қарата уч марта ўқ узди. Чавандоз оти билан бирга ерга йиқилди. Бироқ у ўрнидан туриб, тезда пиёда қоча бошлади. Капитан Олейников унга қарата яна бир нечта ўқ узди. Намознинг бинолар ичидаги йигитлари билан ҳам кучли отишма давом этаётганлиги сабабли қочаётган кишини таъқиб этишнинг иложи йўқ эди. Отишма тўхтовсиз бўлаётганлигидан қанча одам ўқ узаётганлигини билиб бўлмасди. Бундай вазиятда Намознинг қуршовдан чиқиб кетишини билган капитан Мўминбек Йўлдошевни чақириб, қўшимча куч ва ўқ-дори юборишини тайинлаб, Самарқандга жўнатди.
Кундузги соат 12 га бориб, Даҳбед волости бошқарувчиси мулла Бўлак Алламуродов ўзининг бир қанча қуролли йигитлари билан тўқнашув жойига етиб келди. Йўлдошев Самарқандга кетаётиб, Зарафшон бўйида уларни ҳам хабардор қилишга улгурган эди. Алламуродов қасоскорлар жойлашиб олган бинолардаги аҳолини, шу жумладан, болалар ва аёлларни ташқарига чиқиб, хавфсиз жойга ўтишларини буюрди. Ўқ овозлари бироз пасайгач, Алламуродов ўзи билган ва бирма-бир текширилган 20 нафар маҳаллий аҳолини воқеа жойидан бошқа ерга ўтказди. Шу пайт офицер Казансев бошчилигидаги казаклар тўртта ҳовлини Намознинг одамларидан тозалашганлигини айтишди. Алламуродов қишлоқ четидаги дарвозали ҳовлига кириб, кулба ичидан Намознинг йигити Очил Муллажонов (Жонхўрозов)ни олиб чиқди. Очил уни ўлдирмасликларини сўраб, буюрилган жойга ўз ихтиёри билан боришни айтган. Очил Муллажонов у ердан олиб чиқилганда унинг қўлида қурол йўқ эди. Ваҳоланки, у жойлашган кулбадан милтиқ отилиб турган. Унинг қуролини қаергадир яширишга улгургани аниқ эди.
Казаклар яқин атрофдаги кулбаларнинг томларига чиқиб, отишмани давом эттирдилар. Казакларга ҳам турли кулбалар, оғилхона ва бошқа жойлардан ўқлар отиб турилди. Оғилхоналарнинг биридан бир нечта ўлдирилган отлар орасидан бошига ўқ тегиб ҳалок бўлган Жуман Болибековнинг жасади топилди. Шу жойдан топилган қопнинг ичидан 5-6 та тўппонча, бир нечта қурол-аслаҳа ҳамда катта миқдордаги "3" маркали милтиқ патронлари бор эди. Бирин-кетин таслим бўлиб чиққан қасоскорларда эса бор-йўғи 30 дона ўқ бор эди. Қўлга олинганлар 5 нафар - Худойберди Ўташев, Қурбонбой Отниёзов, Қаршибой Султонов, Шоамин Тўхтамишев ва Авазқул Оқмирзаев бўлиб, охирги иккаласи ярадор эди. Таслим бўлишдан аввал казаклар оғилхонага сомон ташлаб ўт қўйгач, улар юпқа деворларни ағдариб, иккинчи ва учинчи оғил ва кулбаларга ўтиб кетаверган. Еттинчи ҳовлига ўтиб жойлашган Намознинг йигитлари томда туриб, уни бузишга ҳаракат қилган казакларни ўққа тутади. Казаклар тезда томдан тушади ва эшик олдига келган казаклардан бири Корчагин: "Намоз! Энди қоча олмайсан, таслим бўл!", деб бақиради ва ичкарига кириб Намозни тутиб чиқмоқчи бўлади. Шунда эшик сал очилиб, Намоз шашти баланд бу казакни пешонасидан отиб ташлайди. Казак Корчагин шу заҳоти ўлади. Шундан сўнг эшик яна сал очилиб, ичкаридан бир қўл чиқади ва Корчагиннинг ерда ётган милтиғини уй ичига тортиб олади. Корчагин ўлдирилганидан сўнг бирорта ҳам казак эшикка яқинлаша олмайди.
Шундан кейин оғилхонадан учта "3" маркали милтиқ, ов милтиғи ва тўппончалардан тўхтовсиз ўқ отилиб турди. Кундузи соат учга бориб офицер Жигулевцев ўттиз нафар казак билан шаҳардан етиб келди. Ёрдамчи кучларнинг баъзилари қўрғон атрофини ўраб олишга, баъзилари эса отишма давом этаётган қайноқ нуқтага ташланди. Келганлардан бири маҳаллий овчилардан бўлиб, шу отишма остида казак Корчагиннинг жасадини судраб олиб чиқиб кетди (бу ишни овчи капитан Олейников ёки волостной Алламуродов топшириғига кўра амалга оширади).
Бу пайтга келиб, Намоз ва унинг қаршилик кўрсатаётган 2-3 нафар йигити қолган эди, холос. Ҳукумат қўшинларидан эса етиб келган қўшимча кучлар билан биргаликда олтмиш нафардан ортиқ қуролланган аскар бор эди. Кучлар тенг эмасди.
Ҳарбий бошлиқлар кенгашиб, Намоз ва унинг йигитларини очиқ жанг билан қўлга олишнинг имкони йўқ, деган хулосага келишади. Шундан сўнг казаклар оғилхонанинг эшиги олдига сомон ташлаб, ўт қўйишни бошлади. Бир нечта казаклар томга чиқиб, томни бузишди. Мақсади томдан ичкарига ёқилган сомон ташлаш эди. Бироқ, томнинг ичидан яна казакларга қарата ўқ узиш бошланди. Казаклар дарҳол томни тарк этишга мажбур бўлди. Бу ишнинг натижасиз эканлигини кўрган Олейников яна оғилхона эшиги олдига ва ичкарига ёндирилган сомон ташлата бошлади. Намоз ва унинг йигитларини яна таслим бўлишга даъват этишди. Волостной Алламуродовнинг ташаббуси билан чақирилган бир нечта қишлоқ оқсоқоллари ҳам томга чиқиб, Намоз ва унинг йигитларига таслим бўлишни айтишди. Аммо уларнинг бу таклифларига Намоз ва унинг йигитлари кучайтирилган ўқ овозлари билан жавоб қайтаришди. Кейин оғилхона эшиги бир неча сонияга очилиб, яна ёпилди ва ичкаридан даҳшатли бақириш эшитилди. Кейинчалик маълум бўлишича, ичкаридагилар билан бирга бўлган уй эгаси Тамом Эшиев казакларга эшикни очиб бермоқчи бўлганлиги учун Намоз томонидан отиб ташланган.
Намоз ва унинг йигитлари учун ҳаёт-мамот жанги кетаётганди. Бундай пайтда оқсоқолларнинг таклифига ҳам, уй эгасининг хиёнатига ҳам муроса қилишнинг имкони йўқ эди.
Ташланган сомонлар ёниб, тутун ичкарига ургач, ичкаридан отилаётган ўқ овозлари бир муддат тўхтади. Офицер Казанцев казак Корчагиннинг ўлими ҳақида Самарқанд шаҳрига хабар юборди ва кун бўйи ҳеч нарса емаган, чарчаган казаклар ҳамда уларнинг отларини алмаштиришни бошлиқлардан сўради. Шу билан бирга, пироксилинли портлатувчи мушак-бомбалар юборишни илтимос қилди. Ёнғин бутун оғилхона ва кулбалар бўйлаб тарқалди. Отишма тунда камроқ куч билан давом этди. Эрталаб соат уч атрофида зобит Ливкин ўзи билан бомба-мушаклар ва 20 нафар казак аскарини олиб етиб келди. Эрталаб соат бешларда казаклар охирги оғилхона деворлари ортидан чиққан маҳаллий йигитни қўлга олишди. Уни зобитлар олдига олиб бориб сўроқ қилишганда, у Намознинг сафдоши Шерниёз Худойназаров эканлиги маълум бўлди. Унинг гапига қараганда кечки пайт у ташқарига чиқмоқчи бўлган (эҳтимол, у таслим бўлмоқчи бўлгандир) Шерниёз ортга қайтмагач, Намоз уни отиб, ярадор қилган. У ҳушидан кетган ва эндигина ўзига келганлигини маълум қилган. Шерниёзнинг сўзларига кўра, Намоз охирги оғилхона яқинидаги омборхона остида бўлган. Шунда Казанцев омборни портлатиб юборишга қарор қилди. Бироқ омборхонада буғдой бўлганлиги сабабли у ердан аввал буғдой ташиб чиқарилди. Сўнгра омборхона портлатиб юборилди.
Омборхона кўздан кечирилганда, Намознинг уч дона милтиғи, бир нечта тўппонча, 100 дона "3" маркали милтиқ патронлари топилди. Портлатилган омбор вайроналари қазиб кўрилганда пол остидан Корчагиннинг милтиғи, "Браунинг" милтиғи ва тўппонча, Намозга тегишли деб ҳисобланган болта топилган. Лекин вайроналар ичида Намознинг на тириги, на ўлиги топилмаган. Отишма бўлган барча жойлардан топилган ўқотар қуролларнинг барчасидан ўқ узилганлиги аниқланди. Намоз ва унинг йигитлари жами 500 га яқин ўқ узганлиги маълум бўлди…
Шундай қилиб, асирга олинганлар Очил Муллажонов, Худойберди Ўташев, Қурбонбой Отниёзов, Қаршибой Султонов, Шоамин Тўхтамишев, Авазқул Оқмирзаев, Шерниёз Худойназаров ҳамда яширинишга улгурган Намоз Пиримқуловлар қуролли қаршилик кўрсатганликда айбланиб, уларга "қоидабузарлик тўғрисида"ги низомнинг 262, 263-моддалари ва 1459-модданинг 2-қисми бўйича айблов киритилди.
Айбланувчилар ўз айбига иқрор бўлмаган. Улар 1906 йилнинг 24 декабрь куни бир-бирини ахтариб ёки тасодифан Қўшқўрғонда учрашганликларини, шунингдек, милтиқ ва тўппончалардан казакларга қарши ўқ отмаганликларини исботлашга ҳаракат қилади. Улар "фақат Намоз ва Жумандагина қурол бор эди", дея терговчиларни ишонтирмоқчи бўлади. Ваҳоланки, тўқнашув якунида топилган барча турдаги ўқотар қуроллардан кўплаб ўт очилганлиги ва бўш патронлар ҳақиқий ҳолатни кўрсатиб турарди. Бундан ташқари, 2-Урал казак полкининг казаклари Бизянов, Сидоров, Кулагин, Котелников, Харчев, Бирюков, Ураксинцев, Гамалетдинов ва приказной (буйруқбоз) Бизяновлар Қўшқўрғон воқеалари тафсилотлари ҳақида кўрсатма бериб турган эди.
Казакларга қарши ким ўқ узган, деган саволга келганда, капитан Олейников берган кўрсатмага кўра, Намоз, ўлдирилган Жуман ва Шерниёз эканлиги маълум қилинди. Аммо отишмада Намознинг ҳамма йигитлари иштирок этганлигига шубҳа йўқ. Буни турли кулбалар, оғилхона ва бошқа жойлардан тўхтовсиз отилган милтиқ ва тўппончалардан бўшаган патронлар ҳам исботлаб турарди. Отишмада қасоскорлар томонидан қанча қурол-яроғ ишлатилганлигини ҳеч ким аниқ билмайди. Чунки содир бўлган воқеадан кейин бу жойларни тинтиб чиқишда иштирок этган қишлоқ йигитлари орасида ҳам топилган қуролларни бўлаклаб, ҳар томонга улоқтирган одамлар бўлиши мумкин. Негаки, Намозга хайрихоҳ одамлар Қўшқўрғонда кам эмасди.
Бу воқеадан икки кун ўтиб, Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторининг Туркистон генерал-губернаторига юборган дастлабки телеграммасида шундай дейилади:
(Туркистон генерал губернатори девонига № 94.)
Самарқанд уездида қўлга олинган қароқчилар ишини ҳарбий судда кўриб чиқиш учун юбориш ҳақида
Телеграмма
Тошкент Генерал-губернаторига.
Тошкент. Каттақўрғондан, 305, 70, 27, 9/38, 114.
27.12.1906 й.
15/62 445. қабул қилинди.
Шу ойнинг 25-санасида Самарқанддан 15 чақирим узоқликда пайдо бўлган Намоз тўдасига қарши зобит бошчилигидаги казаклар юборилди. Тўда билан отишмада 2 нафари ўлдирилди ва 9 нафари қўлга олинди. Улар орасида оғир яраланган Шерниёз ҳам бор. Казаклардан бир киши ўлди. Қўлга тушганлар қамоқхонага занжирбанд этилди. Уларнинг орасида Намознинг ўзи йўқ. Тахминларга кўра, унинг жасади пероксилин билан портлатилган карвонсарой харобалари остида қолиб кетган. Тафсилотлар қўшимча равишда маълум қилинади.
(Ўзбекистон М.А.Ф.И-1.рўй.4.й.жилд. 1070, 2-бет).
НР 12930.=Губернатор Гескет=1
Шошилинч телеграмма
Туркистон Генерал губернатори девонига.
М.В. Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори вилоят бошқаруви.
Бўлим 1.
Стол 1.
№ 1502. 24 январь, 1907 й. Самарқанд шаҳри.
Самарқанд Округ суди прокурори ўзининг 1907 йил 20 январдаги 3 34 рақамли хати билан Намоз Пиримқулов, Шерниёз Худойназаров ва бошқаларнинг жиноий жавобгарлик иши 262, 263-бандлар ва 1459-бандининг 2-қисми билан айбланиб, прокурор назоратига олинганлигини маълум қилади.
"Менинг шу йилнинг 13 январидаги 3 903 рақамли тақдимномамга қўшимча қилиб ул Жаноби Олийларининг девонини ушбу жиноий ишни Округ ҳарбий судида кўриб чиқиш учун тегишли кўрсатмалар беришларини ва айбланувчиларни ҳарбий ҳаракатлар даври қонунларига кўра жазоланишини сўрайман.
Бош штаб генерал-губернатори, генерал-майор: Гескет.
Губернатор ёрдамчиси полковник Сусанин.
Маслаҳатчи: Й.Массон.
Иш юритувчи: Имзо.
(Ўзбекистон М.А. Ф.И.-1, рўйхат 4. йиғма жилд 1070, 10-бет)".
Қўшқўрғон воқеасидан кейин Намоз ҳақида турли хил миш-мишлар тарқалди. Туркистон генерал губернаторлигининг асосий нашри бўлган "Туркестанский ведомости" газетасининг 1907 йил 12 январь сонида шундай деб ёзади: "Намоз капитан Олейников ва унинг казаклари қуршовидан халос бўлгач, яқин қишлоқларнинг биридан тўғри келган бир отни олиб, Сирғали томонга жўнаган. Кейинчалик эса Каттақўрғон уездининг Хўжаариқ волостидан яна иккита от сотиб олган ва дўстларини тўплаб, Хатирчи томонга кетган. Ушбу қароқчининг қочиб кетганлиги ҳақида сартлар орасида турли эртакомуз гап-сўзлар тарқалган. Эмишки, хонадонлар казаклар томонидан портлатилишидан аввал Намоз ўзининг энг яхши 2 та отини руслар қўлига тушмаслиги учун ўлдирган эмиш, яна кулба эгасини казакларга эшикни очиб бермоқчи бўлганлиги учун ўлдирган экан, шунингдек, "Намоз, таслим бўл! Энди қоча олмайсан", деб бақирган казакни ҳам ўлдирган эмиш... ("Туркестанский ведомости". 1907 йил 12 январь. № 6. 37-бет)".
Шундан сўнг бинолар ичидан эски-туски кийимларни топиб, кийиб олган Намоз портлатилган оғил ва хонадонлардаги ёнғинларни ўчираётган одамлар билан аралашиб кетиб, гўёки бошлиқларнинг отларига бериш учун оғилларнинг биридан ўзини беда олиб бораётгандек кўрсатиб, жўнаб қолган эмиш.
Яна шу газета ўзининг кейинги сонларининг бирида шундай деб ёзади: "Қўшқўрғон қишлоғидаги қамалдан кейин қўрқинчли Намоз Пиримқулов негадир жим бўлиб қолди. У ҳақида авваллари деярли ҳар куни дадил қилмишлари тўғрисида эшитиб турардик. Уни қўлга тушириш ҳақидаги умидлар шубҳа остида қолмоқда. Негаки, маҳаллий аҳолининг уни тутишда ёрдам беришига ишонч йўқ. Бунга мисол қилиб ўша портлатилган уйлардаги воқеаларни айтиш ҳам мумкин. Бундан ташқари, маҳаллий халқ орасида Намоз ижобий қаҳрамон сифатида қаралмоқда. Одамлар унинг ҳаётимга хавф туғилганда, ўзини ҳайвон ёки жонивор қиёфасига айлантириб, кўздан ғойиб бўлиб қолиши ҳақидаги ғайриоддий кучга эга бўлган афсонавий шахс сифатида қарайдилар ва унинг сиёсий мавқеини андижонлик эшонга қиёслайдилар", деб ёзади. "Туркестанский ведомости" газетаси давом этиб, "Бу сўзларнинг тўғри ёки нотўғри эканлигини аниқламоқчи эмасмиз, балки энг чекка қишлоқларда ҳам гапирилаётган миш-мишларни айтмоқдамиз, холос".
"Туркестанский ведомости" газетаси Қўшқўрғон отишмаси тўғрисида ёзган хабарларининг якунида шундай маълумотларни беради: "... Маҳаллий халқ тинмай Намоз ҳақида гапирмоқда. Барча чойхоналарда у ҳақида афсоналар тарқалган. Одамларнинг фикрича, у афсунгар эмиш. У ҳақдаги сўнгги ҳикоялар қуйидагичадир: "Казаклар қуршовга олгач, Намоз оғир аҳволда қолган. Қуршов ҳалқаси тобора қисқариб борган. Қийин аҳволда қолган сафдошлари ҳам бирин-кетин асирга тушган. Намоз оёғидан яраланган эди. Кулбада фақат икки киши қолган эди. Уларни тўсиб турган охирги кулба деворлари ҳам портлатилавергач, Намознинг ўртоғи таслим бўлишни таклиф қилган. Бунга жавобан Намоз ўртоғини отиб ташлаган (бу Шерниёз Худойназаров эди). Шундан кейин Намоз хонадан турли жанда-жунда кийимларни топиб кийиб олади ва мункайиб қолган чол қиёфасида бир қучоқ бедани қўлтиқлаб олиб казакларнинг отлари томон бораверади. Тез орада "қария" казакларнинг эътиборига тушган. Улар "қишлоқ одамларини Намоздан қутқараётганлигимиз учун миннатдорчилик сифатида отларимизни боқмоқда", деган фикрга келишган. Чол эса отларга емиш ташлаб-ташлаб, секин кўздан ғойиб бўлган. Оғиллар портлатилиб бўлингач, Намоз вайроналар остида қолиб ҳалок бўлди, деган фикрга келинган. Бироқ вайроналар остида Намознинг на тириги, на ўлиги топилмаган" ("Туркестанский ведомости" газетаси. 1907 йил 2 февраль, № 18. 115-бет).
Аллоҳга таваккал қилиб, бундай қалтис вазиятдан усталик билан соғ-омон қутулиб чиққан Намоз қўшни Жарқишлоқ - ўзининг жонажон қишлоғи томон шошар эди. Жарқишлоққача бўлган масофа бир километр чамаси бўлиб, у ерга етиб олса, от уловсиз қолмаслиги аниқ эди. Қўшқўрғондан чиқиб, Жарқишлоқ томон озроқ юрилса, катта қабристон бор. Жарқишлоққа олиб борадиган асосий йўл ҳам, ариқ ҳам шу қабристоннинг четидан ўтган бўлиб, йўлнинг ҳар иккала томони қалин ёввойи дов-дарахтлар билан қопланган ва у ердан унча-бунча одам ҳатто кундуз куни ўтишга сесканарди (1984 йилда йўл ва ариқ бошқа жойдан ўтказилди - И.Ў).
Намоз йўл четидаги ариқ ичидан шитоб билан бораркан, Жарқишлоқ томондан от чоптириб келаётган икки отлиққа дуч келади. Намоз чаққонлик билан уларнинг қаршисига чиқиб, отлиқларнинг бирини тўхтатиб қолишга улгурди. Отнинг жиловини маҳкам тутиб олган Намоз йигитдан отини беришини сўради. Дастлаб жулдур кийимдаги одамнинг қабристон ичидан отилиб чиқиб, пайдо бўлиши отлиқларнинг ўтакасини ёради. Тонг қоронғусида Намозни танимаган ҳамқишлоқлари унга рад жавобини беради. Шунда Намоз бир ҳамла билан йигитни ерга ағдаради ва бир сакраб отга минади-да, воқеа жойидан ғойиб бўлади…
Бир отини Намозга олдирган икки ҳамқишлоқ шалвираб портлатишлар бўлаётган жойга етиб келди ва Намознинг аллақачон жўнаб қолганлиги ҳақидаги хабарни етказди. Бироқ, саксондан ортиқ қуролланган ҳарбийлар ҳалқа қилиб ўраб турган жойдан бир кишининг ҳаммани доғда қолдириб чиқиб кетишини тасаввурига ҳам сиғдира олмаган маъмурлар, ҳарбий бошлиқлар бу гапга ишонмайди. Чунки улар Намозни портлатилаётган бомба-мушаклар туфайли вайрон бўлган деворлар остида қолиб ҳалок бўлди, деган тасаввурда эди. Қолаверса, бир суткалик отишма, совуқ ва очликдан силласи қуриган амалдору казак аскарлари ҳам бу томошани тезроқ якунлаб, иссиқ жойларига қайтишни сабрсизлик билан кутаётган эди.
Қўшқўрғон қишлоғида бўлиб ўтган бу тўқнашув Туркистон ўлкасининг "Туркистон вилоятининг газетаси, (1907 йил 6 январь. № 2. 2-бет), "Русский Туркестан" каби марказий газеталарида ва маҳаллий газеталарда тўлиқ ёритилди. Ўша йилларда Туркистонда яшовчи рус ва рус тилида сўзлашувчи аҳоли орасида ҳам Намозга хайрихоҳ одамлар кўп эди. Улар Намознинг бир-биридан қизиқарли жасурона саргузаштлари ҳақидаги хабарларни ўқиш учун кундалик газеталарни сабрсизлик билан кутар эдилар. Энди Намоз ҳақида Туркистон ўлкасининг ҳамма жойида гапиришар, ҳатто "Туркестанский ведомости" газетасининг юқорида берган маълумотига кўра, одамлар чойхоналар, бозорлар, кўча-кўй, тўй-маърака-ю, барча йиғинларда Намознинг саргузаштлари ҳақида гапирарди. Ҳа, Намоз ўзи билган-билмаган ҳолда ХХ аср бошларида Туркистондаги энг машҳур шахсга айланиб улгурган эди. Бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат.
Дарҳақиқат, Нурмон шоир Абдувой ўғли ўзининг "Намоз" достонида айтганидек:
Самарқанд шаҳрида даврон сурганди,
Олдига солганди ўттиз мерганди.
Хуфтон бўла бузди Каттақўрғонди,
Ҳеч кўрмадик Намоздайин султонди.
(Ўзбек поэзиясининг антологияси, Нурмон Абдувой ўғлининг "Намоз" достони. 216-бет, Ўздавнашр. Тошкент – 1948 йил).
Самарқанд уезди бошлиғи ёрдамчиси, подполковник Соколский ўзининг 1907 йил 10 январдаги маърузасида шундай дейди: "Ҳозирги вақтда Қўшқўрғондаги казаклар ўраб турган қуршовдан омади келиб қутулиб чиқиб кетган Намоз қишлоқ аҳолиси кўз ўнгида деярли афсонавий шахсга айланиб кетган. Шарқ халқлари фантазиясига хос унинг ғайриинсоний ҳолатларини, яъни ҳаётига нисбатан бирор хавф-хатар туғилганда, ўзини ҳайвон ёки жониворга айлантира олиш қобилиятига эга эканлиги ҳақида гапирмоқдалар. Шубҳасиз, бундай қарашлар шусиз ҳам уни излаб топишда бош қўшаётган кам сонли маҳаллий аҳоли сонининг янада камайиб кетишига олиб келмоқда. Шунинг учун Намоз ўзига янги гуруҳ (шайка) тузиб олишга эришса, уларни яхши қуроллантириб олса, уни излаб топиш ва тутиш ҳозиргидан ҳам қийинроқ бўлади... Наҳотки, - дейди у ўз нутқида давом этиб, - қачонлардир, қачонлардан кўра ҳозирги вақтдаёқ унга нисбатан маҳаллийлар кўз ўнгида ошиб бораётган жозибадорликни жиловлаш вақти келмади" (Ф.И.-18 рўйхат № 1. йиғма жилд 14846. 53-бет).
Қўшқўрғон қишлоғидаги тўқнашув юзасидан суд ҳукми 1907 йил 10-11 март кунлари Самарқанд шаҳрида, генерал-маёр Соколов раислигида ўтган муваққат ҳарбий суд очиқ мажлиси эълон қилинди.
"1907 йил 10 ва 11 март кунлари Самарқанд шаҳрида генерал-маёр Соколов раислигида ўтган муваққат ҳарбий суд очиқ мажлисида иштирок этдилар:
Ҳарбий прокурор ёрдамчиси подполковник Закомелский ва Губерна котиби Соколов ҳамда етти кишидан иборат судланувчилар иштирок этишди. Судланувчи шахсларга суд мажлиси, қарори ва ҳукм тўғрисида қачон, қай тартибда қандай шикоят қилиш тушунтирилган. Судланувчиларнинг иш ҳужжатлари маҳаллий ҳарбий бошлиқларда қолдирилган бўлса-да, кассатсия муддати давомида шикоят қилмадилар.
Ҳарбий судя генерал-маёр имзо чекди:
Муваққат аъзолар:
Туркистон ўқчи баталонлари:
Подполковниклар 3-Гинглят, 6-Бялковский ва Галашевский ва 3-Зирабулоқ захира баталони подполковник Молченко, Губерна котиби Соколов иштирокида маҳаллийлар иши бўйича эшитилди" (Ф.И.-130. рўйхат 1. йиғма жилд 3781. 1, 2,3, 4, 5-бетлар).
"Туркистон ўлкаси бўйича буйруқ № 35.
4 феврал, 1907 йил. Тошкент шаҳри.
...Туркистон округ ҳарбий судига ўзбеклар: 1) Очил Муллажонов (Жонузоқов) 33 ёш. 2). Худойберди Ўташев 21 ёш; 3) Қурбонбой Отниёзов 19 ёш; 4) Қаршибой Султонов 28 ёш; 5) Шоамин Тўхтамишев 25 ёш; 6) Авазқўр Оқмирзаев 28 ёш; 7) Шерниёз Худойназаров 25 ёш.
Улар 1906 йил 25 декабрда ўқотар қуроллари билан қуролланиб, Намоз Пиримқулов ва тергов давомида топилмаган бошқа шахслар билан биргаликда қароқчилар тўдаси тузганликда айбланиб, қидирилаётганлигини билган ҳолда, Қўшқўрғон қишлоғига Даҳбед пристави казаклар билан яқинлашганда, қуролларидан ўқ отиб қарши олишди ва кейин яшириниб олиб, казаклар билан отишмага киришди. Намозни қамоққа олишга қуролли қашилик кўрсатишди. Отишма чоғида бир нафар казак Корчагинни ўлдиришди. Қарийб бир сутка давом этган отишма давомида Намозни қочириб юборишни уддалашди, ўзлари эса қўлга олинди.
Ушбу жиноят Жиноят кодексининг 262, 263 ва 1459-модданинг 2-қисми билан жазоланиш кўзда тутилган.
Аслини имзолади: Инфантерия генерали Гродеков.
Аслига тўғри: иш юритувчи. Имзо.
(Ўзбекистон Миллий Архиви фонди И-1 рўйхат 4. йиғма жилд 1070. 21-бет.)
Туркистон генерал-губернаторлигининг кейинги чиқарган яна бир буйруғига юқоридаги № 35-буйруғидаги сўзлар қайта такрорлангани ҳолда қуйидагилар баён этилади:
"Туркистон ўлкаси бўйича буйруқ №89.
16 март 1907 йил. Тошкент шаҳри.
...Қарийб бир сутка давом этган отишмада Намознинг қочишига ёрдам беришди, ўзлари эса қўлга олинди". дейилади. Буйруқнинг давомида: "Ҳарбий суд 1907 йил 11 мартдаги муҳокамалардан сўнг қарор қилди: Судланувчилар Очил Муллажонов, Худойберди Ўташев, Қурбонбой Отниёзов, Қаршибой Султонов, Шоамин Тўхтамишев, Авазқўр Оқмирзаев ва Шерниёз Худойназаровларни казакнинг ўлимига олиб келган ҳокимиятга қуролли қаршилик кўрсатишда айбдор деб ҳисобланиб, барчаларини ҳуқуқ ва мол-мулкларидан маҳрум этиш ва ҳар бирини осиш орқали ўлим жазосига ҳукм этиш белгиланди.
Чиқарилган ҳукм ва ҳарбий суднинг алоҳида қарорини инобатга олиб, номлари кўрсатилган судланувчиларнинг ҳар қандай маданиятдан йироқлиги ва ярим ёввойи эканликлари (?!), содир этган жиноятларнинг қай даражада оғир эканлигини тушунмаганликлари, Намоз тўдасига онгли равишда кирмаганликлари, ҳеч бири жиноятга бошловчи ёки етакчи бўлмаганликлари ва умуман бош айбдор эмасликлари, барча жиноятлар ташаббускори Намоз эканлиги, муҳими, судланувчилар ушбу вазиятда қўрқув ва Намознинг босими остида бўлгани, уларнинг Намоз иродасига қарши бориши ёки хиёнати ўлим билан тугаши, худди Туман Эшиевнинг казакларга таслим бўлиши каби хавфли эди.
Мен, давлат тартибларини ҳимоя қилиш, жамоат осойишталигини асраш тўғрисидаги чора-тадбирлар Низомининг 19-банди ва ҳарбий суд Низомининг 1401-моддасига асосан судланувчиларга тайинланган ўлим жазосини умрбод каторга ишларига сургун билан алмаштираман.
Имзо чекдилар: Генерал-губернатор генерали Гродеков.
Иш юритувчининг кичик ёрдамчиси. Имзо.
(Ўзбекистон Миллий Архиви Ф.И.-1. рўйхат 4. йиғма жилд 1070. 32-бет).
Эътибор қилган бўлсангиз, Туркистон генерал-губернаторлигининг ҳар иккала буйруғида ҳам "...қарийб бир сутка давом этган отишмада Намознинг қочишига ёрдам беришди, ўзлари эса қўлга олинди", деб Намознинг йигитлари ҳақида айтилмоқда. Аслида ундай эмас. Намознинг йигитлари бирин-кетин асирга олинди. Охирида Шерниёз ҳам асир тушди. Шундан кейингина Намоз ғоят усталик билан конспиратсиянинг шундай бир усулини қўлладики, жулдур кийимда бир қучоқ бедани қучган ҳолда уни қуршаб турган 80 нафардан ортиқ ҳарбий ва маъмурлар орасидан, Аллоҳга таваккал қилиб, қуршовдан чиқиб кетди. Уни таниган ва танимаган шунча одамнинг бирортаси бу мункайган чолнинг Намоз эканлигини ҳатто хаёлларига ҳам келтирмади.
Бундан ташқари, Туркистон ўлкаси бўйича чиқарилган мазкур буйруқдаги генерал-губернаторнинг "...Судланувчиларнинг ҳар қандай маданиятдан йироқлиги ва ярим ёввойи эканликлари...", деган ҳақоратомуз сўзлари бизнинг ҳозиргача сақланиб келинаётган юксак қадриятларимиз, динимиз ва маданиятимизни бутун бир мустамлакачилик даврида англаб етмаган шовинистларни бундан кейин ҳам англаб етиш маданиятидан узоқ, деб айтиш мумкин.
Ўктам ИКРОМОВ,
тадқиқотчи, тарихчи.