Намоз ботир. У ким, қачон ва қаерда туғилган?
1904-1907 йилларда Туркистондаги мустамлака зулмига қарши кураш олиб борган қасоскор Намоз ботир ҳаракати ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдиргани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Хўш, Намоз Пиримқул ўғли ким ва қаерда туғилган? Ушбу саволга жавоб топиш учун “Ўзбек совет энциклопедияси”нинг 7-томини варақлайман (Ўзбекистон ФА академиги Мўминов И.М. таҳрири остида. Тошкент, 1976 йил, 539-бет):
“Намоз Пиримқул ўғли 1865-1907 йиллар. 1905-1907 йиллардаги рус буржуа-демократик революцияси даврида Самарқанд атрофидаги қишлоқларда кўтарилган халқ ҳаракати йўлбошчиси (қачон, қаерда туғилганлиги айтилмаган)...”.
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” саҳифаларида (Давлат илмий нашриёти. Тошкент-2003 йил, 262-бет. (Тахминан 1877 йил Каттақўрғон, Ўтарчи қишлоғи - 1907 йил) ёзилишича, “Самарқандда миллий зулм ва ҳақсизликка қарши кўтарилган оммавий халқ ҳаракати бошлиғи... Намоз Пиримқул ўғлининг қилган ишлари халқ ўртасида достон бўлиб кетган. Халқ бахшиси Нурмон Абдувой ўғли “Намоз” достонини яратган” (тарихчи Наим Норқулов).
“Ўзбекистон халқлари тарихи” дарслигига (Ўзбекистон Фанлар академиясининг “Фан” нашриёти, Тошкент-1993-йил, 194-бет) кўра, “Намоз Пиримқул ўғли аслида Каттақўрғоннинг Эшон (баъзи манбаларда Ўтарчи) қишлоғидан бўлиб, тергов ҳужжатларига қараганда, 1877 йилда туғилган. Ота-онаси чақалоқлигидаёқ вафот этиб, 7-8 ёшларгача амакисиникида яшайди...”.
Тарихчи олимлар Наим Норқулов ва Ҳамдам Содиқов “Гулистон” журналининг 1972 йил 5-сонидаги “Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда...” мақоласида “Намоз Пиримқул ўғли Каттақўрғоннинг Ўтарчи қишлоғидан бўлиб, 1877 йилда туғилган. Болалигидаёқ етим қолиб, аввал амакисиникида яшайди, сўнг қаровсиз болалар билан топишиб, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида дарбадар юради”, деб ёзади.
Яна Наим Норқулов ва ёзувчи Самариддин Сирожиддиновнинг 1972 йил “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида берилган “Намоз ким эди?” сарлавҳали мақоласида “Намоз асли каттақўрғонлик, 1865 йилда Эшон қишлоқда туғилган”, дейилади. Журналист Марди Нуриддиновнинг “Қиндан чиққан қилич” қиссасида (“Ленин йўли” газетаси, 1979 йил 10-30 апрель сонларида) “Намоз асли Каттақўрғондаги Эшон қишлоқда туғилган. Ҳали бешикдалигида онаси қазо қилган. Отаси тақдир тақозоси билан Даҳбед волостининг Қўшмачит қишлоғига келиб қолганди...”, дейилади.
Нуробод тумани Жом қишлоғилик тарихчи Одил Ҳусанов “Эрк учун қиндан чиққан қилич” мақоласида (“Зарафшон” газетаси, 2006 йил, 18 июль) Намозни Жомда туғилган, деб ёзади.
Мана, халқ қаҳрамони Намознинг қаерда ва қачон туғилганлиги билан боғлиқ турфа қарашлар. Камина ҳам 1979 йил Самарқанд давлат университетининг тарих факультетини битириш арафасида ёзган диплом ишимда 1970 йиллар газета ва журналларда босилган юқорида кўрсатиб ўтилган манбаларга таяниб, Намоз Каттақўрғон уездининг Митан волостига қарашли Ўтарчи қишлоғида туғилган, деб ёзганман. Шундан буён орадан қарийб 45 йил ўтди.
Гарчанд, шу йиллар давомида Намоз ботир хотирасини абадийлаштириш ва ҳаракатининг 100 йиллигига бағишлаб илмий конференция ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш учун ёзувчилар, тарихчи олимлар билан кўп маротаба учрашган, Ўзбекистон Фанлар академиясига қатнаган бўлсам-да, айтарли натижага эришмадим.
Шу вақт мобайнида Намоз Пиримқул ўғли ҳаракати тўғрисидаги манбаларни янада кўпроқ тўплаш, танқидий ўрганиш, мукаммалроқ илмий китоб яратиш орзуси менга тинчлик берган эмас. 2021 йил январь ойидан буён Ўзбекистон Миллий архиви ва Алишер Навоий номли Миллий кутубхонада ўтириб, манбаларни янада чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиляпман. Қолаверса, Намоз ботир ва опаси Улуғой Пиримқул қизи (энамнинг катта онаси, бувиси) руҳлари мендан шуни кутмоқда, деб ўйлайман.
Бу борада ўзининг беғараз ёрдами ва маслаҳатларини аямаган тарих фанлари доктори Қаҳрамон Ражабов ва Ҳамдам Содиқовларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Халқимизда “Кези келса, фақат қоғоз гапиради”, деган ажойиб бир ибора бор. Энди архив ҳужжатлари билан тиллашадиган бўлсак, дастлабки тергов маълумотларига кўра, 1904 йилда Намоз Пиримқуловнинг ёши 32 да бўлган (бундан чиқди, 1872-1873 йилларда туғилган).
“...туғилган жойи: Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчаси (ҳозирги Сурхондарё вилояти);
- доимий яшаш жойи: Жар қишлоқ, Самарқанд уезд, Даҳбед волости;
- лавозими: йўқ;
- миллати ва уруғи: ўзбек, қўнғирот;
- оилавийлиги: уйланган, боласи йўқ;
- машғулоти ва ҳунари: ўғрилик (ўша даврда мустамлакачи ҳукмронлар ва бой амалдорлар Намозни ўғри, қароқчи деб аташган);
- мулки борми: Жар қишлоқда ўттиз таноб ери ва ҳовлиси бор;
- илгари ҳам судланганми: 1902 йил Сиёб мировой суди қарори билан тўққиз ойга қамалган;
- кўриниши: ўрта бўйли, қорасоқол” каби маълумотлар келтирилган (Ўзбекистон Миллий архиви Ф.И-130. Рўйхат -1, йиғма жилд 2894, XI том, 5-бет).
Бундан ташқари, Самарқанд уезди 2-участка мировой суди томонидан Даҳбед пристави номига 1905 йил 31 мартда юборилган 918-сонли (11-сонли дело юзасидан) махсус хатда Даҳбед волостининг Жар қишлоғида яшовчи 1630- ва 1632-моддалар бўйича айбланаётган Намоз Пиримқулов ҳақида шошилинч маълумот юборишни сўрайди. Бу расмий хатга жавобан юборилган маълумотномада “Намоз Пиримқулов, 32 ёш, туғилган жойи Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчаси” (Ўзбекистон Миллий архиви Ф.И-130. Рўйхат-1. Йиғма жилд 2931, ВИ-том, 65-бет) эканлиги кўрсатилган.
Учинчи бир расмий ҳужжатда ҳам Намознинг Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчасида туғилганлиги, 5 ёшида Даҳбед волостига келганлиги, хотини ва уй-жойи борлиги (ўша жойда Ф. И-130. Йиғма жилд 2964. 8-том, 82-бет) кўрсатиб ўтилади.
Архив ҳужжатларига кўра, Намоз 1872-1873 йиллар Бухоро амирлигининг Бойсун шаҳарчасида туғилган бўлиб чиқмоқда. Энди уларни қандай қилиб ўша даврдаги Самарқанд уезд Даҳбед волости яқинидаги Жар қишлоғига келиб қолганлиги ҳақида фикрлашсак.
Оила бошига кулфат тушиб, ота-онасидан барвақт ажралган Улуғой, Намоз ва ҳозирча исми аниқланмаган яна бир синглиси уларнинг яқин қариндошлари томонидан Жар қишлоққа кўчириб келтирилган. Намознинг бу қишлоқда аввалдан яшаб келаётган бир қанча қариндош-уруғлари бўлган, деб бемалол айтишимиз мумкин. Чунки архив ҳужжатларида Намознинг яқин қариндошларига уйланган бир нечта фуқароларнинг номларига дуч келамиз. Жумладан, “Холбек Хўжаёров - 38 ёш. Даҳбед волостининг Жар қишлоғида яшайди. Дини мусулмон. Намознинг поччаси. Пиримқул қизи Улуғойга уйланган” (ўша жойда йиғма жилд 2931, 120-бет).
Самарқанд округ судининг Каттақўрғонда бўлиб ўтган терговида Намознинг хизматкори Ҳамроқул Дўстбобоев берган кўрсатмада “Эгамбердиев Райимберди – Жар қишлоқдан, 19-20 ёш, ўрта бўйли, қоши қалин, кўзи қора, соқоли йўқ. Намознинг куёви”, деган маълумотларни беради (ўша жойда йиғма жилд 2963, 28-бет). Бу одам ҳақидаги маълумотлар архив ҳужжатларининг бошқа саҳифаларида ҳам бўлиб, куёви эканлиги таъкидланади.
1905 йил 29 сентябрь куни Намознинг ўртоқлари билан ўз уйига келмоқчи бўлганлиги ҳақида миш-миш чиқади. Бу хабарни эшитган Даҳбед волости бошқарувчиси Мирза Ҳамид Ҳусаинбоев, Жар қишлоқ жамияти оқсоқоли Мирзамуҳаммадқул Нуриллаев, элликбоши Абдувоҳид Абдусаматов, шунингдек, 2 нафар казак аскари, оқсоқолнинг йигитлари Султонбек Ёвқочдиев ва Аваз Абдурашидов, жами 6 киши кечаси соат 5 да Намознинг уйини босадилар. Бу ерда қўлга олинганлардан бири “Бошмон Авазмуродов бўлиб, Бухоро амирлигининг Қарши шаҳридаги Жумабозор қишлоғидан эканлиги, Намоз билан 6 йилдан буён танишлиги, унинг қариндошига уйлангани, ҳозир эса Намознинг уйидаги қурилишга ёрдам бераётганлиги”ни айтади (ўша жойда йиғма жилд 2931. 64-бет).
1979 йил диплом иши ёзиш давомида жарқишлоқлик Ражаб ота Нормуродов (1895-1979 йиллар.) ва қўшни қўшқўрғонлик Санақул ота Худойдодовлар (1896-1984 йиллар.) билан кўп суҳбатлашганман. Айниқса, Ражаб ота Нормуродовнинг Намозни бир неча маротаба кўргани, опаси Улуғой ва бошқа қариндош-уруғларини билганлиги, опасининг уйига тошкентлик ёзувчилар келганлигини (1927-1928 йилларда Абдулла Қодирий ва Чўлпон келган. Улуғой катта онамизни Самарқанд шаҳрига фойтун аравада олиб кетиб, бирга расмга тушган) айтиб берган. Бундан ташқари, Нурмон шоирнинг Жар қишлоққа келиб, чойхонада дўмбира чертиб, “Намоз” достонини куйлагани ва ниҳоят Намознинг Галабек деган жойда ўлдирилганлиги каби маълумотлар ҳозирда архив манбаларига мослиги билан ҳам янада қимматли.
Қарияларнинг айтишича, Намоз жарқишлоқлик Жавлонқул деган кишининг Тиниқ исмли қизига уйланган. Бироқ улар ўртасида фарзанд туғилмаган.
Намоз ҳақида фильм ишлаш учун 1958 йилда Жар қишлоққа бир гуруҳ киночилар келишади. Кинорежиссёр татар киши бўлган ва Абдулла Қодирий билан Улуғой катта онамиз бирга тушган ва энам узоқ йиллар сақлаб келган сўнгги нусха расмни қайтариб бериш шарти билан олади. Бироқ на кино ишлаб якунига етказилади, на расм қайтарилади. 1990 йил Абдулла Қодирийнинг уй-музейи ташкил этилиши муносабати билан бизникига тойлоқлик шоир Жамол Сирожиддин билан Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий келишди. Уй-музейга қўйиш режалаштирилган ўша ноёб расмни топиб беролмаганимиздан анча хижолат бўлдик.
“Ўзбекистон халқлари тарихи” дарслигида берилган маълумотлар ва тарихчи олимларимиз Н.Норқулов ва Ҳ.Содиқов, шунингдек, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида мен суҳбатлашган нуроний отахонларнинг гапларига қараганда, Намоз ва унинг опа-синглисини Жар қишлоққа кўчириб олиб келган яқин кишиси унинг амакиси бўлган. Улар шу хонадонда ўсиб, вояга етган. Акасининг учта етим фарзандини ўз бағрига олиб, уларга оталик қилган амакиси Жар қишлоқлик бўлган экан, шу қишлоқда шунча қариндош-уруғи ва укаси бўлган Намознинг отаси жарқишлоқлик бўлиши мумкинми?
Дарҳақиқат, шундай бўлганлиги учун ҳам бу ерда муқим яшаб келаётган яқин кишилари уларни олиб келди ва ўз қарамоғига олди. Мантиқан фикрлаган ҳар қандай киши бу гапларга эътироз билдирмаслиги турган гап. Намознинг отаси қандай қилиб Бойсун шаҳарчасига бориб қолган, ўша ердан уйланганми ёки бошқа сабабми, буёғи бизга қоронғу.
Намоз билан шахсан таниш бўлган Каттақўрғон уездининг Энамяхши қишлоғилик Нурмон шоир Абдувой ўғли ўзининг “Намоз” достонида шундай дейди:
Намозбек дейдилар асли отини,
Даҳбед дейди ўсган вилоятини.
Бир фасил қилайин таърифотини,
Газет билан эшитиб эди Николай,
Зор йиғлади ўрдадаги хотини (Ўзбек поэзиясининг антологияси. Нурмон Абдувой ўғлининг “Намоз” достони. Ўз.Дав.нашр. Тошкент-1948-йил, 215-бет).
Академик Ботурхон Валихўжаев “Мирзо Қўқонбой ким бўлган?” мақоласида ёзувчи Мирзо Қўқонбойнинг Даҳбед волости қозихонасида Намоз билан учрашгани ва у ҳақида яхши таассуротда бўлганлиги ҳақида ёзади (“Зарафшон” газетаси 2004-й. 12 август).
Журналист ва тарихчи олим Ҳ.Содиқов “Общественные науки в Узбекистане” журналининг 1978 йил 4-сонидаги илмий мақоласида “Намознинг доимий яшаш жойи Жар қишлоқда, уй-жойи, оиласи бор” (Ҳ.Содиқов, “Общественные науки в Узбекистане” жур. № 4-сон, 1978 йил 54, 58-бетлар)лиги ҳақидаги ўзининг холисона фикрини билдиради.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Намоз ботир ҳақида қачон ва қаерда гап кетса, яшаган жой Даҳбед волости, қишлоғи эса Жар қишлоқ эканлиги айтилади. Бу икки ном атамаси Намоз ботир номи билан чамбарчас боғлиқ. Тарихда Даҳбед, Даҳбет, Довут ва Доғбет каби номлар билан аталиб келинган бу табаррук заминда ислом оламидаги уч буюк аъзамнинг бири Махдуми Аъзам мангу қўним топган. Сал наридаги тарихий Жар қишлоқда миллат шаъни ва қадри учун қўлига қурол олиб, мустамлака сиёсати ва Туркистон генерал-губернаторини зир титратган ҳамда ўтган аср бошларидаги энг машҳур шахсга айланган Намоз ботир яшаган.
Ўктам Икромов,
тадқиқотчи тарихчи.