Самарқанд маданий ҳаётидаги унутилмас бир ҳафта

Ёхуд спектаклга чипта олиш учун касбимдан фойдаланганим ҳақида
Машҳур диалог
“- Мени кўпроқ мана бу савол безовта қилади, магарки, Худо мавжуд бўлмаса, инсон ҳаётини ва умуман бу Борлиқни ким бошқаради?
- Ие, табиийки, инсоннинг ўзи бошқаради!
- Айбдорман, айбдорман...
- Фақат қизиқ, ҳатто эртанги кунига кафолат бера олмаган одам қандай қилиб ҳаётини бошқариши мумкин? Дейлик, бир инсон эрта-индин Кисловодскка отланса-ю, аммо оёғи трамвай рельсларида тойиниб, бошидан жудо бўлса... Буни ҳам ўзи бошқарган бўладими?
- Сиз... мени... Кисловодскка отланганимни қаердан билдингиз?
- Бу ҳали ҳаммаси эмас... Масалан, бугун кечқурун нима иш қилишингизни биласизми?
- Ҳар ҳолда кечқурун нима билан машғул бўлишим ҳар қачонгидан кўра аниқ ва тиниқ. Агар Бронскийда бирон ғишт-пишт кўчиб....
- Ғиштни қўя туринг, у сизга хавф туғдирмайди. Сиз бошқача ўлим топасиз.
- Балки айтиб берарсиз?
- Меркурий кўчасида, трамвай йўлида бошингиз танасидан жудо бўлади.
- Ким буни амалга оширади, душманларимми? Интервентларми ёки?!
- Рус аёли, комсомол қиз...
- Мени кечирингу, бу эҳтимоли жуда кам бўлган вариант. Тўғри, ўлим ҳақ....
- Ўлим ҳақ, аммо бу фожианинг ҳаммаси эмас, ёмони шундаки, баъзида у тўсатдан ташриф буюради. Майли, келинг, саволни сал бошқачароқ қўямиз. Хўш, бугун кечқурун айнан нима билан машғул бўлмоқчисиз?
- О, бу жуда аниқ: кечки соат ўнда МОССОЛИТнинг кенгаши бўлиши керак ва мен унда иштирок этаман.
- Афсуски, бунинг умуман иложи йўқ.
- Нега энди?
- Чунки Аннушка кунгабоқар ёғи сотиб олди ва аллақачон йўлга чиқди ва ҳатто уни тўкиб юборишга ҳам улгурди. Демакки, йиғилиш ўтказилмайди.
- Кунгабоқар ёғининг нима дахли бор? Аннушкангиз ким ўзи?
- Гап умуман бошқа жойда шекилли... – гапга қўшилади Берлиоз. – Айтингчи, ўртоқ гражданин, сиз ҳеч жиннихонада бўлганмисиз?
- Албатта бўлганман!
- Мана айтдимку! – кўнглидагиларни овоз чиқариб айтиб юборади Берлиоз.
- Эҳ-ҳе, шу пайтгача қаерларда бўлмадим. Дарвоқе, яқинда сиз ҳам у жойнинг нима эканлигини билиб оласиз....”.
Кишини бир ўқишдаёқ қизиқтириб қўядиган ушбу диалог қайси асарда келганини зукко ўқувчи аллақачон англагандир.
Воланднинг Берлиоз ва шоир Бездомний билан ушбу диалогидан сўнг асар воқеалари тизгинсиз жонланиб кетади. Воқеалар ривожи тезлашиб, жамиятдаги бор чиркинликлар, баъзида оддий, кези келганда фантастик кўринишларда намоён бўлади.
М.Булгаковнинг машҳур “Уста ва Маргарита” асарининг кино шаклида томошабинга тақдим этилганига кўп бўлди. Атеистлик мажбурланган худосизлик жамияти қандай аҳволга келганини шу давр ва замонда тасвирлаш, уни асар ҳолида чоп эттириш учун камида қаҳрамон бўлиши керак ёзувчи. Самарқандлик томошабинлар эса яқинда мана шу асарнинг театрда саҳналаштирилган кўринишини томоша қилишга муваффақ бўлишди. Россиянинг Приморск ўлкаси М.Горький номидаги академик драма театр жамоаси томонидан намойиш этилган спектакллар ичида “Уста ва Маргарита” ҳам бор эди.
“Чипта йўқ!”
Тўғриси, спектакль учун олдиндан чипта олиб қўйишни хаёлимга келтирмадим, фақат бир неча каналлар орқали реклама қилинган спектакллар орасида ўзим кутган асар қўйиладиган санани эслаб қолдим, холос (бу катта хатоим бўлган экан.) Белгиланган куни ярим соат аввал вилоят мусиқали драма театрининг “Касса” деб ёзиб қўйилган даричаси томон бордим. У ердан “Билет йўқ экан” дея ҳафсаласиз қайтаётган одамларга ҳам эътибор бермадим. Гўё мен учун топилиб қоладигандай. Аммо чипта йўқ эди! Спектакл намойишидан 3-4 кун аввал сотиб бўлинган экан! Тўғриси, бундай имкониятни қўлдан бой бергим йўқ, аммо нима қилиш мумкин?! Ҳеч қачон ўз манфаатим учун касбимдан фойдаланмаганман, наҳотки энди театрга кириш учун шу принципимга қарши йўл тутсам... Шундай қилишга мажбур бўлдим! Бир-икки қўнғироқлардан сўнг, залнинг энг охирги қаторларидан бири ёнидаги йўлакка ўриндиқ келтириб қўйишди, шунга ҳам хурсанд эдим.
Бу орада спектаклга одамларнинг жуда чиройли кўринишда, гуллар билан келаётганини ҳам кўздан қочирмадим. Зал тўла эди, ҳатто юқорида айвонда ҳам жой йўқ.
Асарни ўқиганлар яхши билади, ундаги фантастик лавҳалар асарга сирлилик ва мубҳамлик бахш этиши баробарида, баъзи бир кўринишлар воқеаларни янада очиб беришга хизмат қилади. Кинодаку уларни намойиш этиш мумкин, аммо театрда бу саҳналар қандай амалга оширилар экан, дея ўйлай бошладим. Замонавий махсус воситалар, саҳна кўринишлари, мосламалар, актёрларнинг кийиниши – гўёки улар китобдан чиқиб келгандай эди. Икки ярим соат давом этган спектаклни томошабинлар қилт этмай томоша қилишди. Кўпчилик театрда телефонда гаплашиш, тановуллардан зорланиб гапиради. Ушбу асар намойиши давомида кузатилмади. Томошабин спектаклга шунчалик сингиб кетгандики, гўё воқеалар бундай ҳолатлар ичида яшагандай ҳис қилди ўзини. Дарвоқе, актёрларнинг гоҳ залнинг у ёки бу эшигидан чиқиб рол ўйнагани, баъзи жойларда тўғридан-тўғри ўриндиқлар ёнида диалогларга киришгани – уларнинг ҳам томошабинлар билан ҳамнафас бирга эканлигини намоён этди.
“Самарқандликлардай мухлис кам”
Спектакл сўнгида томошабинлар нақ 15 дақиқа тик туриб актёрларни олқишлади. Ростдан ҳам ижро бунга арзир эди. Кейин билсам, россиялик актёрларнинг Самарқанддаги бир ҳафталик гастроли давомида ҳар бир спектакль намойишида театр томошабинлар билан тўлган экан.
Гастрол якунида икки театр раҳбарияти томонидан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди.
- Самарқандда бизни қандай кутиб олишгани бу жуда чиройли манзара, лекин самарқандлик мухлисларнинг театрга эътибори, санъатга ошуфталиги мени жуда ҳаяжонга солди, - дейди Россия халқ артисти, “Олтин ниқоб” мукофоти лауреати Ефим Звеняцкий. – Бундай қизғин мухлислик, маданиятли томошабин бугун одамлар ижтимоий тармоқлару олди-қочдиларга муккасидан кетган бир пайтда ноёб ҳодисага айланиб бормоқда. Бир ҳафта давомида тўлиқ аншлаг ва томошабинларнинг “гастролни узайтиринг” деган илтимосларидан бошимиз осмонга етди.
Дарвоқе, россиялик юзга яқин санъаткор барча жиҳозлару, декорациялар билан Самарқандга келиб, спектаклларни ўз юртларидаги сингари шароитда намойиш этишга муваффақ бўлди. Ижодкорлар шунингдек, “Жазда фақат қизлар”, “Муз бўйлаб ялангоёқ”, “Сильва ҳам, оперетта ҳам эмас” каби спектаклларни намойиш этишди ва барчаси самарқандлик томошабинлар томонидан зўр иштиёқ билан кутиб олинди.
- Театримиз бу каби халқаро ҳамкорликни янада кўпайтиради, бунга етарлича шароит бор, - деди Самарқанд вилоят мусиқали драма театри раҳбари Ботир Тугалов. –Жамоамиз яқин ойларда бир неча давлатларда бўлиб, репертуаримиздаги спектаклларни намойиш этиб қайтишди. Россиялик ижодкорларнинг асарлари бунчалик катта резонанс келтириб чиқаришини ўзимиз ҳам кутмагандик. Турли ташкилотлар раҳбарлари “Спектаклга чипта топиб беролмайсизларми?” деб илтимос қилишди, ҳатто. Бунақаси яқин йилларда кузатилмаганди, тўғриси. Чипталар асосан онлайн сотилди, қолаверса, бу масала билан меҳмон ижодкорларнинг ўзлари шуғулланишди.
Айни кунларда россиялик ижодкорлар Фарғона саҳналарида ўз асарларини намойиш этишмоқда. Баъзи самарқандлик томошабинлар эса “Фарғонага борсакмикан?”, деб ўйлагани муболаға эмас.
Ҳа, санъат миллатларо дўстликни, бирдамлик, бағрикенгликни ўзида мужассам этади. Айнан санъат қайси тилда бўлишидан қаъи назар кишиларни бирлаштиради, уларни руҳлантиради, баҳрамандлик орқали кишига маънавий озуқа беради.
Гулруҳ МЎМИНОВА.
***
P/S. Мақола аввалида келтирилган диалог “Уста ва Маргарита” асарининг театр саҳнасидаги шаклидан олинган.