Инсон ҳаёти учун идеал иқлимга эга дунёнинг 7 та давлати
Ҳавонинг ҳарорати, намлиги, атмосфера босими, шамол тезлиги каби омиллар қулай иқлим қийматини белгилайди. Кимдир қор ва аёзли об-ҳавони яхши кўради, бошқаларга эса совуқ ҳаво ёқмайди. Шунга қарамай, ер юзида ҳар биримиз ўзимизни қулай ҳис қиладиган жойлар бор. Бундай жаннат бизнинг сайёрамизда ҳақиқатан ҳам мавжуд.
Окинава ва Рюко. Япония
Япония оролларининг иқлими ва табиати жуда ўзига хос ва ўзгарувчан бўлиб, у ерда цунами ва тайфунлар каби турли хил табиат ҳодисалари содир бўлиб туради. Аммо мамлакат жанубида жойлашган Рюкю оролларини ҳақиқатан ҳам ер юзидаги жаннат деб аташ мумкин.
Рюкодаги энг катта Окинава ороли иқлими нам субтропик деб таснифланади. Пляж мавсуми апрелдан октябргача давом этади. Қиш ойлари денгизда сузиш учун мос бўлмаса-да, бу ерда кўпинча ҳаво ҳарорати +20 даражадан пастга тушмайди.
Греция
Грециянинг турли минтақаларида Ўрта ер денгизи, Алп ва Марказий Европа иқлим зоналари бир-биридан ажралиб туради. Ранг-баранг иқлим билан бир қаторда мамлакатдаги ҳайвонот дунёсининг бойлиги ҳам асрлар давомида одамлар эътиборини тортиб келади. Юмшоқ ва нам қиш (ўртача ҳаво ҳарорати +10) ва иссиқ қуруқ ёз (ўртача ҳаво ҳарорати +32) бу ерда ажойиб ўсимликларнинг шаклланиши учун асосий сабабдир. Пляж мавсуми майдан октябргача давом этади. Греция иқлими касалликларни даволаш учун фойдали бўлган мамлакатлар рўйхатига киритилган.
Калифорния, АҚШ
Бу ерларнинг иқлими ниҳоятда қулай ва қуёшли кунлар сони тахминан 310 кундан иборат. Баъзан қишда Калифорния штатининг шимолий ва континентал қисмларида жуда совуқ бўлиши мумкин. Рекорд даражадаги юқори ҳарорат (+56,7 даража) континентал Калифорнияда қайд этилган. Бироқ, океандан келадиган ҳаво оқими қирғоқ ҳароратини пасайтиради, натижада ёзи салқин ва қиши илиқ бўлган жаннат зонаси ҳосил бўлади.
Франция жануби-шарқи
Тоғлари баландлиги 3000 метрга етадиган Франция Ривьераси ўсимликлари ва қирғоқлари билан Калифорнияга жуда ўхшаб кетади. Бу ерда йилига 300 кун қуёш порлайди. Бу гўзал манзарада биз биладиган қиш умуман йўқ. Баъзан қиш ойларида ҳаво ҳарорати +20 даражагача кўтарилиши мумкин. Бу ерда юқори намлик йўқ, ёмғир ҳам жуда кам, ҳар 10-15 йилда бир ёки икки марта ёғади.
Сан-Паулу, Бразилия
Сан-Паулу флора ва фауна жиҳатидан ажойиб маскан. Шаҳар чеккасида Қизил китобга киритилган ноёб экзотик ҳайвонлар турлари мавжуд кўплаб қўриқхоналар ва боғлар бор. Шу билан бирга, Сан-Паулу шаҳри жуда кўп музей ва ёдгорликларга бой улкан мегаполисдир.
Бразилиянинг жануби-шарқий қисмида жойлашган шаҳарда қишда кўпинча ҳаво ҳарорати +18 даражадан пастга тушмайди. Ёз ойларида ҳарорат +30 даражагача кўтарилади. Сан-Паулу нам субтропик иқлимга эга, шунинг учун у ерда тез-тез ёмғир ёғиб туради.
Канар ороллари, Испания
“Абадий баҳор ороллари” деб ҳам аталадиган Канар ороллари иқлими Испаниядаги энг яхши иқлим сифатида танилган. У ерда ҳаддан ташқари мавсумий ёмғирлар ва ҳароратнинг кескин ўзгариши кузатилмайди. Ҳавонинг анча қуруқ ва илиқ бўлиши нафас олиш ва таянч-ҳаракат тизими ва саломатликка жуда яхши таъсир кўрсатади.
Африкадан келаётган қуруқ ва жуда иссиқ ҳаво оқими шимоли-шарқдан эсаётган салқин шамоллар таъсирида юмшайди ва намланади, шу тарзда Канар оролларининг ўзига хос иқлими вужудга келади.
Мальта
Мальта неча йиллар давомида кетма-кет сайёрадаги энг яхши иқлимга эга мамлакатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллаб келади. Бу ерда жуда юмшоқ ва қулай Ўрта ер денгизи иқлими ҳукм суради. Кучли шамол, қор ва совуқ ҳаво деярли кам учрайди. Қиш жуда юмшоқ, ўртача ҳарорат +15 даражага етади, ёзда жуда иссиқ, июль-сентябрь ойларида ҳаво ҳарорати +35-38 даражагача кўтарилади. Шунга қарамай, минтақадаги паст намлик одамларга ноқулайлик туғдирмайди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.