Кондуктор электрон ҳамённи олиб қўйишга ҳақлими?

13 ёшли жияним ҳар куни қўшимча машғулотга бориши сабабли унга фойдаланиши учун автобусларда йўл ҳақи тўлови қилиши учун электрон ҳамёнимни бериб қўйганман.
Бугун жияним Самарқанд шаҳрида қатновчи 99-рақамли автобусга чиққан. Қарангки, кондуктор "Ким картадан тўлов қилмоқчи бўлса, менга картани беринглар", дея ҳаммадан карталарини йиғиб олиб, ўзи тўловни амалга оширган. Жияним ҳам электрон ҳамённи берган, бироқ кондуктор "Бу сенинг номингга олинган карта эмас, ундан тўлов қилишга ҳаққинг йўқ, ҳақиқий эгаси келса, бераман", дея ҳамённи олиб қўйган.
Кондуктор шундай ваколатга эгами? Жамоат транспорти хизматида ишлаётганлар вояга етмаган йўловчиларнинг шахсий банк картаси ёки электрон ҳамёни бўлмаслиги ва улар ота-онаси ёки қариндошларининг тегишли тўлов воситаларини ишлатишини наҳотки билмаса? Ёки бу ҳам йўловчиларнинг тўловни нақд шаклда амалга ошириши учун ўйлаб топилган ҳийлами?
Ким бу саволларга жавоб беради?
Муниса Шамсиева.