Иссиқкўлда Ўзбекистоннинг “Bo’ston resort” дам олиш ва даволаш мажмуаси барпо этилди

Манзил олис, кўнгил яқин бўлганда
Тошкент. Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт. Кейинги ўттиз йиллик тарихда Қирғиз Республикаси томон йўлга отланган дам олувчиларнинг катта гуруҳи орасида турли касб соҳибларини учратиш мумкин. Атиги олтмиш дақиқадан ортиқроқ йўл қалбларга энтикиш солади. Манзил яқин бўлса-да, маълум муддат дийдор тўсилди. Ўтмишдаги “музлар” эриб битган кунларга санолар айтмаётганнинг ўзи йўқ. Икки давлат президентларининг ташаббуси, саъй-ҳаракати, интилиши туфайли қон-қардош, қуда-анда, бозори бир, мозори бир, азалдан борди-келдиси бўлган халқлар ўртасидаги узилмас ришта қайта боғланди.
Томчи. Иссиқкўл сарҳадлари узра айланиб учган самолёт шу номдаги аэропортга оҳиста шўнғиди. Зинапоялардан тушар-тушмас, қардошларнинг “Кош келиңиздер!” деган каломли меҳрини ҳис қилдик. Таржимонсиз ўзбекча-қирғизча мулоқот қалбларни жўштиради. Расмиятчиликдан сўнг аэропорт ҳудудида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига разм соламиз. Қўшни мамлакатда ҳам туризм индустриясига катта эътибор қаратила бошланганлигини ҳис қиламиз. Қардош юрт бунёдкорлари одмигина қўналғагоҳ ёнида замонавий аэропорт қурилишига шитоб билан киришганлари шундоқ кўриниб турибди.
Бу ерга бир муддат илгари ташриф буюрган “Касаба сайр” шуъба корхонаси раҳбари Тўлқин Хидиров бизни кейинги манзил сари бошлайди.
Қадриятларини эъзозлаган юрт
Аэропортдан бир юз саксон чақиримлик масофа бизга сира олис туюлмади. Сарбонларнинг айтишича, Ўзбекистон касаба уюшмалари бунёд этаётган замонавий сиҳатгоҳ шарофати билан бу манзилларда йўл инфратузилмаси бутунлай янгиланаётир. Равон йўл туфайли тез фурсатда сиҳатгоҳга олиб борувчи масофа қисқаришини билиб олдик. Йўл-йўлакай қишлоқ ва овулларга разм соламиз. Ўлканинг беназир табиатига ҳавас қилмасликнинг сира иложи йўқ. Ҳали-ҳамон кўклам нафаси уфуриб турган далалар, саратонда энди ғўрага кирган ўрикзорларга суқланиб боқамиз. Ўзига хос, ўзига мос ўлканинг наботот оламига мафтун бўламиз.
Эътиборимизни тортган жиҳатлардан яна бири – бу ўлкада ўз қаҳрамонларига ҳурмат бўлди. Ҳар бир қирда, адир тепасида бир чавандоз ёки бир ботирнинг шарафига ҳайкал қўйилган. Атрофи ободонлаштирилмаган бўлса-да, бу манзара киши кўнглига қувонч бағишлайди.
Иссиқкўл. Том тумани
Кўпчиликка маълум, Иссиқкўл тоғ кўллари ичида катталиги бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Узунлиги қарийб 186 километрга, кенглиги эса 56 километрга тенг бўлган бу улкан кўл кейинги йилларда Қирғизистонда туризм ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Унинг атрофидаги туманларда – соҳил бўйларида жойлашган пансионатлар ва дам олиш масканлари сони кун сайин кўпаймоқда, ҳудуднинг туристик жозибадорлиги ошмоқда. Шунга монанд бугунги кунда наинки Марказий Осиё мамлакатлари, балки олис юртлардан ҳам минглаб сайёҳлар бу мўъжизавий ва мафтункор ҳудуд табиатидан баҳраманд бўлиш мақсадида келишаётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин.
Ўзбек китобхонлари яхши билади, атоқли адиб Чингиз Айтматов ўз асарларида Иссиқкўлни оддий географик объект эмас, балки унинг табиати халқнинг руҳи, тарихи, маданий мероси ва келажагини акс эттирувчи муҳим рамз сифатида тасвирлаган. Донишманд ёзувчи назарда тутган жиҳатлар бугунга келиб, чин маънода ҳаёт ҳақиқатига айланмоқда. Айни пайтда Иссиқкўл атрофида туризм шиддат билан ривожланаётгани мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, минглаб янги иш ўринлари очиш, қирғиз диёрида умргузаронлик қилаётган халқларнинг турмуш тарзини юксалтиришда катта аҳамият касб этади.
Делегациямизни кутаётган манзил – Тон тумани Иссиқкўлнинг жанубий соҳилларида жойлашган. Қирғоқ бўйлаб ястанган далалар аввалига қирлар, сўнгра пурвиқор тоғларга туташиб кетади. Катта йўлнинг чап томонида мавжланаётган бепоён мовий кўл, ўнг тарафда барқ уриб, яшнаб турган экинзорлар кўзни қувнатади. Эллик мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган ўнлаб қишлоқлар инфратузилмаси давлат эътиборига тушган. Йўллар, юзлаб кўприклар таъмирланиб, янгитдан барпо этилмоқда.
Бу, бежиз эмас, албатта. Сўз бораётган ҳудуд – жанубий соҳилларда туризм борасида ҳали очилмаган имкониятлар катта. Иссиқкўлнинг бу томондаги қирғоқлари дам олиш масканлари барпо этиш истагидаги инвесторларни бағрига чорлаётгандай. Тон туманида то Барскон аталмиш манзилларга қадар давом этган қишлоқларда қад кўтарган тоғлар ўзининг ёввойи табиати, тепасига қарасангиз, бошингиз айланиб, дўппингиз тушиб кетгудек игнабаргли арчазорлари, шаршараю шарқираган сойлари билан кўзни қувнатиб, кўнгилда ажиб ҳислар уйғотади. Шуларни ўйларкансиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан барпо этилган дам олиш ва даволаш мажмуаси учун манзил бежиз танланмабди-да, деган фикр беихтиёр хаёлимиздан ўтади.
Мустаҳкамланаётган дўстликнинг яна бир ёрқин намунаси
Ниҳоят, кутилган фурсат келди. Муаззам кўл соҳилида, тоғлар этагида қад ростлаган “Bo’ston resort” дам олиш масканининг тантанали очилиш маросими бошланди. Тадбирга таклиф этилган касаба уюшма фаоллари, ижодкор-зиёлилар ҳамда Қирғиз Республикасидан фахрий меҳмонлар.
Миллий урф-одатларга кўра, меҳмонлар карнай-сурнай, доира садолари остида тантанали кутиб олинди. “Bo’ston resort” дам олиш масканининг рамзий лентаси қирқилди. Қўй сўйилиб, қурбонлик маросими ўтказилди. Қуръон тиловат қилинди. Йиғилганлар икки мамлакатнинг истиқболли ҳамкорлиги, халқлар ўртасидаги биродарлик, оға-ини, ака-укачилик, қуда-андачилик абадий бўлишини тилаб, дуога қўл очдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов сўзга чиқиб, Иссиқкўл соҳилида қад ростлаган “Bo’ston resort” пансионати биринчи босқичининг тантанали очилиши билан йиғилганларни самимий муборакбод этди.
– Бугун дунёда турли геосиёсий ва иқтисодий муаммолар авж олаётган беқарор паллада неча-неча асрлар синовидан ўтган ўзбек-қирғиз дўстлиги янгича шакл ва мазмун касб этиб, янада мустаҳкамланиб бормоқда, – деди Қудратилла Рафиқов. – Мана шу мустаҳкамликни ҳар қандай ички ва ташқи ёт қарашлардан авайлаб-асраш икки қардош халқ зиёлиларининг, сиз-у бизнинг асосий вазифаларимиздан бири бўлиши лозим, деб ўйлайман. Ҳозир сиз-у биз гувоҳ бўлиб турган катта тарихий воқеа – “Bo’ston resort” пансионатининг дастлабки босқичида фойдаланишга топширилаётган муҳташам мажмуа ҳам давлатларимиз раҳбарларининг кейинги йилларда олиб борган фаол, ўзаро ишончга асосланган ташқи сиёсати, қардошлик ва яхши қўшничилик руҳидаги фаол саъй-ҳаракатларнинг узвий давомидир, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан. Шу ўринда мен юқоридаги объектнинг фойдаланишга топширилиши нафақат минтақа туризмини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, балки иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқларимизнинг янада жипслашувига хизмат қилишини ҳам алоҳида қайд этишни истардим.
Маросим давомида бошқалар ҳам сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида олиб борилаётган дўстлик алоқалари, мамлакатлар раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан катта ўзгаришлар, хусусан, чегаралар очилгани, бунинг натижасида халқлар ўзаро борди-келдини қайта тиклашганини мамнуният билан айтиб ўтишди.
Дарҳақиқат, бугун икки томонлама алоқалар янгича шакл ва мазмун касб этиб, мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Бунга 2016 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг турли форматлар доирасида Бишкек шаҳрига 7 марта, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг 2020 йилдан шу кунга қадар Ўзбекистонга амалга оширган 5 марта ташрифи натижалари яққол мисол бўла олади.
Хусусан, 2023 йилда давлат раҳбарлари томонидан икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи тарихий Декларация имзоланди.
Ана шу ҳужжатлар доирасида Қирғиз Республикасидан Ўзбекистонга бир нечта пансионат қайтариб берилди. Улар орасида “Bo’ston resort” ҳам бор.
“Бўстон” пансионати бир вақтлар Ўзбекистоннинг “Ташселмаш” заводига қарашли бўлган. Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилиши бошланиб, бир муддат мавсумий фаолият кўрсатган. Ўша вақтда 6 та коттеж, ошхона, 2 та 3 қаватли бино ва йўлнинг қарама-қарши томонида хўжалик бинолари бўлган. 1984-1986 йилларда 7 қаватли бино қурилиши бошланиб, якунига етмай қолган. Йиллар ўтиши билан мазкур объектда аҳвол ёмонлашиб, барча бинолар яроқсиз ҳолга келиб қолган. Узоқ йиллар умуман фаолият юритмаган.
Ҳудуд ҳақида маълумот. Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридан 278 километр жанубий шарқда, денгиз сатҳидан 1610 метр баландликда жойлашган ҳудуд мўътадил иқлимга эга бўлиб, ёз ойларида максимум 32, ўртача 23 даража иссиқ, қиш ойларида эса максимум -10, ўртача -5,5 даража атрофида совуқ, намлик йил давомида ўртача 50 фоиз атрофида бўлади.
Иссиқкўл курорт-рекреацион зонасида дам олиш уйлари, меҳмонхоналар, кўнгилочар жойлар кўп, лекин санаторийлар кам. Мазкур объект Иссиқкўлнинг жанубий қирғоғида жойлашгани сабабли бу жойда санаторий ташкил этиш айни муддао бўлади.
Бугун. Икки мамлакат ўртасидаги бугунги илиқ муносабатлар, давлат раҳбарларининг самимий ҳамкорлиги барча соҳалар қатори ушбу жабҳада ҳам ўз натижаларини намоён этмоқда.
Айни вақтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ушбу ҳудудда даволаш ва дам олиш комплекси бунёд этиш ишлари кетмоқда. Лойиҳа бўйича мажмуа икки қисм – мавсумий дам олиш маскани ва йил давомида узлуксиз фаолият кўрсатадиган санаторийдан иборат бўлади.
Ҳозир унинг мавсумий ишлайдиган қисмида – “Bo‘ston Resort” дам олиш масканида қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Бу ерда 2 та 3 қаватли бино тўлиқ реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқ ва маъмурият биноси, 250 ўринли ресторан, катта очиқ чўмилиш ҳавзаси, очиқ волейбол ва футбол, болалар майдончалари, ташқи тренажёр майдонлари, объектдан 500 метр узоқликда ташқи оқова сувни тозалаш иншооти қурилган. 500 метрга тенг пляж ташкил қилинган. Кўлга чиқиш учун 54 метрли пристон ўрнатилиб, сув саёҳати учун кемалар сотиб олинган.
Мажмуанинг йил давомида хизмат кўрсатадиган асосий қисми – санаторийда эса 7 қаватли 200 ўринга мўлжалланган эски бино реконструкция қилиниб, маъмурият, қабулхона, ёпиқ сузиш ҳавзаси, даволаш биноси, 200 ўринли ресторан, бар ҳамда кафе, очиқ сузиш ҳавзаси бунёд этилади. Шунингдек, сиҳатгоҳ учун қоровулхона ҳамда автомобиллар турар жойи, кўл бўйида кемалар ҳамда катамаран учун тураргоҳ ва пляж ташкил қилинади.
Резиденция қисмида эса 3 қаватли бино, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзаси, хизматчилар уйлари, автомобиль ва вертолётлар тураржойлари, денгиз бўйида очиқ айвонли причал ва пляж бунёд этилади.
Ушбу дам олиш ва даволаш мажмуаси жами 400 ўринли бўлиб, илиқ ва иссиқ кунларда 400, қиш фаслида эса 200, йил давомида қарийб 5 минг нафарга яқин кишини қабул қилиш имконига эга бўлади.
Лойиҳага кўра, янги сиҳатгоҳ гастроэнтерология, кардиология, неврология, эндокринология, урология, таянч ҳаракат, нафас йўллари каби хасталикларни даволашга ихтисослаштирилади.
Мухтасар айтганда, мазкур объектнинг фойдаланишга топширилиши нафақат минтақа туризмини ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, балки иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқларимизнинг янада жипслашувига хизмат қилиши шубҳасиз.
Тадбир чоғида Санатор-курортлар бош бошқармаси бошлиғи Анвар Аҳмедовга рамзий калит топширилди. Шунингдек, қурилиш жараёнларида фаол иштирок этган масъуллар ва қурувчилар тақдирландилар. Уларга ўзбек урф-одатларига асосан тўн кийдирилди. Маросим икки элнинг суйган санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан давом этди.
Ғуломжон Мираҳмедов,
Нурилла Шамсиев,
Қирғиз Республикаси, Иссиқкўл вилояти, Тон тумани.