Тойлоқ туманида “Тойлоқ саховати” мева-сабзавот фестивали ўтказилди

Илк бор ташкил этилган фестивалда вилоятдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар, кўчатчилик хўжаликлари, экспортёрлар, Тойлоқ, Ургут, Булунғур, Жомбой ва Самарқанд туманлари деҳқон ва боғбонлари ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Бўронов вилоят раҳбари А.Бобоевнинг фестиваль иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг соҳада фидойилик кўрсатган қишлоқ хўжалик ходимлари, қайта ишловчи ва экспортёр корхоналар ва фермерларга вилоят, туман ҳокимликларининг ташаккурномалари топширилди.
Фестивалнинг ушбу туманда ўтказилгани бежиз эмас. Тойлоқ туманида деҳқончилик ва боғдорчилик қадимдан халқ турмушининг ажралмас қисми бўлиб келган. Зарафшон дарёси бўйида жойлашган туманда Амир Темурнинг Боғизоғон ва Давлатобод боғлари бўлган. Фестиваль туманда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини кенг жамоатчиликка намойиш қилиш, деҳқон ва фермерларнинг меҳнатини эътироф этиш, ўзаро тажриба алмашиш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор инновацион ечимларни тарғиб қилишга қаратилган.
- Туманимиз 27816 гектар умумий ер майдонига эга бўлиб, шундан 12299 гектари қишлоқ хўжалигида фойдаланилади, - дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Ҳайдаров. – Жорий йилда туманда 44,2 минг тонна сабзавот, 70 минг тонна картошка, 17,6 минг тонна мева ва 52 минг тонна узум етиштирилди. 2618 гектар токзор ва 881 гектар боғда етиштирилган ҳосилнинг катта қисми қайта ишланиб, 9 минг тоннаси экспортга йўналтирилди.
Йиллар давомида ер ресурслари қисқариб, аҳоли сони ортиб бормоқда. Бу эса табиийки, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх барқарорлигига эришишни тақозо этади. Бунда ягона ечим, анъанавий деҳқончилик усулларини такомиллаштириб, аграр тармоққа илмий ишланмаларни жалб этиш, йилига икки-уч маротаба ҳосил олиш лозим бўлади. Мазкур фестивални ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам шу. Биргина туманимиз мисолида оладиган бўлсак, аввал бир гектар ердан 15-20 тоннагача картошка олинарди. Ҳозир илмий ишланмаларнинг жорий этилиши, супер элита навлар келтириб экилиши туфайли гектаридан 45-50 тонна ҳосил олинмоқда. Бу эса 7-8 йил олдинги деҳқончиликка нисбатан биргина картошкадан 2-2,5 баробар кўп ҳосил олинаётганини кўрсатади. Мева ва узум етиштиришда ҳам илгариги боғларда гектарига ўртача 10 тонна маҳсулот олинган бўлса, интенсив усулдаги боғлар ташкил қилингани ҳисобига ҳосилдорлик гектарига 60-70 тоннагача ошди. Туманимизда узум, мева ва помидорни қайта ишлаш заводларимиз бор. Улар йилига 10 минг тоннадан ортиқ маҳсулотни қайта ишлаб, Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига экспорт қилмоқда.
Деҳқончиликда фақат сифатли экиш эмас, балки сувдан унумли фойдаланишни йўлга қўйиш ҳам муҳим. Бу борада туманда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш кўрсаткичи 55 фоизга етди. Ерга муносабатнинг ўзгариши ҳисобига йилига туманнинг экспорт салоҳияти 10 фоизга ошяпти.
Фестиваль доирасида олим ва мутахассислар, селекционерлар, тажрибали деҳқонлар иштирокида илмий конференция ҳам ўтказилиб, соҳадаги янгиликлар, ҳосилдор навлар, харидоргир маҳсулотлар ва уларни етиштириш борасида маърузалар тингланди.
Фестивалда сабзавот ва картошка уруғлари навларидан фойдаланиш усуллари ва афзалликлари бўйича кўргазмалар ҳамда турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш технологияси бўйича тадқиқотлар намойиш этилди. Намойишларда мева-сабзавот ва картошка маҳсулотларини сотиш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланувчи маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар қатнашди.
Ўктам Худойбердиев,
Бахтиёр Мустанов.