Ургутлик тадбиркор Москвада нишолда тайёрлаб сотаяпти
Хабарингиз бўлдими ёки йўқ, самарқандлик тадбиркор Икромжон Бердиев иккинчи йилдирки Москвада нишолда тайёрлаяпти.
Рамазоннинг бу тансиқ таоми Москва бозорларига энди кириб келаётган бўлсада, унга талаб катта.
- Нишолдани тайёрлашдан мақсад, бунинг ортидан бойиш эмас, мусофирликдаги юртдошларимизга Ватаннинг хотиралари, бир бўлагини улашиш. Нишолдани еб, оз бўлсада Ватанда юргандек бўлишади, қолаверса севган ишимни бизнесга айлантирдим - дейди Икромжон Бердиев.
Нон ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган "Ҳалол луқма" корхонаси эгаси нишолда мавсумий емаклигини таъкидлаб, асосан, бозорлар ва дўконларга улгуржи тарқатаётганини билдирди.
"Россиялик харидорлар учун янги бўлган егуликни қизиқиш билан татиб кўришаяпти, шундай қилиб, нишолда сабаб ўзбек ошхонасининг қанчалик бойлигини яна кўрсатаяпмиз".
Рамазон ширинлиги учун зарур маҳсулотларнинг бир қисми Ўзбекистондан келтирилмоқда.
- Ургутликман, тоғли ҳудудда яшаймиз. Арпабодиён ва етмакни уй томондан ким келса, олиб келишаяпти, - дейди Икромжон Бердиев.