Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

24 март - Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни: Коронавирусдан ҳам хавфли касаллик

Ўтмишда сил касаллигига чалинган инсон молиявий аҳволи ва ёшига қарамай ҳаётдан кўз юмарди. Бугунги кунда бу кассалик ўтмишдаги каби қўрқинчли эмас. Бироқ тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларга қарамасдан, уни сезмай қолиш мумкин, йўқотиш қийин, унутишни эса иложи йўқ.

Сил касаллиги – бу ҳаво томчи инфекцияси. У кўпинча ўпкага зиён етказади. Лекин бошқа органларга, масалан, суяклар, тери, ичакка ҳам “ҳужум” қилиши мумкин. Касалликнинг юзага келишига mycobacterium tuberculosis бактериялари сабабчидир. Улар муайян соҳаларда яллиғланишни келтириб чиқаради. Натижада, тўқималарда тугунлар ва некроз ўчоқлари, яъни ўлик тўқималар ҳосил бўлади. Улар туфайли органлар нормал ишлай олмайди, тана эса умумий интоксикация билан жавоб қайтаради.

Агар иммунитет ёки дори-дармонлар касалликни вақтида тўхтатмаса, инсон ҳаётдан кўз юмиши ҳам мумкин.

Савол туғилади: сил касаллиги қандай ва қаерда юқиши мумкин?

Инфекциянинг асосий ўчоғи – бемор инсонлар. Шундай бўлса-да, ушбу касалликнинг жониворлардан юқиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Атрофда касаллар қанча кўп бўлса, инфекцияни юқтириш хавфи шунча юқори бўлади. Йирик шаҳарларнинг одамлар гавжум жамоат жойларида бундай беморларга тўқнаш келиш ҳеч гап эмас.

Ёмони, беморларнинг аксариятида касалликнинг ёпиқ шакли учрайди. Яъни бактериялар организмни кемириб боради. Лекин атроф-муҳитга ажралмайди. Силнинг очиқ шакли эса атрофдагилар учун (беморларнинг ўзи учун ҳам) жуда хавфли. Шунинг учун уни шифохонада даволаш зарур. Силнинг очиқ шаклидан азият чекувчи кишилар билан узоқ вақт мулоқотда бўлиш – катта хавф. Ушбу дардга дучор бўлиш хавфи юқори бўлган жойлар одамлар яхши овқатланмайдиган, гигиенага риоя қилмайдиган тор, совуқ, зах иншоотлардир.

Ноқулай шароитларда яшовчи ҳамда иммунитети паст кишилар хавф гуруҳига киради. Бундай шарт-шароитларда сил яширин шаклдан фаол шаклга ўтади. Касаллик тўлақонли овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи бўлмаган жойларда кенг тарқалади.

Сил касаллигини ташхислаш қийин. Чунки уни эрта босқичларда нафас йўли касалликларининг бирортаси билан адаштириш ҳеч гап эмас.

Эрта босқичдаги сил касаллигининг белгилари қуйидагилардан иборат бўлади: беморнинг ҳарорат 37-37,5 С гача кўтарилади, енгил иситмалайди, ҳолсизлик, тез чарчаш сезилади. Шунингдек, вазн йўқотади, иштаҳаси буғилади, сабабсиз оза бошлайди. Болалардаги ўсишнинг секинлашиши ҳам сил белгиси бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, кучли терлаш, айниқса, тунда кўкрак қафасида оғриқ туриши, ҳафталаб кетмайдиган йўтал ҳам мазкур хасталик белгиларидан ҳисобланади. Касаллик авж олганда балғамда қон кўринади. Сил белгилари аста-секинлик билан ривожланади, беморда бу белгиларнинг барчаси бўлиши шарт эмас. Шунинг учун ҳам болаларга манту қилинади, катталар эса флюорографиядан ўтиш керак бўлади. Бу жараён ҳатто касаллик ўзини намоён қилмаганда ҳам уни аниқлаш имконини беради.

Инфекциялардан ҳимояланишнинг икки усули мавжуд. Биринчиси, соғлом ҳаёт тарзи, одатий гигиена қоидалари, қулай яшаш шароити. Ўз хонадонингизга киришингиз билан қўлларни ювинг, хоналарни шамоллатинг, бадантарбия қилиш ва қоматни сақлаш лозимлигини ҳам унутманг. Иккинчиси, муайян касаллик профилактикасига қаратилган усул. Масалан, бирор касаллика қарши эмлаш. Аммо эмлаш инсонга юз фоиз ёрдам бера олмайди. Силга қарши БЦЖ вакцинаси мавжуд. У инфекция юқишидан ҳимоя қилмайди. Лекин мураккаб ҳолатларга қаршилик қилишда ёрдам беради. Хусусан, у сил менингити ривожланишига йўл қуймайди. Унутмаслик лозимки, сил касаллиги билан курашда ҳужайра иммунитети муҳим аҳамиятга эга. Унга эса эмлашнинг алоқаси йўқ.

Аниқ ташхис кўйиш учун рентгенография ёки компьютер томографиясидан ўтиш, бактерияларни аниқлаш учун таҳлиллар топшириш зарур. Муҳими, касалликнинг олдини олиш. Ўз вақтида шифокорлар кўригидан ўтиб туриш сил хасталигини эрта босқичларда аниқлаш ҳамда уни осонликча бартараф этиш имконини беради.

Абдували АШУРОВ,

вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази олий тоифали врач-фтизиатри.