Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

50 минг сўмлик пулни қалбакилаштирган ўқувчилар қўлга тушди

Фарғонада 50 минг сўмлик пулни қалбакилаштириб, уни ишлатган коллеж ўқувчиларига суд томонидан жазо тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди томонидан кўрилган мазкур жиноят иши Тошлоқ туманидаги Заркент агросаноат касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари томонидан содир этилган.

Вояга етмаган О. Қосимов жиноий шериклари М. Охунов, И.Содиқов ва Э.Жабборовлар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, қалбаки банк билетлари (банкнотлари) ясаш ва уларни ўтказишни режалаштириб, жиноий режа тузган. Улар Тошлоқ тумани Заркент қишлоғи марказидаги компьютер хизмати кўрсатиш шохобчасида жорий йил январь ойининг охири, февралнинг бошида Epson–L355 рангли принтери ёрдамида нусха кўчириш йўли билан қалбаки 50 минг сўмликни тайёрлашган. Шундан сўнг улар Қува тумани Салим қишлоғида жойлашган З.Эркабоевга тегишли савдо дўконидан бир дона энергетик ичимлик сотиб олиб, қалбаки пулни ўтказган. Орадан бироз муддат ўтиб дўкон сотувчиси 50 минг сўмлик пулни сохталигини билиб қолган. Қалбаки пулни берган одамни аниқлаб, қонуний чора кўришни сўраб, ИИБга мурожаат қилган.

Бундан ташқари, судланувчи Д.Комилов ва Р.Аҳмедовлар мазкур ёшларни 50 минг сўмлик купюрадаги қалбаки пулларни ясаётганлигини кўришиб, ушбу содир этилган оғир жиноят ҳақида аниқ билганлари ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бермаган.

Олиб борилган тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида вояга етмаган О. Қосимов М. Охунов, И.Содиқов, Э.Жабборовлар томонидан ясалган ва ўтказилган уч дона 50 минг сўмлик қалбаки купюра ҳамда “Epson-L355” русумли рангли принтер ашёвий далил тариқасида олинди.

Суд ҳукми ўқилиб, жиноят содир этганлар қилмишларига яраша жазо ҳам олди, деб ёзади ЎзА. Аммо ҳали ҳаётнинг оқу қорасини танимаган бу ёшлар нега жиноят содир қилди? Таълим маскани мутасаддилари, маҳалла фаоллари вақтида бу ёшларни назоратга олганда балки жиноятнинг олди олинган бўлармиди?