Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

9 та туман давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари лавозимидан озод этилди

Давлат солиқ қўмитасида 2019 йил сарҳисоби ҳамда президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, давлат солиқ хизмати органларининг 2020 йилдаги стратегик вазифаларига бағишланган икки кунлик семинар ўтказилди.

Бюджет даромадларининг юқори бўлганлиги 2019 йилдаги ишларнинг ижобий натижаси орасида қайд этилди. Ўтган йилда республикада солиқ тушумлари 154 фоизга ошди. Бу борада энг яхши натижаларга Навоий (186%) ва Хоразм (165%) вилоятлари эришди.

Семинар давомида 31 та давлат солиқ инспекцияси бюджет тушумларининг максимал ҳажми ва юқори кўрсаткичларга эришгани қайд этилди. Ушбу ДСИлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Уларни инспекция раҳбарлари қабул қилиб олди.

Шу билан бирга, 9 та туман инспекцияси энг паст кўрсаткичларни қайд этган ва белгиланган вазифаларни бажара олмаган. Булар Сайхунобод, Деҳқонобод, Нарпай, Хўжаобод, Балиқчи, Қумқўрғон, Ғузор, Фориш ва Ромитан туманлари ДСИлари бўлиб, уларнинг раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Tадбирда тайинловлар ҳам эълон қилинди. Давлат солиқ қўмитасининг марказий аппарати ходимларидан 7 нафари янги лавозимларга тайинланди. Яна 9 нафар ходим эса ҳудудий давлат солиқ органларида турли лавозимларга тайинланди.

Шунингдек, семинар давомида 2020 йилга мўлжалланган вазифалар белгилаб олинди. Жорий йил давомида даромад солиғи тўловчилари сонини 500 мингга кўпайтириш режалаштирилган бўлиб, бунга эришиш мақсадида I чоракнинг ўзида уларнинг сонини 150 мингга кўпайтириш вазифаси қўйилди.

Сегментлаш ва солиқ тўловчилар билан мақсадли ишлаш, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш 2020 йилда эътибор қаратиладиган энг муҳим соҳалар эканлиги таъкидланди, дейилади ДСҚ матбуот хизмати маълумотида.