Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Амир Алишернинг фазлу ҳунар табақасининг аксарига ғамхўрлиги зўр...”

Алишер Навоий Ҳиротда вазирлик йилларида эл-юртга хизмат қилди, ҳунар аҳли ва ҳакимлар ишини халқ фаровонлигига қаратди. Ўша даврнинг машҳур тарихчиси Хондамир ўзининг “Хулосат-ул ахбор” асарида бу ҳақда шундай ёзади: “Амир Алишернинг фазлу ҳунар табақасининг аксарига ғамхўрлиги зўрдир. Тазқиб ва тасвир илми ҳунарида бенуқсон ва чексиз бўлган қалам аҳллари, шунингдек, замон наққошлари ва давр муҳандисларининг кўпи ул ҳазратнинг тарбия ва таълим воситаси билан бу ҳунарларни ўргандилар ва атроф оламда монанди йўқ яхшилар тенги бўлдилар».

Хондамир Навоий қурган баъзи иморатларнинг аниқ тафсилотларини келтиради. Улар орасида 52 работ, 19 ҳовуз, 16 кўприк, 9 ҳаммом ва бошқа бир қанча хайрли иморат ва иншоотлар бор. Работлар чўл ва сувсиз биёбонлардан ўтувчи узоқ йўлларда савдогар ва йўловчиларнинг хотиржам қўниши, тўхтаб дам олишлари учун қурилган бинолар, мусофирхона, бекат ҳамда карвонсаройлар вазифасини бажарган. Улар таркибида меҳмонхона, масжид, дам олиш хоналари (ҳужралар), қудуқлар ва ҳатто юк ташувчи ҳайвонларни боғлаш учун ҳовлилар ҳам бўлган.

Алишер Навоий Астрободда қарийб икки йил ҳоким бўлиб турган даврда маъмурчилик ва бинокорлик ишларига катта эътибор берган. Хива хони Оллоқулихоннинг (1825-1842) Хуросонга қилган ҳарбий юришларидан бири ҳақида «Сафарнома» асарини ёзган Муҳаммад Назар ибн Мулла Саидниёз ал Хевақий Алишер Навоий билан боғлиқ қизиқ бир фактни баён қилади: Оллоқулихон қўшинлари Хуросон йўлида Мир саройига қўнади. «Мир саройи отлиғ мавзеким: Султон Ҳусайн Мирзонинг салтанати айёми ва Мир Алишернинг Астробод мамоликига (мамлакатига) ҳокимлиғи ҳангомида бир саройи дилкушой ва қасри фараҳ афзой бино қилдурғон эркан. Ҳамул ерга нузули ижлол буюрдилар».

Муаллиф таъкидлаганидек, “дилкушо ва фароҳ афзо”, яъни кўнгилни шодлантирадиган ва қувончни оширадиган бу сарой Астрободда 1837 йилларда ҳам мукаммал сақланганлиги ҳамда унинг Алишер Навоий номи билан боғлиқ ҳолда “Мир саройи” деб аталиши эътиборга лойиқ. Шунингдек, Навоий Астрободда жомеъ масжидини бунёд этади ва бошқа кўпгина ободончилик ишлари билан шуғулланади. Навоий ҳозирги Туркманистон ҳудудида бўлган Марв (Мари) шаҳрида ҳам “Хусравия” (1476-1477) номли улкан мадраса қурдиради.

Ҳиротдаги XIII аср меъморчилиги ёдгорлиги – машҳур Масжиди Жомеънинг таъмири ҳақида Хондамир қуйидаги хабарни ёзиб қолдирган: “…Султон Бойқаро ҳазратларининг дўсти амир Алишернинг равшан хотирига нур сочиб, ўзининг тамом олий неъмат ҳимматини бу шарафли масжид биносини янгилаш ва ул олий ибодатхонанинг асосларини мустаҳкамлашни тезлаштиришга қаратди…»

Маълумотларга кўра, мазкур масжиднинг, чарақлаб турган салобатли, жилвадор пештоқ ва деворларига машҳур Мирак Наққош ва унинг бошчилгидаги бир қанча ҳунармандлар безак беришган. Ҳовлисининг узунлиги 114 метр, эни 84 метр бўлиб, 6 та дарвозаси бўлган. Бу ҳозир ҳам Ҳиротнинг энг гўзал обидаларидан биридир.

Навоий Инжил канали бўйида ниҳоятда зеб-зийнатли «Ихлосия» мадрасаси, унинг қаршисида эса ғоят гўзал ва кўркам ишланган «Халосия» хонақосини солдирди. У «Ихлосия» мадрасаси муқобаласидаким… хонақоҳо бино қилинди», деб ёзади Навоий бир ўринда. Кўриниб турибдики, иккала бино ҳам Инжил суви бўйида тартиб ва зукколик билан ансамбль услубида бунёд этилган. Тадбиркорлик билан ташкил этилган муҳташам меъморий муҳитда ғоят хушҳаво микроиқлим яратилганки, бу шаҳарсозлик бобида эътиборга моликдир. Давлатшоҳ Самарқандий Инжил каналининг кўрки «жаннат салсабили ҳамда ариғининг рашкини келтирар эди», деб ёзганди.

Навоий Ҳирот жомеъ масжидини таъмирлаш билан чекланиб қолмасдан, шаҳар ташқарисида ўзи ҳам янги жомеъ масжиди қурдиради. Сўнг ушбу масжиднинг жанубий томонида «Халосия» хонақоси, ғарбидан Инжил яқинига «Шифоия» шифохонаси, унинг қаршисида эса «Сафоия» ҳаммомини ҳамда улар қошида чиройли ҳовуз барпо эттиради. Шу ўринда таъкидлаш керакки, жамоа шифохоналарининг қурилиши ўрта асрларда (IX-XI асрлардан бошлаб) нафақат Ҳиротда, балки бутун Хуросон ва Мовароуннаҳрда, хусусан, Шарқ мамлакатларининг кўпгина шаҳарларида анча ривожланган. Улар Самарқандда, Марв, Бухоро, Кўҳна Урганч, Ҳирот, Ғазна, Рай, Боғдод, Ҳамодон, Исфахонда ва бошқа шаҳарларда ҳам қурилган.

Навоийнинг ўзи қурдирган биноларга ном танлашдаги дидига ҳам қаранг - Ихлосия, Халосия, Шифоия, Сафоия, Низомия, Хусравия, Фаноия. Ихлосия мадрасасининг номи Навоийнинг дўсти ва султон Ҳусайн Бойқарога бўлган ихлосини, унга миннатдорчилигини билдирса, Шифоия шифохонасининг номи соғлиқ, шифо, Сафоия ҳаммомининг номи эса озодалик, поклик маъносини англатган. Хусравия мадрасасининг номи бинонинг биринчи ғиштини қўйган марҳум шаҳзода Мирзо Муҳаммад Султон номини ҳамда унинг қурилиш йилини ифодалаган.

А.Ўролов,

меъморчилик фанлари доктори.

О.Бобоқандов, докторант.