Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Беҳаё, ориятсиз, маъно-мазмунсиз сериаллар ёхуд “дилбузар”лар хуружи

Ижтимоий тармоқлардаги ўзаро мулоқот ва баҳс-мунозараларда халқимизнинг зиёли қатлами аксарият телеканалларимизнинг эфир вақтини тўлдираётган турк сериаллари ҳақида ёзғираётганда гапни узоқдан бошлашимга хожат йўқ, назаримда. Киши маънавияти, ёшларнинг одоб-ахлоқининг бойиши, соғлом фикрлаши учун урвоқчалик аҳамияти бўлмаган сериалларнинг номларини ҳам санамоқчи эмасман.

Бироқ кўпчилик қатори мени ҳам айрим саволлар қийнаяпти. Жамиятда оилавий низолар, ажримлар, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари, мол-мулк талашиш ва бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш, бартараф этиш оғир кечаётган айни пайтда ойнаи жаҳонда берилаётган бу сериаллар нега ва кимга керак?! Бу сериаллар гап-сўзи қочган эр-хотинни бирлаштиряптими, икки оилани бир-бирига дўст қиляптими? Аксинча, модага «осилиш», баданининг қаеринидир очиб юриш, айрим хонимчаларга киборликни ўзига касб қилиб олиш-у “иффатли” кийинишдан сабоқ бермаяптими?!

Маънавият ва маърифат, аёллар ва қизлар, вояга етмаганлар, маҳалла, яна қанақадир илмий-амалий марказлар ўз вазифасини ҳаминқадар бажариб турганда бундай сериаллар бизга керакми? Таълим муассасаларидаги одобнома-ю маънавият соати дарслари юзаки, тарғибот ва профилактик тадбирлар қоғозбозлик учун ташкил этилаётган айни пайтда эфирни бу тақлид тўлдириш ортиқча эмасми?

Ахир шуларсиз ҳам интернетдан бошини кўтара олмай қолган, турли бўлмағур сайтларга «ошно тутинган» айрим ёшларни китобга, маънавиятга, кўпроқ илм олишга, виждонли, соғлом ва кенг фикрли бўлишга қайтариш машаққатли кечаяпти-ку. Баъзи ота-оналар телевидениедан боласига овунчоқ сифатида фойдаланаётган, унинг таълим-тарбияси билан шуғулланиш тугул, буни ўйламай ҳам қўйган, назоратни аллақачон йўқотиб улгурган бир пайтда шу сериаллар “тарбиячи” бўлиб қолмаяптими?! Ўша сериалларнинг бошланишидаги “16+”ига мен тушуняпман, ўқитувчи дўстим тушунар, аммо кўпчилик унга ё беэътибор, ё оқ-қорани ажратмасдан бир хил “кўчирадиган” ўғил-қизини экран олдидан узоқлаштиришга фаҳми етмаяпти.

Миллий менталитетимиз, асл урф-одат ва қадриятларимизга мутлақо зид бўлган ушбу сериалларга ўз манфаатинигина ўйлаб бош-қош бўлган режиссёрларимиз, тилларини бурро-бурро қилиб овоз берган таниқли актёр ва актрисаларимиз, сухандонлар аҳволига бир қаранг. Ўқ илдизимизга болта ураётган бундай бир ҳолатдаги фильмларга овоз бергандан кўра тарихимизнинг қат-қатида кўмилиб ётган дур-у гавҳарларни кинокартиналарда акс эттириш устида бош қотирсалар бўлмасмиди? Буюк илму маърифати билан олам афкор оммасига сабоқ берган, йўл кўрсатган, ҳатто ўзлигини таниттириб қўйган, маданият ва маънавиятни юқтирган аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти қолиб, уларни янада чуқурроқ унуттирадиган, ўзлигимизга аллақандай сарқит иллатларни олиб кирадиган, бойитадиган сериалга ҳаммаслак бўлиб туришибди улар.

Мамлакат ва жамиятимизда гиёҳвандлик, терроризм, диний экстремизм ва яна бир қанча “...изм”ларга қарши қатъий кураш олиб борилмоқда-ю халқ орасидаги ҳамжиҳатлик, ор-номус, ҳамиятни ич-ичидан емирадиган, соғлом фикр ва қарашларни ботқоққа ботирадиган бундай очиқдан-очиқ таҳдидларга томошабин бўлиб турилгани ажабланарли. Нима, сериалнинг бир қисмида саккиз хил кийимда, саккиз жойини очиб, намоён бўладиган “Сафия”ларнинг сафи ортиб, ён атрофимизни “безайверсинми?” Хатти-ҳаракатлари беўхшов, қиёфаси тўнғиз билан ҳусн талашадиган “қамоқхона ойимчалари” кимларга, қандай мақсадлардан сабоқ беряпти экан?

Афсус, минг афсус, ана шулар экранларимизни эгаллади... Сиз эса ҳурматли юртдошим, қалби куяётган қадрдоним, “дилбузар»лардан огоҳ ва эҳтиёт бўлинг!

Абдуҳошим ЗИЁДОВ.