Миллий сериаллар маънавиятимиз учун малҳамми ёки заҳар?

- Ишдан келсам, уйдагиларни телевизор қаршисида кўраман, - дейди танишим. – Хотиним-ку азалдан сериаллар ишқибози, энди қизларим ҳам унга қўшилган. Яқинда қизиққандек бўлиб, кўраётган сериалининг мазмунини сўрадим. Нима эмиш, бир бойвачча бева эркак уйланаётган қиз ўша бойнинг куёви билан севишар экан. Қон босимим ошиб кетди. Бу ўзимизнинг сериал, тушуняпсизми?

Суҳбатдошимнинг бу қадар куюниши бежиз эмас. Очиғини айтиш керак, кейинги вақтда ойнаи жаҳон орқали берилаётган айрим миллий кино ва сериалларимиз шу қадар “замонавий”лашиб кетдики, бу масалада асабни бузмасдан гапириш қийин бўлиб қолди. Қизиқ томони, яқингача ўзимиз хорижий сериалларни маънавияцизлик, беҳаёлик, фаҳшни тарғиб қилаётганликда айблаб келаётгандик. Энди уларга “дарс” беряпмиз шекилли. “Эр”ни пайпоқдек алмаштирадиган жувонлар, тунги барда тонг оттирадиган йигитлар, беҳаё келинлар, қўшмачи қайноналар.

Навбатдаги сериал учун қандай мавзу танланишини фараз қилишга ҳам қўрқади одам.
Тўғри, кино санъатимиз анча вақт эътибордан четда қолди. Буни инкор этиб бўлмайди. Голливуд ёки Болливуд даражасидаги кинофилмларни тасвирга олишимизгача ҳали кўп қовун пишиғи бор. Лекин ҳозир гап унинг техник жиҳатлари, сюжетининг кўлами ҳақида эмас, балки мазмуни, ғояси, мақсади ҳақида кетяпти. Ғояси пишиқ бўлмаган филмга миллиард долларлик техникаю декорациялар ҳайф эмасми? Агар масала фақат техникада бўлганида, “Суюнчи”, “Шум бола”, “Маҳаллада дув-дув гап” сингари миллий кино санъатимиз дурдоналари дунё юзини кўрмаган бўларди. Бугун бизга ана шундай ўлмас асарлар, умуммиллий мафкурани ўзида акс эттирган сериаллар керак. Зўрма-зўраки телевиденияга олиб чиқиладиган, оила даврасида томоша қилиб бўлмайдиган 18+ кино ва сериаллардан халққа зарар бўлса бордир, фойда йўқ, назаримда.

Ғоя ҳақида гап кетганда яна бир масалага эътиборингизни тортмоқчиман. Ишим бевосита газета билан боғлиқ бўлганлиги учун кўп хориж киноларида кузатдим: оддий сериалдан тортиб, комедия, жангари ва ҳатто мафия ҳақидаги филмларда ҳам қаҳрамонларни, хоҳ у яхши, хоҳ ёмон шахс қиёфасида бўлсин, кўпинча газета ёки журнал мутолаа қилаётган ҳолатда тасвирга олишади. Америкача ҳаёт акс этган филмларда эса оилалар нонуштани газета мутолаа қилиш билан бошлайди. Бу америкаликлар учун фаровон ҳаёт белгиси бўлса, бошқалар учун океан ортидагиларнинг ўқимишли, ақлли эканлигини кўрсатишга ҳаракатдир.

Биздаги филмларда эса газета, журналлар тарғиботи йўқ, мутолаа ҳам асосан кексалар образига боғланади. Нега улардаги “мафия оталари” китоб ўқимайди, нега бойваччалар кунни газета мутолаа қилишдан бошламайди? Аслида бу гап фақат мутолаага тааллуқли эмас. Айрим режессёрларимиз ўзининг “замонавий” киноларида миллий қадриятларимизни кўрсатишга “уялаётган” экан, ҳеч бўлмаганда, маданиятни, тўғри яшаш тарзини тарғиб қилса бўлади-ку. Шахсан мен кино санъатининг яширин тарбиясини шундай тушунаман.

Афсуски, бизда бунинг акси бўляпти. Хусусан, хусусий сектор томонидан тасвирга олинаётган аксар кино ва сериалларда жамиятимиздаги энг жирканч ва разил иллатлар кўрсатилади. Уят сўз ишлатилмаса, фаҳш иш кўрсатилмаса бўлди, ҳеч ким эътироз билдиролмайди, қабилида иш бўляпти. Тарбиявий аҳамияти-чи, дейсизми? У ҳам бор: филмнинг аввалида боқибеғамлик, беҳаёлик, айшу ишрат обдон “реклама” қилинади-да, охирида бу яхши эмас, оқибати ёмон, дегандек хулосача берилади. Худдики, бир қўлида ароқ, бошқасида сигарет тутган ширакайф отанинг ўғилларига, “Сенлар бу ишни қилма, охири вой бўлади”, деганидек гап. Болалар отаси “маза” қилаётганини кўриб турибди-ку. Телевидениеда ҳам шундай.

Ҳолатга оддий кузатувчи сифатида муносабат билдирдим. Ишончим комил, соҳа мутахассислари, таҳлилчиларнинг бу борада айтадиган гаплари, эътирозлари кўп. Хўш, ҳаракат қачон бошланади, кеч бўлгандами? Оилани, қариндошлик алоқаларини қадрламайдиган ёшлар, ажрашишдан қўрқмайдиган хотинлар, зино қилишни гуноҳ эмас, шараф деб биладиган эркаклар авлодини шакллантирганимиздан кейинми? Сиз бу борада нима дейсиз?

Асқар БАРОТОВ.