Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир ғазал шарҳи: Навоийнинг “Оққўюнли мухлислар девони”дан бошқа девонларида учрамайдиган ғазали

Ҳазрат Алишер Навоийнинг фақат “Оққўюнли мухлислар девони”дагина учрайдиган мазкур ғазали туркона, деб тилга олинадиган рамал баҳрининг рамали мусаммани маҳзуф вазнида битилган. Мазмунига кўра ишқий ғазалдир. Байтларда айрим сўзлар ўғуз лаҳжасига хос тарзда (фонетик ўзгачалик: диламазман – тиламасман, кўран – кўрган, эдар – этар, ўлмаз – бўлмас, ўлмас, допгач – топгач; лексик ўзгачалик: дигар – ўзга, бошқа, ўла – бўлади) берилган. Асар беш байтдан иборат ва матлаъдан кейинги байтнинг ўзаро қофияланганини инобатга олиб, ҳусни матлаъ (зеби матлаъ)ли ғазал, деб айта оламиз. Ғазалда тазод (ҳар дам – даме, ғам – нишот, захм – марҳам, маҳрам – номаҳрам...), таносуб (гул, сабо, булбул), ҳусни таълил (Ёринг, эй гул, гар сабодур, нола булбулдин не айб), иштиқоқ (маҳрам, номаҳрам), радд ул- ибтидо илал-зарб (Оламе ҳайрон манга, манда худ ўзга оламе), тамсил (...ёзса, ўлмаз хат, варақ допгач наме) каби қатор поэтик санъатлардан унумли ва ўринли фойдаланилган.

Мунчаким ҳар дам етар жисмума ҳажрингдин ғаме,

Рўзи ўлмасун манго сенсиз нишот этмак даме. 

Ғазалнинг биринчи байтида ҳар лаҳза жисмимга ҳижронинг сабабли қанчалар ғам етишади. Шундай бўлса-да, истайманки, менга сенсиз бир лаҳза ҳам хурсандчилик насиб этмасин, деган маънони англаш мумкин. Гарчи, севикли ёри ҳижронидан тинимсиз ғам етиб турса-да, лирик қаҳрамоннинг бундан шикоят қилмаслиги ва ҳаттоки, ёрисиз бир лаҳза ҳам хурсандчилик насиб этмаслигини сўраб илтижо қилиши ўқувчи кўз ўнгида чин фидойи ошиқни, Ҳазрат Навоийнинг ўз таъбирлари билан айтганда, толиби содиқни гавдалантиради.

Заҳмким қилди хадангинг, рашку ғайратдин даме,

Биллаҳ, ар ўлсам, диламазманки, дигар марҳаме. 

Иккинчи байтда эса ёрнинг ўқлари (киприги) ошиқни жароҳатлагани, аммо шу жароҳат агар унинг ўлимига сабаб бўлса ҳам айни ўша ўқлардан ўзга малҳам истамаслигини айтиб онт ичиши, ёри томонидан пайдо қилинган ярани ҳатто малҳамдан қизғаниши ўқувчи қалбини ҳаяжонга солади.

Ёринг, эй гул, гар сабодур, нола булбулдин не айб,

Тоқатим йўқдурки, ўла маҳраминг номаҳраме. 

Эй гул, агар сабо ёринг бўлса, булбулнинг нола чекиши табиийдир. Худди шундай, мен ҳам номаҳрамнинг ҳамдаминг бўлишига сира тоқат қилолмайман. Учинчи байтга келиб эса лирик қаҳрамон андак шикоят қилишга ботинади ва ёрининг ёнида ғайрнинг ҳозирлигига тоқат қилолмаслигини изҳор қилар экан, гулга сабо ёр бўлса, булбулнинг нола қилиши айб эмас, дея ўзининг руҳий ҳолати ва хатти-ҳаракатини чиройли далиллайди.

Войким, ўлар мени мажнун сени кўран замон,

Оламе ҳайрон манга, манда худ ўзга оламе. 

Ғазалнинг тўртинчи байтида: “Эй, воҳ, мен телба сени кўрган пайтда ўлиб қоламан. Бутун олам менга ҳайрон, менинг ичимда эса тамоман ўзга олам бор”, деган маънони англаш мумкин. Ушбу мисраларда ошиқнинг ҳадди аълосига етган изтироби ва унинг жамият кишилари билан орасидаги фарқи яққол кўзга ташланади. Лирик қаҳрамоннинг жунунвор ишқи, соғинчи шу даражага етганки, у ногаҳон маъшуқасини кўриб қолса, висол шиддатига тоб келтиролмай ўлиб қолади. Унинг бундай ҳолатини кўрган олам аҳли ҳайрон қолишади. Чунки ошиқнинг кўнглида ўзга дунё – олам аҳли билмаган, ҳис қилмаган ва эҳтимолки, бутун умр ҳис қилолмай ўтадиган бир олам мавжуд. Лирик қаҳрамоннинг ҳолатига тушмаган, у бошдан кечирган ҳижрон, рашк азобларини бевосита ўз бошидан ўтказмаган, ёри висолига бу қадар зор бўлмаган киши бу оламни идрок қилолмаслиги тайин.

Меҳрингиз кўз пардаси узра Навоий нақш эдар,

Ҳар нечаким ёзса, ўлмаз хат, варақ допгач наме. 

Асар қаҳрамони севикли ёрига нисбатан туйган меҳру муҳаббатини кўз пардасига (чунки кўз пардасидан кўра софроқ, азиз ва сифатлироқ лавҳ мавжуд эмас!) чиройли, нақшинкор қилиб битмоқчи бўлади. Аммо унинг фироқда мудом ёш тўкиб, намланиб турган кўзи пардасига-да туйғуларини тўла-тўкис акс эттириб бўлмайди. Демакки, қалбидаги мусаффо ҳислари, кечинмалари кўнгли тубида қолиб кетаверади. Зеро, чиндан нам тортган вароққа ёзиб бўлмайди. 

Мазкур ишқий ғазалда ошиқнинг ҳасби ҳоли, кўнгил кечинмалари, маъшуқига самимий, шу билан бирга, оташин муҳаббати ўзига хос жозибали тасвирлар, дилошуб лавҳалар воситасида ифодаланган. Синчиклаб назар ташласак, ғазалдаги ҳар бир образ, ҳар бир сўз Ҳазрат Навоийнинг бадиий мақсадлари йўлида бекаму кўст хизмат қилганини кўрамиз.

Алишер САБРИЙ,

СамДУ магистранти.