Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

БМТ Бош котибига таклифингиз борми?

Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ташкилотнинг 75 йиллиги муносабати билан “БМТ75” глобал кампаниясида иштирок этинг!

Кампания мақсади иложи борича кўпроқ одамларни, айниқса рақамли макон фойдаланувчиларини қамраб олиб, инсоният дуч келаётган ҳозиргидек қийинчиликларни енгиб ўтиш, дунёни яхшироқ қуриш борасида амалга оширилиши лозим бўлган биринчи навбатдаги вазифаларни белгилаш, бутун дунёдаги инсонлардан ғоя ва таклифларни йиғишдан иборат.

Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон ва унинг фуқаролари ҳам сўровда фаол иштирок этиши режалаштирилган. Хусусан, биргина “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг вилоят бўлинмаси томонидан аҳолиси ўртасида - давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан ёшлар билан кенг қамровли тарғибот ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоят телевидениеси билан ҳамкорликда сўровноманинг аҳамияти тўғрисида материал тайёрланиб, намойиш этилди. Ижтимоий тармоқларда катта аудиторияга эга саҳифаларда мазкур сўров жойлаштирилиши чоралари кўрилмоқда.

Глобал сўровномада халқаро ҳамжамиятнинг пандемиядан халос бўлиши, бу йўлда жаҳон мамлакатларининг ҳамкорлиги, келгуси 25 йил давомида янада яхшироқ ҳаёт қуриш учун нималарни амалга ошириш кераклиги каби қатор саволлар мавжуд бўлиб, унда исталган киши ўз фикрини эркин баён қилиши, таклиф ва ғояларини БМТ Бош котибига ёзиб қолдириши мумкин.

Жаноб Гутерриш томонидан илгари сурилган мазкур ташаббуснинг эътирофга лойиқлиги шундаки, бутун Ер юзида яшаётган аҳоли вакилларининг глобал муаммоларга бўлган муносабати, фикр ва ғоялари бир жойда жам бўлади, элакдан ўтади ҳамда кейинги тараққиётимизни белгилаб берувчи дастур ҳамда йўналишларни аниқлаб олишда фойдаланилади.

Вилоятимиз аҳолисини ушбу un75.online сайтида жойланган глобал сўровда фаол иштирок этишга чорлаймиз.

Зафар КАРИМОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

вилоят бўлинмаси раҳбари.