Пайариқдаги ичимлик суви муаммосига ечим борми?
Бу ҳақда вилоят Кенгаши сессиясида айтилганди
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, хусусан, чекка маҳалла ва қишлоқларда марказлашган ичимлик суви тармоқларини қуриш кейинги йиллардаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Жумладан, ўтган йили Пайариқ туманида ҳам аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш борасида анча ишлар амалга оширилди. Бироқ айрим маҳаллаларда яшовчи аҳоли томонидан янги артезиан қудуқлардан чиқаётган сувнинг ичишга яроқсиз эканлиги ҳақидаги мурожаатлар кўпайиб қолди. Ҳатто бу муаммо халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳам кўтарилди.
Ўтган йили вилоят ҳокими Э.Турдимовнинг туманда аҳоли муаммоларини ўрганиш мақсадида ташкил этилган қабулида Бошчўрош ва Гулистон маҳаллалари фуқаролари янги сув насослари ўрнатилганидан бироз вақт ўтиб, яна ичишга яроқсиз сув чиқараётгани ҳақида мурожаат қилган эди. Мазкур шикоятлар «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ мутахассислари томонидан ўрганилганда Бошчўрош маҳалласидаги сув иншооти қурилгандан сўнг орадан бироз вақт ўтиб, сувнинг қаттиқлиги даражаси ўзгариб кетгани аниқланган.
Бошчўрош маҳалласида бўлганимизда янги сув иншооти ишламаётганини кўрдик. 2,5 километрга тортилган тармоқда сув йўқ. Ҳудудда 15 та умумий фойдаланишдаги сув (колонка) кранлари ўрнатилган бўлиб, аксарияти синган ёки жўмраклари олиб ташланган экан.
- Янги сув иншооти ўрнатилганида кўп йиллик сув муаммоси ҳал бўлганидан жуда хурсанд бўлган эдик, - дейди Бошчўрош маҳалласи раиси Шарофиддин Шайманов. - Орадан 6 ойларча вақт ўтганидан сўнг сувнинг таркиби ўзгариб, шўрланиш бошланди. Шундан сўнг аҳоли «Самарқанд сув таъминоти» туман филиали билан шартнома қилишни хоҳламади. Сувчилар эса ортиқча харажат қилишдан қочиб, насосни ўчириб қўйишди. Ҳозирда аҳоли ўз хонадонидаги қудуқ сувидан ичяпти.
Маҳалланинг 178 хонадонига сув етказиб беришга мўлжалланган мазкур сув иншоотида 110 метр чуқурликда артезиан қазилган, аммо айни вақтда ишламасдан турибди. Аҳоли эса ичимлик суви йўқлигидан қийналмоқда.
- Қўшни Соҳибкор қишлоғида собиқ иттифоқ давридан қолган эски сув иншооти бор эди, - дейди Бошчўрош маҳалласида яшовчи Фарҳод Ўсаров. - Кўп йиллар давомида шундан сув ичиб келганмиз. Бироқ 25 йилдан буён мотори ишдан чиқиб, сув бермай қўйди. Ана шу иншоотни қайта ишлатиш масаласини кўриш керак. Чунки унинг суви тоза ва сифатли эди. Эски иншоот билан орамиздаги 800 метр масофага қувур ташлаб, янги қурилган тармоққа улаб берилса, яхши бўларди.
Мутахассислар фикрича, вақт ўтиши билан ер остидан олинаётган сувнинг ҳам таркиби ўзгариб туради. Шунинг учун сув таркибини ҳар ойда бир марта текшириб, бактерияларнинг ҳолати, ернинг шўрланиш даражасини ўрганиш лозим. Агар хулосалар яхши чиқмаса, сувни махсус моддалар ёрдамида зарарсизлантириб, сўнгра маҳаллаларга етказиб бериш зарур.
- Махсус лабораториянинг дастлабки хулосаларига кўра, мазкур сув насосидан чиққан сувнинг қаттиқлиги 8 даража бўлган эди, - дейди «Самарқанд сув таъминоти» туман филиали директори Ҳусниддин Сайфиев. - Аҳоли 6 ой давомида шу сувдан ичиб турди. Улар билан шартнома тузамиз деганимизда аҳоли бу сувнинг қаттиқлигини айтиб, битим тузмади. Ҳозирда бу маҳалланинг корхонамиздан 6 миллион сўмдан зиёд қарзи бор. Аҳоли сув қаттиқ экан, деб ўз ҳовлисидаги қўлбола кран ва қудуқлардан фойдаланиб келмоқда. Шундай бўлса-да, махсус машиналарда ҳафтада бир марта ичимлик суви етказиб беряпмиз.
- Янги қурилган иншоотдан чиқаётган сувнинг сифати ёмонлашиб кетган, - дейди «Самарқанд сув таъминоти» АЖ бош муҳандиси Толиб Сиддиқов. – Қўлбола кранлардан олинаётган сувнинг қаттиқлиги даражаси ҳам 15-16 даражага етган. Бу ичишга мутлақо яроқсиз ҳисобланади. Бунга асосий сабаб ер остида турли минераллар ва тузнинг ҳаддан ташқари кўплиги, сувнинг шўрланишидир. 110 метр чуқурликдан чиқаётган сувнинг сифати ҳам 11 даражани кўрсатмоқда. Бу ҳам техник сув ҳисобланади. Айни вақтда ичимлик суви ва фильтрлар бўйича ишлайдиган мутахассислар билан келиб ўргандик ва иншоотга махсус тозаловчи ускуналар ўрнатишга қарор қилдик. Тез кунларда Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий фильтрлар олиб келиб ўрнатамиз.
Туманнинг Гулистон маҳалласидаги Тепалик қишлоғида 2014 йилда қурилган сув иншоотидан чиқаётган ичимлик суви қаттиқ ва шўрлиги туфайли аҳоли турли касалликларга чалинаётганлиги тўғрисида мурожаатлар бўлган эди. Маълум бўлишича, 2023 йилда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан мазкур қишлоқда янги сув иншооти қурилиб фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда мазкур сув иншооти қишлоқдаги 140 та хонадонни тоза ичимлик суви билан таъминламоқда.
- Бир неча йилдан буён қудуқларимиздан шўр сув чиққанлиги сабабли ичимлик суви масаласи биз учун асосий муаммо эди, - дейди Тепалик қишлоғида яшовчи Асатулло Насруллаев. – Вилоят ҳокимига мурожаатимиздан сўнг инвестиция маблағлари асосида янги сув иншооти қуриб берилди. Барча хонадонларга тоза ичимлик суви етиб борди.
Бироқ қишлоқдаги хонадонларда қудуқ ёки қўлбола кранлар бор. Суви ичишга яроқсиз бўлгани учун аҳоли фақат чорва моллари ва томорқасини суғоришга ишлатади. Ҳозиргача 78 та хонадон ва «Самарқанд сув таъминоти» ўртасида ичимлик суви бўйича шартнома тузилган.
Тоза ичимлик суви масаласи асосий муаммомизга айланмоқда. Сув ресурсларининг камайиши ва танқислигидан тегишли хулосалар қилиб, сувни тежаш ва рационал ишлатишни ўрганишимиз зарур. Кундалик ҳаётимизда сувни беҳуда, мақсадсиз исроф қилишга чек қўйишимиз керак.
Дилмурод Тўхтаев.