Пайариқда драйвер лойиҳалар нега кечикмоқда?

2024 йил 20 декабрда Президентимизнинг “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди.
Унга кўра, 2025 йилда “Зарбдор тажрибаси” асосида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида драйвер лойиҳалар шакллантирилган.
Халқ депутатлари Пайариқ тумани Кенгашининг 2025 йил 28 февралдаги қарори ҳамда туман ҳокимлигининг таклифига асосан, 1-босқичда 3 та лойиҳа учун республика бюджетидан 5,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Аммо драйвер лойиҳалар инфратузилмаси учун республика бюджетидан пул ажратиб берилишига қарамай, лойиҳаларни ишга туширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.
Жумладан, Навбаҳор маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Булунғур ариғининг 1 километр қисмида сув ўзани ўзгариши натижасида ҳосил бўлган 1,2 гектар ер майдонидаги оролчани зарур инфратузилма билан таъминлаш (1 километр электр тармоғи тортиш, 1 та ТП, 40 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, 1 та ичимлик суви иншооти, 1 километр сув тармоғи тортиш, 1 километр йўлни асфальтлаш, 700 метр лоток ўрнатиш ва каналнинг 2 километр қисмини бетонлаштириш) орқали савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш белгиланган.
Бугунги кунда соҳил бўйи учун 1 километр йўл асфальт қилинган бўлса-да, енгил конструкцияли 6 та меҳмон уйи, 15 та шийпон, 10 та ўтов ҳамда 8 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланмаган. Дўстлик маҳалласи ҳудудидаги ҳокимлик захирасида турган 2,5 гектар ер майдонини (4 та лот) зарур инфратузилма билан таъминлаш (4 километр электр тармоғи тортиш, 1 та ТП, 1 та ичимлик сув иншооти ўрнатиш, 400 метр ичимлик суви тармоғи тортиш, 3 километр тупроқ йўлни шағаллаштириш) натижасида қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Бироқ бугунги кунда 2,5 гектар ер майдони ҳокимият захирасига олинмаган ҳамда тоифасини ўзгартириш бўйича бирор бир иш бажарилмаганлиги сабабли бу лойиҳани амалга оширишнинг имкони йўқ. Лойиҳа бошланган деб важ қилиб кўрсатилаётган саноат лойиҳаси танланган ҳудуддан 2,5 километр масофа узоқликда жойлашган. Шунингдек, 3 километр масофадаги тупроқ йўлнинг шағаллаштириш учун танланган йўл саноат лойиҳаларига умуман алоқаси йўқ. Бундай ҳолатда инфратузилма учун ажратилган 1,5 миллиард сўм пул маблағлари мақсадсиз ишлатилиши мумкин.
Бошчўрош маҳалласи ҳудудидаги “Самарқандбалиқсаноат” МЧЖга қарашли 440,6 гектар балиқчилик майдонини зарур инфратузилма билан таъминлаш орқали тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижара шартнома асосида балиқ етиштириш, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари ташкил этиш белгиланган. Ҳозирда зарур инфратузилма билан таъминлаш ишлари амалга оширилаётган бўлса-да, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари ташкил этиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 130 та янги иш ўрни яратилиб, бюджетга қўшимча 3,5 миллиард сўм маблағ тушиши режалаштирилган. Хўш, туманда ушбу лойиҳаларнинг ишга туширилиши нега кечикяпти?
- Туманнинг ривожланиш нуқтасини топиш мақсадида малакали мутахассислар, тажрибали инсонлар билан биргаликда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш аҳоли бандлигини таъминлаш йўлларини ўрганиб, муҳим қарорга келдик, - дейди туман ҳокими Исроил Жабборов. – Шу мақсадда драйвер лойиҳаларнинг биринчи босқичида 3 та маҳаллани танлаб олганмиз.
Дўстлик маҳалласи 20 минг гектардан ортиқ ҳудудни қамраб олади ва асосан чорвачилик, узумчиликка ихтисослашган. Бундан 4-5 йил олдин маҳалла ҳудудидаги Ингичка қишлоғида томчилатиб суғоришга мўлжалланган 2 минг гектарли янги узум боғи яратилганди. Маҳаллий аҳоли узумчилик билан шуғуллангани сабабли давлат томонидан жуда катта ресурс ажратилган. Шу боис биз қуруқ мевани қадоқлаш лойиҳасини амалга ошириш учун дастлаб Ингичка боғининг юқори қисмини танлагандик. Мутахассислар келиб ўрганиб, бу ерда ерости суви йўқлиги тўғрисида хулоса берди ва шундан сўнг шу маҳалладан чиқмаган ҳолда лойиҳани узумзорнинг юқори қисмидан пастки қисмига кўчиришга мажбур бўлдик. Бунинг учун жорий йил 27 апрелда ташаббускор тадбиркорларни топдик. Ҳозирда ўша тадбиркор ўзига тегишли ерда биноларни қуриб фойдаланишга тайёр ҳолга келтирди. Режа бўйича лойиҳани ноябрь ойида топшириш белгиланган, лекин биз бу лойиҳани сентябрь ойида ишга туширишни мақсад қилганмиз.
Бошчўрош маҳалласидаги иккинчи лойиҳамиз 25 миллион куб метр сув сиғимига эга Қорасув сув омборининг пастки қисмидаги 500 гектарлик майдон ва унинг 240 гектари ҳовузлардан иборат. Сув ҳавзалари “Балиқсаноат” МЧЖга қарашли бўлса-да, йиллар давомида самарасиз, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолган, лекин катта имкониятли нуқта.
Президентимиз Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказганди. Биз ушбу маҳаллани шу йўналишда ривожлантириш бўйича таклиф бергандик. Шундан сўнг лойиҳа раҳбарият томонидан назоратга олинди. Иккинчи қадамимиз эса драйвер лойиҳага киритдик. Хўш, нима ўзгарди? Аввал, йўл инфраструктураси йўқлигидан бориш имкони бўлмаган, қатнови паст бўлган маҳалла йўлининг 2 километр қисми республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан асфальтланди, натижада қатнов ошди. Йўлнинг қолган қисмида ўзимизнинг ички имкониятларимиздан келиб чиқиб кичик таъмирлаш ишларини олиб боряпмиз. Тадбиркоримиз ҳам Хитойдан балиқларни автоматик озиқлантириш ускуналарини олиб келди ва бунинг натижасида балиқ кўпайтириш имконияти яратилди. Шунингдек, тадбиркор ўзига тегишли йўлларни текислаб, кичик шийпончалар қурди, аҳолининг дам олиши учун шароит яратмоқда.
Учинчи лойиҳага киритилган Навбаҳор маҳалласини танлашимизга сабаб ҳудудда Кўктепа тепалиги бор. Ўрганишларга кўра, бу тепалик тарихи 3 минг йилга бориб тақаляпти. Бу эса ҳудудга сайёҳларни жалб қилиш имконини беради. Шу жиҳатлар ва маҳалладан Булунғур ариғи ўтганлиги, табиий манзарани инобатга олиб, ариқнинг ўнг ва чап томонига аҳоли дам олиш масканлари ташкил қилиш таклифи қабул қилинди. Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раҳбарлари билан жойни ўрганиб, шартнома тузилди ва тадбиркор ишни бошлади.
Кўрсатилган барча лойиҳаларни ишга тушириш учун ноябрь ойигача муддат белгиланган. Лекин биз лойиҳаларни ўз вақтида, сифатли топширишга кафолат берамиз.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.