Жиноятчиликнинг олдини олишда профилактика инспекторининг ўрни қандай?
Пайариқ тумани Хоса маҳалласи айни пайтда жиноятчилик бўйича «яшил» тоифадаги ҳудуд ҳисобланади. Бунда, албатта, профилактика инспектори томонидан маҳалла фаоллари ва ёшлар ҳамкорлигида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган тадбирларнинг аҳамияти катта.
- Уч йилдан бери шу ҳудудда фаолият олиб бораман, - дейди Обид Салимов. - Маҳалламиз 2021 йилда иккита жиноят содир этилгани учун «сариқ» тоифада, 2022 йилда эса жиноятлар биттага кўпайгани сабабли «қизил» тоифада эди. Бундан хулоса чиқариб, жиноятлар сабабларини ўргандик. «Касалликни даволашдан кўра олдини олган яхши», деган нақлга амал қилиб, профилактик тадбирларни кучайтирдик. Жиноятчиликнинг олдини олиш бир кишининг иши эмас. Агар профилактика инспекторига маҳалла фаоллари, нуронийлар ва ёшлар яқиндан ёрдам бермас экан, натижага эришиб бўлмайди.
У бугунги кунда профилактика инспекторларига яратилаётган имкониятлардан мамнун.
- Маҳалла осойишталиги йўлида сидқидилдан ишлаш учун етарли шароит бор, - дейди О.Салимов. – Бошқа ҳудуддан келиб фаолият юритаётганим учун хизмат уйи билан таъминланганман. Бу ерда оилам билан яшайман. Фарзандларим ҳам шу маҳалладаги таълим муассасаларига қатнайди.
Маҳалладаги шижоатли йигитлардан иборат «Қалқон» гуруҳлари ташкил этилган. Улар кечаю кундуз профилактика инспекторига яқин кўмакдош.
- Ёшлар билан дўстлашишга, улар билан хушмуомала бўлишга интиламан, - дейди қаҳрамонимиз. - Сабаби, жиноятчиликнинг олдини олишда улар катта куч ҳисобланади. Болалигида шўх бўлиб, етарлича таълим-тарбия ололмай, бугунги кунда ўз ҳаёт йўлини топишда қийналаётган, жиноятчиликка мойиллиги бор ёшлар билан кўпроқ ишлайман. Уларни эртанги кунга ишонч билан яшашга чақираман, биргаликда спорт машғулотларида қатнашаман.
Обид Салимов ўзи фаолият олиб бораётган Хоса, шунингдек, Бошқўрғон ва Бошчўрош маҳаллаларини ўз ичига олган маъмурий ҳудудда профилактика катта инспектори ҳисобланади. Қўшни маҳаллалардаги ҳамкасблари билан ҳам ҳамкорликни яхши йўлга қўйган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).