Хизмат ёки маҳсулотга навбатда туриш қачон ва қандай барҳам топади?

Навбат нима учун юзага келади, бунинг сабаблари, оқибатлари қандай бўлади, деган савол бугун жамиятимизга рақамли иқтисодиётнинг кириб келишига қарамасдан, ўта долзарб масалалардан бирига айланди.
Масалан, тиғизлик юзага келишининг бир қанча сабаблари бор. Аввало, бирор нарсага талаб таклифга нисбатан юқори бўлганда навбат юзага келади. Яъни, бирор нарсани харид қилувчи одамлар сонининг кўплиги, лекин хизмат кўрсатадиган сотувчининг сони талаб даражасида эмаслиги навбатлар кўламини оширади. Маҳсулотнинг талабга яраша етарли бўлмаслиги ҳам тиғизликни юзага келтиради. Бундай ҳолатлар бозорлар, давлат хизматлари марказларида, шифохоналарда ва аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилотларда учрамоқда.
Хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги ҳам навбатларни ошириши мумкин. Айрим хизмат турлари борки, уларни тез амалга ошириб бўлмайди. Чунки уни бажариш учун маълум бир вақт талаб этилади. Бундай шароитда мижозлар сонига қараб, ходимлар сонини белгилаш лозим.
Айрим идораларда ташкилотчиликнинг етарли эмаслиги навбатнинг сунъий ортишини кучайтиради. Баъзи идораларда навбатлар назорат қилинмайди, электрон ёки рақамли тизимлардан фойдаланилмайди. Вақтдан қиммат нарса йўқ. Шунинг учун одамларнинг вақтини ўғирламаслик керак.
Яна бир сабаб, дўконларда талабга мос ресурслар чекланган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Масалан, озиқ-овқат маҳсулотларининг турлари етишмайди ёки муайян товарлар импортига чекловлар қўйилган бўлиши мумкин. Жумладан, мева-чеваларга йил давомида эҳтиёж бор. Аммо буларни етиштириш мавсумий характерга эга. Захиралар йилнинг маълум даврига бориб тугаб қолади.
Бугун замонавий маҳсулотлар - смартфон, автомобиль, уй-жойга талаб юқори. Уй-жой харид қилиш учун бериладиган имтиёзлар, субсидиялар учун ҳам навбатлар мавжуд. Шунинг учун одамлар навбатларда вақтини йўқотмаслик учун таниш-билишларини ишга солишга ҳаракат қиляпти. Бунинг оқибатида коррупциявий ҳолатларга йўл очилмоқда. Ачинарлиси, бир-икки киши шу йўлни тутса, бошқа одамларда ҳам шунга мойиллик кучаймоқда.
Одатда, вақтнинг йўқотилиши одамларни бошқа ишлардан қолдиради. Шу тариқа соатлаб йўқотилган вақт ҳисобига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари самарадорлиги пасайиб кетади. Аҳоли ўртасида норозилик пайдо бўлади, асабийлашади. Шу тариқа жамиятда носоғлом муҳит шаклланади, ижтимоий тенгсизлик юзага келади.
Шунингдек, иқтисодий йўқотишлар содир бўлади. Корхоналар ёки хизмат кўрсатиш ташкилотлари мижозларини йўқотади. Маҳсулот ишлаб чиқариш айланмаси секинлашади.
Навбатларнинг ижобий жиҳатлари ҳам борки, бунда асосан ишлаб чиқарувчиларда, хизмат кўрсатувчиларда талабни баҳолаш имкони туғилади. Яъни, қайси хизмат ёки маҳсулотга талаб юқори эканлигини аниқлаш мумкин. Бу тизимни яхшилаш учун ишора сифатида ҳам баҳоланади. Шу орқали давлат ташкилотлари, тадбиркорлар ўз хизмат кўрсатиш тизимини ислоҳ қилиш зарурлигини тушуниб етади.
Рақамлаштириладиган шароитда навбатларни юмшатиш учун бир қанча ечимлар мавжуд. Аксарият корхона ва ташкилотларда электрон навбат тизимлари жорий қилинмоқда. Бу одамларнинг ортиқча вақтини олмайди. Асосий хизматлар инсон омилисиз, масофадан туриб ҳал қилинаётгани коррупцияга барҳам беради, муммоларнинг тез ва осон ечимига сабаб бўлади. Муҳими, хизматларни рақамлаштириш ресурсларни адолатли тақсимлаш ва етказиб бериш имкониятини кенгайтиряпти.
Мамаюнус Пардаев,
профессор.