120 йиллик тарих ва фидойи меҳнат эътироф этилди

Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари куни ва мазкур ташкилот ташкил этилганлигининг 120 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
 
Унда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилоят кенгаши ва тармоқ касаба уюшмалари фаоллари ва ходимлар, соҳа фахрийлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 
 

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, касаба уюшмалари аъзолари ва фахрийларни байрам билан табриклади. 

– Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ижтимоий давлатнинг энг муҳим тамойилларидан биридир, – деди А.Бобоев. – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва унинг қуйи ташкилотлари ана шу тамойилни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилиб келмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда касаба уюшмалари тизими фаолиятини ривожлантириш, айниқса, уни халқнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини биладиган, амалий ёрдам бера оладиган тузилмага айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Буни Президентимиз шу йил 17 октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашувда ҳам алоҳида қайд этиб, касаба уюшмаларини халқ ичига кирган, халққа энг яқин жамоат ташкилоти сифатида эътироф этдилар.

Бугунги кунда вилоятда 4212 та касаба уюшма ташкилоти фаолият юритиб, 800 мингга яқин ходим ва талаба-ёшларни ўз атрофига бирлаштирган. Касаба уюшмалари уларнинг меҳнат, ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароити яратишда муҳим ўрин тутмоқда. Меҳнат жамоаларида ходимларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асоси” тамойили асосида фаолият олиб бормоқда.

Тадбирда касаба уюшмалари тизимида фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган бир гуруҳ ходимлар, соҳа фахрийлари “Ўзбекистон касаба уюшмаларига 120 йил” эсдалик нишони ҳамда вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси билан тақдирланди. 

Шунингдек, маросимда касаба уюшмалари ташкилотлари тизимида ўтказилган турли танлов ва мусобақалар ғолиблари ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари фередацияси ҳамда вилоят ташкилоти томонидан рағбатлантирилди.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат).