Аъзолиги йўқларга ҳам ёрдам берилади

Вилоят Матбуот уйида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши томонидан соҳада амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда кенгаш раиси Суҳроб Рафиқов мавзу юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда касаба уюшмаларининг мавқеини ошириш, фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада жамоат ташкилоти нафақат ўз аъзолари, балки аъзолиги йўқ фуқароларга ҳам кўмак берувчи, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилувчи ташкилотга айланди.

Соҳада янгиликлар кўп. Хусусан, касаба уюшмалари ташаббуси билан жамоат шартномаларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” лойиҳаси киритилиб, ўтган даврда вилоятдан 19 минг 590 нафар ишчи-хизматчи ва уларнинг оила аъзолари саёҳати ташкил этилди. Шундан 13 минг 939 нафари ўз ҳудудидаги диққатга сазовор жойларда, 5 минг 651 нафари тарихий шаҳарларда бўлди. 3 минг 505 нафар ишчи-ходимнинг концерт дастурларига, 10 минг 789 нафарининг театр томошаларига, 1201 нафарининг музейларга бориши ташкил этилди.

Жорий йилнинг ўтган вақтида 4 минг 780 нафар фуқаро касаба уюшма тизимидаги санаторийларда соғломлаштирилган бўлса, шундан 217 нафари меҳнат ва уруш фахрийлари, байналминалчи жангчилар, чернобилчилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари ҳисобланади.

Матбуот анжумани якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши ўртасида соҳани янада кенг ёритиш мақсадида келишув меморандуми имзоланиши таклифи билдирилди. Келгусида таклифни амалга оширишга келишиб олинди. Унда оммавий ахборот воситалари ҳамда касаба уюшмаси ходимлари иштирокида турли танловлар, маданий ва спорт тадбирлари ташкил этилиши белгиланди.