Ёнғин ва ис гази бепарволарни жазолайди
“Фаолиятимиз давомида газ баллонини қизиб турган печ ёки тандирдан чиққан чўғ устига қўйиб, ичидаги конденсатни қиздираётган фуқароларни кўрдик. 16 атмосфера босими бор газ баллонининг оғзини техник йўл билан каттартиришга уринганлар ҳам бўлган. Буларнинг ҳеч бири яхшилик билан тугамаган...”.
Бу вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроровнинг сўзлари. “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, фуқароларнинг хабардорлиги ва масъулиятини ошириш бўйича қилинаётган ва қилишимиз керак бўлган ишлар ҳақида фикр юритилди.
Кунлар совуб, аҳолининг хонадонини иситишга эҳтиёжи ортмоқда. Бироқ жараёнда кўпинча ёнғин ва бошқа хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаслиги турли бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат. Шу мақсадда ҳар йили қиш мавсуми бошида республикамизда “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” тадбири ўтказилади. Жорий йил ҳам 15 ноябрдан 15 декабрга қадар шу номдаги профилактик тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Вилоятимиз мисолида гапирадиган бўлсак, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан юқорида тилга олинган ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар аллақачон бошлаб юборилган. Хусусан, вилоятда ўтган вақтда содир бўлган ёнғинларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, хавф юқори бўлган маҳаллаларда ўрганиш ишлари ўтказилган. Корхона-ташкилот, хонадонларда ёнғин хавфсизлиги ҳолати текширилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ишлар қилинмоқда.
— Профилактикада фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги бўйича билим ва кўникмаларини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти, - дейди Умид Аҳроров. – Лекин бу фақат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг вазифаси бўлиб қолмаслиги керак. Бошқа ташкилотлар, хусусан, маҳалла, таълим муассасалари, жамоатчилик билан ишлайдиган идоралар ва айниқса, оммавий ахборот воситалари жараёнга ҳисса қўшиши лозим. Шундагина яхши натижага эришамиз.
Маълумотга кўра, 2022 йил куз-қиш мавсумида 124 та, 2023 йилда эса 107 та ёнғин содир бўлган. Жорий йил кўрсаткични янада камайтириш режалаштирилмоқда. Албатта, бу фақат фавқулодда вазиятлар бошқармасига боғлиқ масала эмас.
Асқар БАРОТОВ.