Минглаб шогирдлар, юксак натижалар ва халқаро эътироф
Президентимиз Фармонига кўра, Самарқанд шаҳридаги “Инновацион Маскан” нодавлат таълим муассасаси директори Муҳаммадхон Солиев “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди.
Бу юксак мукофот унинг таълим соҳасидаги кўп йиллик меҳнати, ёшларга берган билими, халқаро тажрибани маҳаллий таълим жараёнига татбиқ этиш борасидаги изланишлари ҳамда малакали кадрлар тайёрлашга қўшаётган муносиб ҳиссасининг эътирофи, десак муболаға бўлмайди.
Халқаро тажриба ва юксак тил маҳорати
Муҳаммадхон Солиев Буюк Британиянинг Нортгемптон университети битирувчиси. У халқаро тажрибага эга малакали педагог ва жонкуяр раҳбар сифатида хорижий тилларни ўрганаётган ўқувчи ва талабалар, шунингдек, ўқитувчиларнинг тил кўникмаларини ривожлантириш, замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш ва малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
У хорижий тилларни ўқитиш соҳасида халқаро тан олинган экспертлардан бири бўлиб, ўзбек, инглиз, рус ва тожик тилларини мукаммал билади. Муҳаммадхон Солиев Ўзбекистонда биринчи бўлиб C2 даражага, яъни IELTS 9.0 га тенг натижага эришган мутахассис сифатида ҳам эътироф этилган.
Шунингдек, у “Cambridge English” ташкилотининг Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги тақдимотчиси ҳамда тренери сифатида фаолият юритиб, тил ўқитувчиларининг касбий маҳоратини оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Халқаро ҳамкорлик ва янги имкониятлар
М.Солиев Марказий Осиё хорижий тил ўқитувчилари ассоциацияси — Central Asia TEFL платформасининг ташаббускорларидан бири ҳисобланади. Унинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан хорижий таълим ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик алоқалари тузилган. Жумладан, Янги Зеландиянинг “Intuto” халқаро мактаби ҳамда Буюк Британиянинг “ELT Consultants” таълим муассасаси раҳбари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Муҳаммадхон раҳбарлигида олиб борилган ишлар натижасида нуфузли “MM Publications” нашриёти томонидан Ўзбекистонга 300 минг евро миқдорида грант ажратилишига эришилгани ҳам унинг халқаро ҳамкорлик борасидаги фаолияти самараларидан биридир.
Унинг илмий изланишлари ҳам эътиборга молик: 10 га яқин илмий иш ва мақолалари АҚШ, Германия ва Ҳиндистондаги халқаро тан олинган илмий журналларда чоп этилган.
5 мингга яқин шогирд — катта мактаб самараси
2017 йилда Самарқанд шаҳрида “Инновацион Маскан” нодавлат таълим муассасасига асос солган Муҳаммадхон Солиев шу кунга қадар қарийб 5000 нафар шогирд тайёрлашга эришди.
Бугунги кунда унинг шогирдлари АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия ва дунёнинг яна 20 га яқин мамлакатларида таҳсил олмоқда. Бу рақамлар таълим муассасасида йўлга қўйилган тизимли ишларнинг амалий натижасини яққол кўрсатади.
Сўнгги уч йил давомида Муҳаммадхон Ўзбекистондаги 16 дан зиёд олий таълим муассасасига методологик ёрдам кўрсатиб, таълим сифатини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Шу билан бирга, давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимлари ҳамда педагоглар учун мунтазам равишда машғулот ва тренинглар ўтказилмоқда. Унинг ташаббуси билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ходимлари ва халқ таълими тизимидаги ўқитувчиларнинг ҳар шанба куни бепул маҳорат дарсларида иштирок этиши учун шароит яратилган.
Натижа рақамларда намоён
“Инновацион Маскан” нодавлат таълим муассасаси жамоаси эришган натижаларда М.Солиевнинг раҳбарлик салоҳияти ва устоз сифатидаги меҳнати яққол намоён бўлади. Унинг раҳбарлиги остида муассасанинг 1500 дан зиёд ўқувчиси миллий ва халқаро тил билиш сертификатларини қўлга киритган. Жумладан, Суҳроб Муродов C2 CEFR ҳамда IELTS 9.0 сертификатларини қўлга киритган илк ўзбек ёшларидан бири бўлди. Бобиржон Бахтиёров ҳам IELTS 9.0 натижасига эришди.
Шогирдларнинг халқаро университетларга кириши ва йирик грантларни қўлга киритиши ҳам таълим муассасасида яратилган имкониятлар самарасидир. А.Санаев АҚШнинг Arizona State University университетидан 330 минг АҚШ доллари миқдорида грант, П. Субҳонқулов Duke University университетидан 220 минг АҚШ доллари миқдорида грант, У.Авчиев эса Michigan State University университетидан 200 минг АҚШ доллари миқдорида грант соҳибига айланган.
Муҳаммадхон Солиев шогирдларининг изланишлари фақат тил ўрганиш билан чекланиб қолмаётгани ҳам эътиборга лойиқ. Унинг ўқувчилари Саидафзал Шукуров, Ҳожиакбар Муродов ва Самандар Муҳаммадиевлар инглиз тилини ўрганишни сунъий интеллект ҳамда кенгайтирилган реаллик — AR (Augmented Reality) технологиялари ёрдамида баҳолаш имконини берувчи адаптив тизим яратган. Мазкур платформа 10 га яқин мамлакатда синовдан ўтказилган. Лойиҳа бош қароргоҳи Грецияда жойлашган ва 20 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритадиган нуфузли халқаро таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бири — Maria Diavati номидаги Халқаро илмий-изланиш ва педагогик мактаби мутахассислари томонидан ўрганилиб, амалиётга жорий этилган.
Келажакка қаратилган меҳнат
Муҳаммадхон Солиевнинг фаолиятида эътиборли жиҳат — у эришилган натижалар билан чекланиб қолмаётгани, балки янги авлод педагоглари ва ёшлар учун имкониятлар яратишга интилаётганидир. Унинг устозлик фаолияти натижасида халқаро сертификатларга эга бўлган, нуфузли хорижий университетларда таҳсил олаётган, йирик грантларни қўлга киритаётган ва замонавий технологиялар асосида янги лойиҳалар яратаётган ёшлар сафининг кенгайиб бораётгани шундан далолат беради.
“Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланиши эса Муҳаммадхоннинг нафақат бугунги меҳнати, балки мамлакат таълими ва ёшлар келажагига қўшаётган узоқ муддатли ҳиссасига берилган муносиб баҳодир.