37 сотихли томорқадан 200 миллион даромад олиш мумкинми?
Булунғур туманидаги 39,4 мингга яқин аҳоли тасарруфида 3930 гектардан ортиқ томорқа ер майдони бор.
Жорий йилда экин майдонларига асосий ва такрорий, тўқсонбости усулида полиз-сабзавот, картошка, дуккакли ва бошқа экинлар экилган. Қулай жойлашув, унумдор ер томорқадан ҳам юқори даромад олишда қўл келишини туманга уюштирилган пресс-турда гувоҳ бўлдик.
Кўчатни “тангага сотиб” бой бўлиш мумкинми?
Дастлабки манзилимиз туманнинг Зарафшон маҳалласи бўлди. Қайси хонадонга кирмайлик, одамлар томорқасида пиёз, помидор, булғор қалампири кўчати етиштираётганини кўрдик. Кўчатнинг ортидан яхшигина даромад ҳам олишади. Бир сафар бошқа ҳудудда яшовчи камбағал оилага томорқасида кўчат етиштириб сотиб даромад олишни таклиф қилганимда кўчатни арзонлигига ишора қилиб “Кўчатни тангага сотиб, катта даромад қилиш мумкинми?” деганди. Қиш пайтида камхаражат иссиқхона қуриб кўчат экиш орқали баҳорда яхшигина даромад олиш мумкин экан. Маҳалладаги Файзулла Ҳотамов хонадонида бўлганимизда бунинг гувоҳи бўлдик. 66 ёшли отахон 6 сотих экин майдонида 100 га яқин мевадан ташқари ҳар йили февраль ойида 4 сотихли иссиқхонада пиёз экади, май ойида 50-60 сотих ерга етадиган кўчат чиқаради. Пиёз кўчатни сотишдан бугунги нархда 17 миллион сўм, 60 метрли иккинчи иссиқхонадаги булғор қалампири кўчатидан 9 миллион сўм даромад олади. Кўчатдан бўшаган майдонга булғор қалампири экиб, тумандаги “Булунғур Сандвик” МЧЖга шартнома асосида сотади. Сентябрда эса экиндан бўшаган ерга саримсоқпиёз экиб, март ойида кўкат ҳолида сотади.
- Меваларни ҳосилини ўзимиз истеъмол қилганимиз, бозорга сотганимиздан ташқари 6 сотих ердан йилда ўртача 35 миллион сўмдан ортиқ даромад қиламиз, - дейди Ф.Ҳотамов. – Ўтган ойда маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси чорва ва парранда учун имтиёзли кредит берилаётганини айтиб қолди. 18 ой имтиёзли давр билан тўрт йилга 27 миллион сўм кредит олиб 17 миллион сўмига “Зарафшон Ломанн парранда” корхонасидан 160 бош парранда, бир ойлик озуқаси ва қафасларини олдик. Қолган пулга икки бош чорва моли олдик. Товуқлар ўн кун ўтиб тухум бера бошлади. Ҳозир кунига 145-150 тагача тухум оламиз. Тухумни туман тиббиёт бирлашмаси билан шартнома тузиб, донасини 1000 сўмдан топширяпмиз. Чорвадан кунига 6 литр сут олиб, эҳтиёждан ортганини сотяпмиз. Оддий қилиб айтганда, уйдан чиқмасдан кунига 200 минг сўмгача даромад оляпмиз.
Унинг қўшниси Баҳодир Тожибоев кредит ҳисобидан 160 бош парранда ва 1,5 сотихли иссиқхона қурган. Етиштирилган тухумни корхонанинг ўзига сотади. Йил бошидан буён маҳалладаги "дафтар"ларда турувчи, ишсиз фуқароларнинг 13 нафарига имтиёзли шартларда кредит ажратилиб, бандлиги таъминланган ва даромад манбаи яратилган.
Томорқадан 150 миллион сўм даромад...
Туманннинг Гулобод маҳалласида истиқомат қилувчи Абдухолиқ Исоқов тасарруфида жами 37 сотих томорқа майдони бор. Хонадондаги 200 тупга яқин мевали дарахт, узум ва экинлар парвариши билан барча оила аъзолари шуғулланади ва шу меҳнати ортидан яхшигина даромад олишади. Оддий ҳисоблайдиган бўлсак, 6 сотихдаги булғор қалампиридан 35 миллион сўм, 3 сотихдаги картошкадан 2 тонна ҳосил ва 20 миллион сўм, булғор қалампири кўчатидан 10 миллион сўм олинади, сентябрда бўшаган ерга исмалоқ ва саримсоқпиёз экилади. Оила аъзолари томорқадан йилига 150 миллион сўм даромадга эга бўларкан. Шу даромад ҳисобидан томорқанинг тўрт томонидан тўрт ўғлига уй қурган оила 33 миллион сўм кредит олиб, 200 бош парранда ва 8 бош қўй харид қилибди. Кунига 160 тадан ортиқ тухум арзон нархда бозорга чиқарилиб, рўзғорга қўшимча даромад келтирмоқда. Томорқа, чорва ва парранданинг фойдасини қўшсак, оиланинг даромади 200 миллион сўмдан ҳам ортади.
- Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, йил якуни билан туманимизда 163,2 минг тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилган, - дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ибрагимов. – Етиштирилган маҳсулотни қайта ишлаш бўйича 5 та корхона билан шартномалар тузилган. Шунингдек, йил давомида туман бўйича уч марта ҳосил олишга имкон берадиган 1042 та ихчам иссиқхона ташкил этиб, қўшимча 2813 тонна ҳосил олишга эришилади. Тумандаги 55 та маҳалладан "дафтар"ларга киритилган хонадонлар ўрганилиб, 275 та хонадонга чорва моллари, қўй, бедана, парранда боқиш орқали уларни иш билан таъминлаш, даромад манбаига эга бўлиш имконияти яратилди.
“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида тумандаги 51 та маҳаллани ихтисослаштириш (9 та сабзавотчилик, 19 та картошкачилик, 19 та мева-сабзавотчилик, 4 та чорвачилик) бўйича ишлар олиб борилмоқда. Аҳоли томорқаларида ихчам иссиқхоналарда маҳсулот етиштиришни йўлга қўйиш орқали туманнинг Сарқипчоқ ва Гулзор маҳаллалари тажрибаси барча ҳудудларга кенг жорий қилинмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.