Самарқанд судларида иқтисодий ишлар кескин кўпайди

Вилоят суди раиси ўринбосари Х.Турсунов иштирокида ўтказилган брифингда вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 2025 йилнинг 9 ойи давомида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Жумладан, 2025 йилнинг 9 ойи давомида иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан 56 421 та (ўтган йилнинг шу даврида 11 735 та) иқтисодий ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилган. Шундан 53 967 та даъво қаноатлантирилган, 1939 та даъво рад қилинган, 309 та ариза кўрмасдан қолдирилган (81 та тарафлар медиатив келишув тузганлиги сабабли), 206 та (66 та иш бўйича тарафлар келишув битими тузганлиги сабабли) иш юритишдан тугатилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 44 минг 686 тага кўпайган. Ишлар тоифаси бўйича таҳлил қилинганда иқтисодий ишларнинг 50 128 таси (88,8 фоиз) маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 5748 таси (10,2 фоиз) фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга оид, 445 таси банкротликка оид, 34 таси ҳакамлик муҳокамаси билан боғлиқ бўлган ишларга оид, 25 таси корпоратив муносабатларга оид, 41 таси бошқа (инвестициявий низолар, рақобатга оид ишлар, чет давлат судлари ва арбитражларининг қарорларини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш тўғрисидаги, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш)га оид ишлар тоифаларини ташкил қилган.

Кўрилган иқтисодий ишларнинг 46,6 фоизи, яъни 26 минг 283 таси сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. 249 таси бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланганлиги учун хусусий ажримлари чиқарилган.

Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан юқори инстанцияларида 521 та (2024 йилнинг шу даврида 537 та) иш кўрилган, шулардан 391 таси ёки 75,1 фоизи суд ҳужжати ўзгаришсиз ўз кучида қолдирилган бўлиб, 76 таси ёки 14,6 фоизи бекор қилинган, 54 таси ёки 10,3 фоизи эса ўзгартирилган.

Вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг юқори инстанцияларида кўрилган ишларнинг 196 таси апелляция инстанциясида, 193 таси кассация инстанциясида ва 132 таси тафтиш тартибида кўрилган ишлардир. Шунингдек, биринчи инстанцияда 76 та иш кўриб тамомланган.

Туманлараро, (шаҳар) иқтисодий судларида 12 та судья фаолият юритади. Судьяга бир ойда ўртача 521,7 (2024 йилнинг шу даврида 108,7) та иқтисодий иш тўғри келган.

Иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилиб, даъвоси қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 952 млрд. 622 млн. 681 минг сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.

Тадбиркорлик субъектлари даъвогарлигида жами 2627 та ишлар кўрилиб, 2286 таси қаноатлантирилган.

Иқтисодий судлар томонидан кўрилган 1760 та иш бўйича даъвогар (аризачи)лар томонидан Республика бюджетига 5 млрд. 62 млн. 876 минг сўм давлат божи ихтиёрий тўланган, суд қарорига асосан 28 млрд. 411 млн. 55 минг сўм давлат божи ундириш белгиланиб, МИБнинг ҳудудлардаги бўлимларига 5087 та суд ижро ҳужжатлари ижро қилиш учун юборилган.