Бир мурожаат изидан: «Тадбиркорга ишониб, кўчада қолдик»
Ургут туманида 8 йилдан бери ижроси таъминланмаётган қарордан нажот кутса бўладими?
Таҳририятимизга Ургут тумани Мўғол маҳалласи фаолларидан бири мурожаат қилди. Хат мазмунига кўра, туман ҳокимининг 2016 йилдаги қарори билан маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган эски бино ва унга туташ ер майдони маҳалла фуқаролар йиғини, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига мослаштириб, 2 қаватли қилиб қайта қуриш шарти билан тадбиркорга берилган.
Бунда бинонинг биринчи қавати маҳалла учун маъмурий хоналарга бўлиниши керак эди. Бироқ тадбиркор шартлашув қоидаларига амал қилмай, қурган биносини тўлиқ эгаллаб олган. Биз мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Мўғолга бордик.
Туман марказидан 13 километр узоқликда жойлашган маҳаллада 6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилар экан. Уйларнинг зич жойлашганлиги, ички кўчаларнинг торлигидан билса бўладики, ҳудудда ер масаласи жуда оғир. Балки шунинг учун ҳам тадбиркор осон қўлга киритган ерини бўлишгиси келмаётгандир. Унда қонун устуворлиги қаерда қолади? Шундай мулоҳазалар билан Мўғол маҳалласи раҳбарлари вақтинча маъмурий бино сифатида фойдаланаётган масжидга етиб бордик. Эски ва кўримсиз бинонинг битта хонасида маҳалла еттилиги ўтирибди. Уларга мурожаат билан келган фуқаролар хонага сиғмаслиги боис ташқарида туриб, навбат билан кириб чиқишмоқда.
- Кунлар исиб, ишимиз енгиллашди, кўп вақтимизни кўчада ўтказяпмиз, қишда вазиятимиз аянчли эди, - дея изоҳ беради “Мўғол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Орзимурод Ҳамидуллаев. – Маҳалла фаоллари 2016 йилдан бери биносиз, сарсон юрибди. Мен 2022 йилда раис бўлганимдан кейин аниқ бир манзилга эга бўлиш учун шу ерга кўчиб келдик. Унгача кўчада, баъзида фуқароларнинг уйида туриб ишлашимизга тўғри келган. Маҳалла еттилиги жорий этилгач, бу хонага ҳам сиғмай қолдик. Нима ҳам дердим, тадбиркорга ишониб, шунча йилдан бери кўчада юрибмиз.
Мурожаатга асос бўлган ҳужжатлар билан танишамиз. Туман ҳокимининг 2016 йил 30 декабрдаги қарорида аниқ қилиб ёзиб қўйилган, тадбиркор бинони қуради ва шунинг эвазига ундаги биринчи қаватнинг бир қисми ва 2-қаватдан савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сифатида доимий фойдаланади, эътибор беринг, эгалик қилишга эмас, фойдаланишга берилиши айтилмоқда. Бироқ маҳалла раисининг айтишича, қарор бутунлай тескари ижро қилинган. Ҳозир тадбиркор ер ва бинога хўжайинлик қилмоқда.
Масаланинг қизиқ томони бор. Гап шундаки, бино билан боғлиқ можаро 2022 йилда, яъни маҳалла раиси ўзгарганидан кейин бошланган. Ҳокимнинг қарори ижроси юзасидан саволлар кўпаявергач, 2022 йил 26 сентябрда туман ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича туман судига тадбиркорни бино ва ер майдонидан чиқариш юзасидан даъво киритилиб, ишда ютиб чиқилган. Иккинчи суд эса 2023 йилда бўлиб, унда ҳам яна ҳокимлик даъвогар сифатида тадбиркор қурган бинони буздиришни сўраган. Асос қилиб, келишилган 2 қаватли бино ўрнига ўзбошимчалик билан лойиҳа ва ҳужжатларсиз 3 қаватли бино қурилганлиги кўрсатилган. Мазкур даъво биринчи ва иккинчи суд инстанцияларида қаноатлантирилган бўлса-да, Ўзбекистон Олий суди томонидан кассация тартибида кўриб чиқилганда бекор қилинган. Бунга асосий сабаб айбловнинг нотўғри қўйилгани, яъни тадбиркор иморатни ўзбошимчалик билан қурмагани кўрсатилган. Хўп, тадбиркор ҳокимнинг қарорига таяниб қурилиш қилган дейлик, лекин 2 қават ўрнига 3 қаватли иморат кўтарган-ку. Наҳотки шунча йил давомида ноқонуний қурилиш ва ҳоким қарорининг нотўғри ижросини бартараф этиб бўлмади? Ҳеч бўлмаса, қарор ижроси таъминланса ҳам, таъминланмай қолса ҳам манфаат билан чиқаётган тадбиркор ақалли маҳаллани рози қилса бўларди-ку?
Бу саволларга тадбиркорнинг ўзидан жавоб олишга уриниб кўрдик. Аммо уни топишнинг имкони бўлмади. Унинг ўрнига ўша бинодаги савдо дўконини юритаётган акаси Нормурод Кўнишов жавоб берди. Унга кўра, маҳаллага биринчи қаватдан (у биринчи деб дўкон остидаги қаватни назарда тутяпти) жой берилган. Бироқ фаоллар бу жой уларга тўғри келмаслигини айтиб, қабул қилишдан бош тортишган. Биз уни кўздан кечирдик. Айни дамда омборхона вазифасини ўтаётган бу қават аслида ҳам омборхонага мослаб қурилган. Ойналари деярли йўқ, иситиш, вентиляция тизими ҳам. Ҳар қанча зеб берилмасин, у биз кўриб ўрганган кенг ва ёруғ маҳалла биноларига ўхшамаслиги аниқ. Агар тадбиркор бу қаватни омборхона эмас, биринчи қават деб кўрсатаётган бўлса, ўз тили билан ҳоким қарорига зид равишда 3 қаватли иморат кўтарганини тан оляпти.
Нормурод акага фикрларимизни айтдик. У низоли ҳолатни бартараф этиш мақсадида маҳалладаги қаровсиз ётган ерда тадбиркор яна бир иморат қураётгани, ўша бино маҳаллага берилишини айтди. Биз унинг ҳамроҳлигида ўша жойни ҳам бориб кўрдик. Ҳақиқатан ҳам икки қисмдан иборат бинонинг қурилиш ишлари бошланган. Бироқ бу ер кимга қарашли, иморат кўтариш учун бирор рухсат ёки тасдиқланган лойиҳа борми, деб сўраганимизда, қизиқ жавобни олдик. Тадбиркорга кўра, бу ерда иморат қуриш учун унга туман ҳокимлиги масъуллари оғзаки рухсат берган. “Ҳужжат-чи”, деганимизда, “Ҳужжатни кейин қилиб беришар экан”, деди у. Ана аҳвол.
Ҳолатга аниқлик киритиш, ким ҳужжат қилиб беришини аниқлаш учун туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Фаррух Жамолов билан боғландик. У маҳалладаги муаммодан, ундан ҳам қизиғи, тадбиркор ҳужжатсиз яна бир иморат қураётганидан хабари борлигини, бу маҳалла фаоллари билан боғлиқ низони бартараф қилиш учун ўйлаб топилган йўл эканлигини айтди. Фақат кейинчалик маҳалла фаоллари фикридан қайтган эмиш. Энди мазкур ер ва иморат ҳам тадбиркорга қолар экан-да, деган фикр келади хаёлга. Ҳокимнинг бир қарори ижро қилинмай туриб, ноқонуний қурилиш учун яна бир янги қарор ва ҳужжатлар чиқариш мумкинми? Биз шу масалада туман ҳокимлигининг юристидан ҳам изоҳ олмоқчи бўлдик. Бироқ айни вақтда мазкур лавозим вакант эканлиги, саволларимизга қонун нуқтаи назаридан жавоб беришга ваколатли масъул йўқлигини айтишди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси туман бўлимига чиқдик. Бўлим бош мутахассиси Нурмуҳаммад Ҳодиев маҳалланинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга яна бир даъво аризаси билан мурожаат қилиш масаласи кўрилаётгани, уюшма жараёнда маҳаллага ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий кўмак беришга тайёрлигини айтди. Бу қувонарли албатта, фақат шунча кўмакчи ва қонун ҳимоячилари бўла туриб, ечими аниқ бўлган муаммо 8 йилда ҳам бартараф этилмагани ғалати.
Эътиборингизга бир мурожаат асосида олиб борган суриштирув ва кузатувларимиз тафсилотларини ҳавола қилдик. Масъуллар уни ўрганиб, қонуний чораларни белгилайди, деган умиддамиз. Кутамиз.
Асқар Баротов.