“Mahalla yordami”: Самарқанд адлияси янги телеграм ботни ишга туширмоқда

Вилоят адлия бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар иштирокида пресс-тур ўтказилди.

Унда бошқарма бошлиғи Салоҳиддин Сатторов ҳамда бошқарма масъул ходимлари аҳолига сифатли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Дастлаб, “Mahalla yordami” телеграм боти тақдимоти бўлиб ўтди. Вилоят адлия бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган мазкур бот Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.

— Мазкур бот орқали дастлабки босқичда фақат ижтимоий дафтарлар ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқаролар учун қонунчиликда берилган имтиёз турлари, улардан қандай фойдаланиш мумкинлиги, қайси ваколатли органга мурожаат қилиш, имтиёзларни қўллаш тартиби ва муддатлари ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин, — деди С.Сатторов. — Мазкур имтиёзларни қўллаш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда адлия бошқармасига мурожаат қилиш имконияти яратилган.

Мазкур ботдан фуқароларни хабардор қилиш, ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, QR-кодли маълумотлар вилоят ҳудудидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларига тарқатилмоқда.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан ҳозирда “Mahalla yordami” телеграм боти фойдаланиш имкониятларини ошириш, яъни фақат “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган фуқароларга берилган имтиёзлар эмас, балки амалдаги қонунчилигимизда мавжуд барча жисмоний ва юридик шахсларга берилган имтиёз ва преференциялар ҳақида ҳам ботга маълумот киритилмоқда.

Тадбир давомида бошқармада йўлга қўйилган Ситуацион марказ фаолияти билан ҳам таништирилди. Қайд этилдики, бугунги кунда барча Давлат хизматлари марказлари ҳамда ФҲДЁ органлари ва Юридик хизмат кўрсатиш марказлари тўлиқ кузатув камералари билан жиҳозланган. Ушбу кузатув камералари Адлия вазирлиги биносида БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси доирасида барпо этилган “Ситуацион марказ” билан боғланган.

Ситуацион марказ орқали юқорида номлари келтирилган адлия органларидаги хизмат кўрсатиш жараёнини реал вақт режимида кузатиш, электрон мурожаатлар ҳамда ахборот тизимлар ҳолати бўйича мониторинг қилиш имконияти яратилган.

Ҳозирги кунда вилоят адлия бошқармасида ҳам мазкур Ситуацион марказ фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, у вилоятдаги 16 та давлат хизматлари марказлари, 23 та ФҲДЁ органлари ва 16 та ЮХКМ биноларида, жами 280 га яқин кузатув камералари ҳамда Q-matic тизими билан боғланган.

Ситуацион марказ давлат хизматларини кўрсатишда қулайлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатиш имконини беради, жумладан, мониторинг қилиш ва ходимларнинг хатти-ҳаракатини назорат қилиш ҳам мумкин. Энг асосийси, электрон навбатларни назорат қилиш имконини берувчи Q-matic тизими ва ундан фойдаланиш, ҳар бир марказдаги навбатлар ҳам назорат қилинади.