Адлия назорати: 270 нафар масъул интизомий, 1635 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди

Вилоят Матбуот уйида вилоят адлия бошқармаси ва ҳудудий адлия бўлимлари томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда келгуси режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда мавзу юзасидан бошқарма бошлиғи Салоҳиддин Сатторов маълумот берди. Таъкидланганидек, ҳисобот даврида тизим ташкилотларига маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан келиб тушган 194 та норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлардан 163 таси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган. 31 ҳолатда қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.
Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар томонидан “E-qaror” электрон тизими орқали қарорлар қабул қилишда 169 та қонунбузилишига йўл қўйилганлиги аниқланган. Бу 2023 йилнинг мос давридаги кўрсаткичга (726 та) нисбатан қарийб 4 баравар кам дегани.
Ҳисобот даврида бошқарма томонидан давлат идораси ва ташкилотида ўтказилган назорат тадбирларида 136 мингдан ортиқ ҳуқуқни қўллаш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Уларни бартараф қилиш юзасидан 1465 та тақдимнома, 108 та огоҳнома, 1635 та масъулларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан, 9 та жиноий жавобгарликка тортиш юзасидан таклифлар ва судларга 933 та ариза киритилган. Натижада 270 нафар масъул интизомий, 1635 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўлланилган ҳуқуқий таъсир чоралари натижасида 115 миллиард 738 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи қонуний эгаларига қайтарилган.
- Ҳуқуқий тарғибот фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади, - дейди Салоҳиддин Сатторов. – Хусусан, адлия мутахассислари жойларга чиққан ҳолда “Ҳуқуқий маҳалла”, “Ҳуқуқий хизматлар куни” сингари қатор лойиҳаларни амалга ошириб, аҳолига амалий ва назарий кўмак бериб келмоқда. Бундан ташқари, Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан ўтган йили 2 мингдан ортиқ ташкилот ва муассасаларга юридик хизмат кўрсатилди. Бу даврда уларда 637 минг 838 та ҳужжат лойиҳалари ҳуқуқий экспертиза қилиниб, 40 минг 64 таси қонунчиликка зид бўлганлиги сабабли қайтарилди.
2025 йилда вилоятдаги яна 192 та маҳаллани “Ҳуқуқий маҳалла”га айлантириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинганлиги маълум қилинди.