"Йил давомида маҳаллаларда ишламоқчимиз" - вилоят адлия бошқармасининг янги раҳбари режаларини маълум қилди
Вилоят адлия идоралари томонидан ўтган йил соҳада амалга оширилган ишлар ва жорий йилги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Бошқарма бошлиғи Салоҳиддин Сатторовнинг таъкидлашича, ўтган йили тизимда 681 та ўрганиш ўтказилиб, 169 минг 888 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. 2022 йилда эса бу рақам қарийб 447 мингни ташкил қилган. Соҳалар бўйича таҳлил қилинганда энг кўп қонунбузарлик соғлиқни сақлаш (38001 та), солиқ қонунчилиги (14267 та), таълим соҳаси (13111 та), меҳнат ва иш билан таъминлаш (10762 та) йўналишларига тўғри келган.
– Аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан тегишли ташкилотларга 1633 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 1604 та, жиноий жавобгарликка тортиш бўйича 19 та таклиф ва 1495 та огоҳнома киритилди, – деди С.Сатторов. – Натижада 703 нафар шахс интизомий, 1597 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Тақдимномаларга асосан 128 миллиард 577 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлари қонуний эгаларига қайтарилди.
Бундан ташқари, бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан ҳисобот даврида судларга жавобгарлардан 61 миллиард 533 миллион сўм маблағ ундириш юзасидан 1294 та даъво аризаси киритилган. Ҳисобот даври бошидаги қолдиқ даъво аризалари билан биргаликда 61 миллиард 460 миллион сўмликдан ортиқ 1293 та даъво аризаси қаноатлантирилди.
Маълум қилинишича, бошқарма ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига 2023 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан 7695 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 7144 таси ҳал этилган. Жумладан, 3579 та мурожаат қаноатлантирилган, 3563 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган. 423 та мурожаат тегишлигига кўра, бошқа идора ва ташкилотларга юборилган.
Ҳисобот даврида вилоят адлия идораларига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги 152 та қарори лойиҳаси келиб тушган. 124 та лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, хулоса берилган, 28 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.
Матбуот анжуманида жорий йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
- Жорий илда олдимизга қўйилган асосий вазифа тизимни рақамлаштириш ва маҳаллаларда давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш, - деди С.Сатторов. – Масалан, ўтган йил 1 миллион 423 минг 292 та давлат хизматлари кўрсатиш учун чекка маҳаллаларда яшовчи фуқаролар туман марказларига келишган. Бу ишларни соддалаштириш учун 15 турдаги хизматларни маҳалла даражасида кўрсатишга рухсат бериляпти. Буни мувофиқлаштириш эса бизнинг зиммамизда ва шу асосда “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда маҳаллада давлат хизматлари кўрсатишни йўлга қўямиз.