Адлия: Бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган ходимнинг нафақасидан "уриб" қолингани аниқланди

Каттақўрғон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Р. (қисқартирилди)нинг турмуш ўртоғи “Пахта тозалаш заводи” АЖ 1-ишлаб чиқариш бригадасининг линтерлаш цехида чиқиндиларни йиғувчи ва тозаловчи вазифасида ишлаган. 2018 йилнинг 12 февралида қуритиш цехи биносида кучли газ босими оқибатида содир бўлган портлаш туфайли тан жароҳати олиб, ҳалок бўлган.

Бироқ корхона бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этганлиги муносабати билан марҳумнинг оиласига бир йўла тўланадиган нафақа пулини қарийб 10 миллион сўмга кам тўлаган. Яъни, ходимнинг вафотигача ишлаган ўн ойлик иш даври учун 9 718 272   сўмга нотўғри ҳисоб-китоб қилиниб, жами 46 миллион 15 минг 848 сўм нафақа тўланган. Марҳумнинг турмуш ўртоғи бундан норози бўлиб, Каттақўрғон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди. Бўлим фуқаро манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд мажлисида корхонанинг ишончли вакили Ж.И. даъвони тан олмасдан, даъво муддати ўтиб кетганлиги сабабли уни қаноатлантиришни рад этишни сўради.

Ваҳоланки, жабрланувчи зарар етказилган вақтда ўн икки ойдан кам ишлаган тақдирда, ўртача ойлик иш   ҳақи ҳақиқатда ишлаган умумий иш ҳақини ишлаган ойлар сонига бўлиш йўли билан ҳисоблаб чиқарилади.  Иш даври тўлиқ ойдан кам вақтни ташкил қилган тақдирда, зарарни тўлаш миқдори шартли ойлик иш ҳақи (даромад) миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.

Ўша пайтда амалда бўлган Меҳнат кодексининг 192-моддасига кўра, ходим меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан  боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ҳолларда, иш берувчи марҳумнинг қарамоғида бўлган меҳнатга   қобилиятсиз шахсларга, шунингдек ўн олти ёшга тўлмаган ёки у вафот этган кунга қадар ундан   таъминот олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга, марҳумнинг вафотидан кейин туғилган фарзандига, шунингдек ота-онасидан бирига, умр йўлдошига ёки оиланинг бошқа аъзосига, агар у ишламасдан марҳумнинг уч ёшга етмаган болалари (укалари,   сингиллари) ёки невараларининг парвариши билан банд бўлса, зарарни тўлаши шарт.

Суд даъво аризасини қисман қаноатлантириб, “Каттақўрғон пахта тозалаш” АЖга бир йўла тўланадиган нафақадан 9 миллион 718 минг 272 сўм, 8 миллион сўм маънавий зарарни тўлаш ҳамда давлат фойдасига 1 миллион 48 минг 730,88 сўм давлат божи ундириш мажбуриятини юклади.

Вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.