Қандай ҳолларда ходимга ишдан бўшатиш нафақаси берилади?
Меҳнат кодексининг 173-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда қуйидаги ҳолларда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади:
иш берувчининг ташаббусига кўра, бундан шартнома ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ асослар бўйича бекор қилингани мустасно;
тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган қуйидаги ҳолатларда:
- Ходимнинг ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилганда;
- Шу ишни илгари бажариб келган ходимнинг аввалги ишга тикланганда (масалан, ходим ноқонуний ишдан бўшатилса, суд уни қайта тикласа);
- Ташкилотни тугатиш ёки иш берувчи бўлган якка тартибдаги тадбиркор
фаолиятини тугатиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганда;
- Қонунчилик палатаси депутатининг, шунингдек Сенатда доимий асосда ишлаган Сенат аъзосининг ваколатлари муддати тугагани ёки Қонунчилик палатаси ва Сенат тарқатиб юборилгани муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганда;
1-4 бандларида жисмоний шахс бўлган иш берувчи муомалага лаёқатсиз деб, эътироф этилган ҳоллар мустасно.
ишга қабул қилишга доир белгиланган қоидаларнинг бузилгани, агар йўл қўйилган қоидабузарликни бартараф этиш имкони бўлмаса ва у ишни давом эттиришга
тўсқинлик қилса;
қонунчиликка мувофиқ меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келгани (ходимнинг белгиланган тартибда берилган тиббий хулосага мувофиқ меҳнат фаолиятига тўлиқ қобилиятсиз деб эътироф
этилгани, шунингдек давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилингани, агар бажарилаётган иш шундай фойдаланиш ҳуқуқини талаб қилса, муайян ишни бажаришга доир рухсатномадан ёки лицензиядан маҳрум этилгани ва бошқалар).
Ушбу ҳолатлардан ишга қабул қилишнинг белгиланган қоидалари ходимнинг айби билан бузилган (суднинг муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги ҳукмини яшириш, сохта ҳужжатлар тақдим этиш ва бошқалар) ёки ходимнинг ҳаракатлари қонунчиликка мувофиқ якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни давом эттиришга тўсқинлик қиладиган ҳолатларнинг юзага келишига олиб келган ҳоллар мустасно.
Шунингдек:
ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этгани муносабати билан;
ходим тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига қарши кўрсатма бўлмаган бошқа ишга ўтказишни рад этгани ёхуд иш берувчида
тегишли иш бўлмагани муносабати билан;
ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойдаги ишга кўчишни рад этгани муносабати билан;
ходим ташкилотнинг мулкдори алмашгани, унинг қайта ташкил этилгани, идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгаргани муносабати билан ишни давом эттиришни рад этгани муносабати билан.
Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у:
уч йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан;
уч йилдан беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг етмиш беш фоизидан;
беш йилдан ўн йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг юз фоизидан;
ўн йилдан ўн беш йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг бир юз эллик фоизидан;
ўн беш йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун – ўртача ойлик иш ҳақининг икки юз фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.