Самарқандда ноқонуний ишдан бўшатилган яна бир фуқаро ишга тикланди
Унга мажбурий прогул кунлари, яъни иш берувчининг айби билан ишлаш имкониятидан маҳрум бўлган вақт учун қарийб 14 миллион сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Аввало шуни қайд этиш керакки, мавжуд қонунларимизда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга экани мустаҳкамлаб қўйилган.
Фуқароларимизнинг ушбу конституциявий ҳуқуқлари амалдаги меҳнат қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, қонунга кўра ҳеч ким асоссиз равишда ишдан бўшатилиши мумкин эмас. Аммо шунга қарамай, кундалик ҳаётда меҳнат билан боғлиқ низолар учраб турибди.
Бу ҳақда бежиз тўхталганимиз йўқ.
Мажбурий ижро бюроси Cамарқанд шаҳар бўлими иш юритувига фуқаро К.Э. фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2023 йил 5 апрелдаги суд ҳужжатига асосан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси “Ихтисослаштирилган автотранспорт” давлат корхонасига ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақини ундириш тўғрисида ижро варақаси келиб тушган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ундирувчи К.Э. ишга тикланди ва мажбурий прогул кунлари учун 13 млн. 910 минг сўм иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.
Бу далилни келтиришдан мақсад шуки, ҳар бир иш берувчи меҳнат қонунчилигини чуқур билиши ва унга қатъий амал қилиши зарур. Шундагина ходимларнинг ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинади, кўнгилсиз ҳолатлар юз бермайди.
Дилшод Абдуғаниев,
Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси.