Австрия компанияси Нурободда замонавий корхона очади

Шу йилнинг 2-3 май кунлари Тошкент шаҳрида халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтди. Учинчи бор ўтказилган форумда 93 давлатдан қарийб 2500 иштирокчи қатнашиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, истиқболли лойиҳалари билан танишди. Форум якунида 26,6 миллиард долларлик келишувлар имзоланди.

Ушбу форумда вилоят ҳокими Э.Турдимов бошчилигида вилоятимиз вакиллари ҳам хорижий сармоядорлар билан истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.

Жумладан, Хитойнинг Шинжон Тианжин савдо-саноат палатаси раҳбари Лин Кинг бошчилигидаги делегация билан учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, туризм ва қурилиш соҳаларида ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказилди.

“China Overseas Developement Association” компанияси раҳбари Хе Чженвей бошчилигидаги ишбилармонлар билан учрашувда вилоятимизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар билан яқиндан танишиш мақсадида жорий йилнинг 27-28 май кунлари вилоятимиз делегацияси Чин ўлкасида бўлиб ўтадиган « XIV Хитой чет эл инвестициялар ярмаркаси»да иштирок этади. 

Хитойнинг Жиангсу провинциясида жойлашган “Jiangqiao Machinery Manufacturing Co.,LTD” компанияси раиси Чен Сюечжун билан учрашувда вилоятимизда цемент ишлаб чиқариш корхоналари кўплиги учун цементдан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этишга қизиқиш билдирилди. Гуандун провинцияси, Шенчжен шаҳридаги “Shenzhen Phoenix Goey Electronics Technology Co. LTD” компанияси томонидан вилоятимизда автомобиллар учун универсал электрон жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича музокаралар олиб борилди. Гуандун провинциясидаги “Yingde Longrun Agricultural Development Co. LTD” компанияси билан вилоятда чой қадоқлаш фабрикасини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Австрия давлатининг “Lasselsberger” компанияси вакиллари билан музокараларда Нуробод туманида умумий қиймати 120 миллион доллар бўлган қурилиш аралашмалари, микрокальцит ва керамогранит ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш бўйича келишув имзоланди. Унга кўра, лойиҳанинг биринчи босқичида микрокальцит ва қуруқ аралашмаларни ишлаб чиқаришни жорий йилнинг сентябрь ойида бошлаш бўйича келишувга эришилди.