Божхоначиларнинг ота-оналари уларнинг қаерда, қандай шароитда ишлашларини кузатди

Самарқанд вилояти божхона бошқармасида божхона органларида хизмат қилиб, республика иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли ва шарафли бурчни адо қилиб келаётган ходимларнинг ота-оналари ва уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказилди.

Унда вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов сўзга чиқиб, божхона органларида хизмат қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил ахборот берди. Имтиёзли ипотека кредитида уй-жой сотиб олиш, фоизсиз кредит асосида автомобиллар харид қилиш каби имтиёзлар шулар жумласидандир.

Ҳозирда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси тасарруфида “Улуғбек”, “Самарқанд” ТИФ ҳамда “Жартепа” ва “Самарқанд аэропорт” чегара божхона постлари фаолият олиб бормоқда.

Фидокорона хизмати учун 5 нафар ходим давлат мукофотларига сазовор бўлган. Бундан ташқари, бугунги кунда вилоят божхона бошқармасида 30 ёшгача бўлган 76 нафар ходимни ўзида бириктирган Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган.  

Шунингдек, бошқарма тасарруфида 8 та хизмат уйи ва 1 та ётоқхона мавжуд бўлиб, унда бошқа вилоятлардан келиб хизмат олиб бораётган 22 нафар ходим яшаб келмоқда.

Тадбир давомида божхона ходимларига яратилган шарт-шароитларни ўзида мужассам этган видеоролик намойиш этилди. Шундан сўнг ота-оналар тадбирдан ўзларига чиқарган хулосалари билан ўртоқлашишди.

Таъкидландики, давлат божхона органлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари барча яна бир бор эслатиб ўтилди.

Ходимларнинг ота-оналари, уларнинг оила аъзолари билан божхона ходимини салбий иллатлардан ва хатарлардан асраб қолиш ҳамда уларни тўғри йўлга бошлаш борасида ўзаро ҳамкорлик белгиланиб олинди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.