Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Cамарқандда 2 минг 646 тонна пилла тайёрланди

Пиллакорлар учун ҳар йилгидан кўра машаққатли кечган амалдаги йилда ҳам сифатли ва мўл ҳосил етиштирилди. Бу мамлакатимизда пиллачиликка берилаётган эътибор ва ғамхўрлик самарасидир.

Мавсум бошидан аъло сифатли «кумуш тола» етиштириш чоралари кўрилди. Бунинг учун вилоятимиз ҳудудидаги мавжуд уруғчилик корхоналаридан 48 минг 100 қути сифатли ипак қурти келтирилиб, 500 дан зиёд инкубаторда жонлантирилди.

Ипак қурти боқишни истаган ҳар бир пиллачига етарли меҳнат шароити, моддий техник омиллар яратилди. Яъни, пилла хомашёсини тайёрлаш учун 5 мингдан зиёд фермер хўжалиги билан шартнома тузилиб, улардаги мавжуд пилла етиштирувчи оилавий звеноларга ҳар бир ипак қурти учун ўртача 200 минг сўмдан бўнак пуллари тарқатилди. Шунингдек, пиллачилик корхоналари орқали пиллакорларга термометр, формалин, бўз, қоғоз сингари барча жиҳозлар етказиб берилди.

Шундай саъй-ҳаракатлар ва пиллакорларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига вилоятимизнинг «кумуш тола»си шартнома режасидан 1,6 тонна зиёди билан - 2 646,6 тонна этиб бажарилди. Бу муваффақиятга Паст Дарғом, Каттақўрғон, Нарпай, Булунғур, Иштихон туманлари пиллакорлари салмоқли ҳисса қўшди. Кўплаб фермер хўжалик пиллачилари ҳар бир ипак қуртидан 70-80 килограммгача ҳосил етиштирди.

Муҳими, пилла хомашёси юқори навларга қабул қилинди ва вилоят бўйича ҳар қутидан ўртача 56-57 килограммдан ҳосил олинди.

Ёдгор ЖЎРАЕВ,

Самарқанд вилоят ҳудудий «Агропилла» масъулияти чекланган жамияти раиси.