Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эндиликда қонун ҳужжатлари лойиҳалари гендер тенглик мезонлари бўйича ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу Конституцияда ҳам қатъий белгиланган бўлиб, Бош қомусимизнинг 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланган.

Гендер тенглиги қонун ҳужжатлари билан ҳам мустахкамланган бўлиб, мамлакатимизда 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши аёллар ҳуқуқларини янада тўлақонли ҳимоя қилишга имкон яратди.

Шу ўринда, гендер тенглик ўзи нима, у қачон вужудга келган деган савол туғилади. Гендер тенглик - бу инсон эркак ёки аёл бўлишидан қаътий назар бир хил ҳуқуқ ва имкониятларга эга эканлигидир.

Таъкидлаш лозимки, узоқ вақт давомида аёллар эркаклар билан тенг бўлмаган позицияларида бўлганликлари ҳамда аёлларга миллий қонунчилик билан меҳнат, сиёсий, бошқарув ва бошқа соҳаларда чекловлар мавжудлиги, аксарият ҳолларда аёллар тазйиқ остида қолганлиги халқаро ташкилотларнинг тузилиши ва махсус халқаро ҳужжатларнинг қабул қилинишига асос бўлган.

Қонунлар ва қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш борасида ҳам гендер тенглигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2020 йил 30 мартдаги 192-сон қарори қабул қилиниб, эндиликда барча норматив-ҳуқуқий хужжатлар бошқа мезонлар билан бирга гендер ҳуқуқий экспертизадан ҳам ўтказилиши шартлиги белгиланди.

Адлия органлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун ҳамда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалаларини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари нормаларига мувофиқлиги, гендер тенглик принципларининг ҳар бир таркибий қисми (тенг ҳуқуқлар, тенг жавобгарлик, тенг имкониятлар, тенг мажбуриятлар) билан ўзаро мувофиқлигига (сиёсий, иқтисодий, меҳнат ва бошқа ижтимоий муносабатларда амалдаги тенглиги) алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш даврнинг асосий талабларидан бири ҳисобланади. Бу айниқса, сўнгги йилларда бутунжаҳон халқаро ташкилотлари томонидан илгари сурилаёган асосий масалалардан бири саналади. Шу боис қонун ҳужжатлари лойиҳаларини гендер тенглик мезонлари бўйича ҳам ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, шубҳасиз, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга ҳамда давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида муносиб ўрин эгаллашига замин яратади.

Дилдора ЮЛДАШЕВА,

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи.