10 кунда 211 шахс ҳужжатли бўлди
Самарқанд шаҳар Сўғдиёна маҳалласидаги хонадонларнинг бирида ижарада яшаб келаётган Нилуфар Казимова ҳаётнинг кўп аччиқ-чучукларини татиб кўрди. Беш фарзандни минг бир машаққат билан ўстирмоқда.
Болалари Россияда туғилган, каттаси 12 ёшда, ҳаш-паш дегунча паспорт олиши керак. Аммо болаларнинг 4 нафари бугунга қадар ҳеч қандай ҳужжатга эга эмас, бошқача айтганда, расман фуқаро сифатида қайд қилинмаган.
У болаларига гувоҳнома олиш учун ҳаракат қилиб кўрди. Лекин бир олам ҳужжат тўплаш, эшикма-эшик юриш самара бермади ва у тақдирга тан бериб қўя қолганди.
Шу кунларда адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси Нилуфар ва фарзандлари жонига оро кирди.
Сўғдиёна маҳалласидаги хатлов жараёнида Н.Казимованинг муаммоси ҳам қайд этилди. Шунда ҳам баъзи масъуллар томонидан унинг ушбу маҳаллада ижарада яшаши рўкач қилиниб, ёрдам беришдан бўйин товлаш ҳоллари бўлди. Адлия аралашуви билан ҳаммаси қонуний ечим топди.
Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошчилигида Самарқанд шаҳар адлия бўлими 4-сон Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан фуқарога амалий ёрдам кўрсатилиб, тўрт фарзандига ҳам туғилганлик гувоҳномаси бепул расмийлаштирилиб берилди.
Болаларга гувоҳномалар билан бирга Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан эсдалик совғалари ҳам берилди.
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳуқуқий акциянинг дастлабки ўн кунида вилоят бўйича 211 нафар шахсга зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилди.
Жумладан, 21 нафар шахснинг туғилиши, 15 нафар шахснинг яқин қариндоши ўлими қайд этилиб, гувоҳномалар берилди. Шунингдек, 19 нафар шахсга туғилганлик ва ўлим ҳақида такрорий гувоҳномалар расмийлаштирилди. 5 нафар шахс ID-карта олди, 151 нафар шахсга тегишли тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.