Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Глобаллашув даврида жамиятда шахснинг йириклашиши эмас, майдалашиши кучаймоқда

Комиллик эришган ва эришаётган шахс кўп нарсага қодир, у буюк ислоҳотчи, ўзгартирувчи, ҳатто даврни ортидан эргаштирувчи. Дарҳақиқат, миллатни маърифатли, онгли, кучли тарафларини юксалтириш сари жуда секин қадам ташланмоқда. Ўттиз йил ичида таълим тизимимиз неча марта ислоҳ бўлди.
 
 Кўплаб коллежлар қурилган бўлсада, касб-ҳунарга болаларимизни ўргата олмадик. Интернет барини ўз измига бўйсундирди. Бугунги мураккаб глобаллашув даврига етиб келгач, жамиятда шахснинг йириклашиши эмас, балки майдалашиши жараёни кучаймоқда. Шу каби масалалар бўйича сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновнинг фикрларига қизиқдик.
 
- Глобаллашув ва миллат тақдири учун тинимсиз кураш даврида ўзбек ўқувчиси, талабаси, қўйингки, одамлар нимага суяниши керак, деб ўйлайсиз?
 
- Илмга! Илмли одам асло хор бўлмайди, дейди алломалар. Билимсизлик барча ёмонликларнинг манбаи, чунки билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни қилган бўлади. Жоҳил кишининг тик тура олмайдиган қопдан фарқи йўқ. Саъдий Шерозий билимсизликни уруш довулига ўхшатади, овози баланд, ичи бўш одамга!
 
- Шахс тарбиясида оила институтининг ўрни ҳақида тўхталиб ўтсангиз...
 
- Глобаллашувда энг кўп оғирлик оиланинг зиммасига тушади. Сабаби, интернет, телевидение билан машғул бўлиш, ахборот олиш ишдан кейин уйда жадал давом этади. Сериал ва интернет қаршисида ота-она анча ожиз бўлиб қолмоқда. «Ҳар бир оила ўз фарзандларини ҳар қандай мафкуравий тажовузкорликдан ҳимоя қилишга тайёр бўлиб туриши керак», деган эди буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматов. Ота-она фарзандлари билан жонли мулоқот, дўстона суҳбат қуриш ўрнига, кечалари телевизордаги турк сериалларидан бошини кўтармаса, нима дейсиз?! Ахир, турк, хитой, корейс мафкураси аллақачон юртимизга кириб келди-ку. Юз йиллик мустамлакачилик сиёсати кезган давр ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади, мусулмончилик анъаналари қарийб йўқолиб, атеист, динсиз, иймонсиз катта авлод етишганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
 
Оила – жамият асоси, миллат қўрғони. Оилада ота-она кўмагида дид, фаросат, ақл, мушоҳада, фикрлаш тарзи шаклланади. Аммо бугунги кунда глобаллашув, оммавий маданият, борингки, ғарбона шакл-шамойилда яшашга мослашиш, ғарбона фикрлаш урфга айланиб бормоқда. Миллий урф-одат, анъана, қадриятлар (байрам, тўй, таъзия, меҳмондорчилик, оқибат кўрсатиш, кексаларнинг ҳолидан хабар олиш ва бошқалар)ни билмаган, олтин қоидаларни писанд қилмаган Оврупоча йигит ва қиз ҳаётда осон йўлни танлаб, муддаоларига тезда эришиш, “Green Card"ни ютиб, орзусидаги Амриқода яшашни ният қилишади.
 
Жадид бобомиз Абдулла Авлоний «Ким нимани яхши кўрар?» номли бадиасида бундан юз йил муқаддам жамиятдаги ҳолатни шундай баҳолайди: «Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз янглиш», дейди. Дўкондорларимиз ишларини тартибга солмай, замонага мувофиқ иш юритмай, Маллахон замонидан қолғон эски дўкон, эски тос, эски тартибларини яхши кўрурлар. Оналаримиз билим ва тарбия ўрнига эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз болаларини ўқутмак ва таълим бермак ўрнига “ўғлим, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!” , деб «ташишка» – ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар. Ёшларимиз илм ва маърифатли бўлишни, ҳунар, санъат ўргонишни ўрнига ўзларига зеб беруб тор шим ила калта камзул, қотирма ёқаларга бино қўйишни яхши кўрурлар. Қизиғи шуки, ўша замонлардаёқ, жамиятга ёт унсурлар кириб келган, мақсад сари интилиш ўрнига, озгина чаласаводлигимиз туфайли, майдалашиш жараёни бошланган экан-да.
 
Фурсат ғаниматни билган овруполиклар билим, маърифат, тенглик, фидойиликни алқаб, унга амал қилиб, Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Фарғоний, Термизий, Самарқандий, Насафий сингари алломалари бисёр бўлган Шарқ халқларини ғафлатда қолдириб, тараққиётда илдамлаб кетдилар.
 
Яна илм ва маърифатнинг жамият ҳаётида, шахс тарбиясидаги ўрни ҳақида озгина тўхталсам. Яқинда бир таҳлилий мақола қўлимга тушиб қолди. Қисқа ва аниқ ифода усули, ёзилган очиқ гаплар каминада ажиб таассурот қолдирди. «Биз ўзимизга кўп ишониб юрган эканмиз-да», деган хулосага келдим. Сиз бирор марта ўзингизга савол бериб кўрдингизми, нима учун биз мусулмонлар тараққиётдан бунақа орқада қолиб кетдик? Муаммо таълимда экан. Халқаро Ислом Ҳамкорлик ташкилотига 57 та давлат аъзо бўлиб, шу ҳудудларда жами 500 та университет мавжуд. Бу уч миллион мусулмонга битта университет тўғри келади дегани. Биргина Америка Қўшма Штатларининг ўзида 5578 та университет ишлайди, яъни 57,0 минг америкаликка битта университет тўғри келади. Нима учун биз бунақа ожиз бўлиб қолдик? Сабаби шуки, биз билим ишлаб чиқара олмаяпмиз, мусулмон илм дунёсини ярата олмаяпмиз. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат бўлган давлатларда ҳар бир миллион мусулмонга 230 нафар олим тўғри келади. АҚШда ҳар миллион кишига 4000, Японияда 5000 олим тўғри келади. Бутун араб дунёсида фаолият юритадиган олимлар сони 35 000 нафар, ҳар бир миллион арабга 50 техник-инженер тўғри келади. Христиан дунёсида ҳар бир миллион аҳолига 1000 инженер тўғри келади. Мусулмон дунёси ялпи ички маҳсулотнинг 0.2 фоизини, Ғарб эса 5 фоизини илм-фанга сарфламоқда. Хулоса шуки, биз билим ишлаб чиқара олмаяпмиз. 1000 нафар аҳолига тўғри келадиган матбуот сони ва миллион аҳолига нисбатан нечта янги сарлавҳали китоб чоп этилиши аҳоли орасида билим қанчалик яхши тарқалишини кўрсатиб турадиган жиҳатдир. Покистонда бир кунда ҳар минг кишига 23 та газета, Сингапурда 360 та газета чоп этилади. Буюк Британияда янги чоп этиладиган китоблар сони солиштирилса, ҳар миллион кишига йилида 2000 та янги китоб ёзилиб, чоп этилади. Мисрда ҳар бир миллион аҳолига 20 та янги китоб ёзиб чоп этилади.
 
Замонавий дунёда маълум бир мамлакатда илм-фан қанчалик ривожланганлигини ушбу мамлакатдан экспорт қилинадиган юқори технология воситалари сонидан билиб олса бўлади. Масалан, Покистон давлатининг бир йиллик экспорт товарлари фақатгина 1 фоизи юқори технологияларга тўғри келади. Саудия Арабистони, Марокаш, Кувайт, Жазоирда вазият янада ачинарли. Ушбу мамлакатлар экспортининг фақатгина 0,3 фоизигина юқори технологияларга тўғри келади. Цингапурда ушбу кўрсаткич 58 фоизга тенг. Хулоса шуки, биз илм-фанни амалда қўллай олмаяпмиз.
 
Қизиқ маълумот: Ислом Ҳамкорлик ташкилоти 57 аъзосининг бир йиллик умумий ялпи ички маҳсулоти 3 триллион долларга бормайди. Биргина АҚШнинг ЯИМ 18 триллион доллар, Хитойники 16 триллион, Япония 4,2 триллион, Германия бўлса бир йилда 3.4 триллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Биз 57 мусулмон давлат бир бўлиб биргина Германиянинг ЯИМини ишлаб чиқара олмас эканмиз. Нефтга бой араб дунёсининг уч бой мамлакати Саудия Арабистони (643 млрд), Қатар (200 млрд), БАА (359 млрд)нинг биргаликдаги умумий ялпи ички маҳсулоти ҳажми (нефтни ҳам ҳисобга олганда) бир триллион 200 миллиард долларлар атрофида. Биргина Испания бир йилда 1 триллион 256 миллиард, Польша 509 миллиард доллар қийматга эга ЯИМ ишлаб чиқаради. Демак, бутун дунё умумий маҳсулот ҳажмига нисбатан мусулмон дунёси жуда кам маҳсулот ишлаб чиқаради, бунинг тагида илм-фаннинг қолоқлиги ётади. Юқорида келтирилган ҳайратомуз ахборот Исломободдаги илмий тадқиқот маркази профессори, доктор Фаррух Салим фикрлари.
 
Бугунги кунда рад этиб бўлмайдиган ушбу далиллар ҳар бир ўзбекни ҳам ўйга толдиради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йилни «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб бежиз номламадилар. Буюк келажакнинг мустаҳкам пойдеворини илм, таълим орқали қуриш режаси ётибди. Жорий йилнинг 31 январь куни олимлар ва ёш тадқиқотчилар билан учрашувда Шавкат Мирзиёев бу шарафли йўлда хоҳлаган маблағ, грантларни беришга тайёр эканлигини билдирди. Бу ташаббусни олимларимиз эллик йилдан бери кутаётган эди. Э-ҳе, не-не илм мактаблари ёпилиб кетди, энди уларни тиклаш вақти келди. Аммо назаримизда, энг катта бойлик: инсон онги, ғурурини тиклаш, маданий ва сиёсий савиясини кўтариш билан боғлиқ кечади. Демак, жамият ҳаётида ижтимоий фанларнинг ўрни ҳам салмоқли бўлади.
 
Илмни мактабдан олмоқ ҳам фарз, ҳам қарздир. Юртбошимиз сўнгги икки йилда таълим ва тарбия борасида мисли кўрилмаган ўзгаришларни амалга оширишни бошлади. Бунинг сабаби маълум: мактаб – маърифат ва маънавият ўчоғи.
 
- Таълимнинг жаҳон тажрибасидан ҳам ўрганиш, зарурат туғилса, илғор жиҳатларини ўзлаштириш зарур кўринади. Нима дедингиз?
 
- Жадид маърифатпарварлари 100 йил олдин ёшларни ўқитишни Германиядан бошлашгани сабаби шуки, немислар барчага ўрнак, андоза бўлишга арзийдиган тартиботга ўрганган миллат эди. Германия – узоқ асрларга бориб тақалувчи илмий мактаблари, Гёте, Гегел, Бетховен, Нитше, Эйнштейн, Гумболдт сингари олим ва ижодкорлари билан тилга тушганди. Халқаро доирада эътироф этилган немис таълим даргоҳларида мустақил фикр ҳамда кенг дунёқараш шаклланишига алоҳида эътибор берилади. Таълим тизимига татбиқ этилаётган янги усуллар, сўнгги ахборот технологияларидан унумли фойдаланмаганларга жуда кийин бўлади. Тараққиёт манзили сари ошиқаётган жамиятда билимсиз ўз ўрнига эга бўлиш амри маҳол. Дарвоқе, немисларга хос темир интизом, бирсўзлилик хислатлари ҳам айнан таълим даргоҳларида шаклланади. Германияда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Демак, фуқаролар бой, миллатни тарбиялаш масаласини ўзининг зиммасига олган. Болалар боғчаси хайрия жамғармалари, маҳаллий ҳокимият хамда черков васийлигида фаолият юритади. Шу билан бирга, корхона ва ташкилотлар хам ўз боғчасига эга бўлиши мумкин. Шу боис, немислар боғчаларни «тафаккур устахонаси» деб аташади.
 
Ҳозирги кунда жамиятда кўпчиликни илм-маърифат ва тадбиркорликни қандай қилиб уйғун ҳолда олиб борса бўлади, деган савол қийнайди. Афсуски, бу борада изчил тизим шаклланмаган. Тадбиркорларда маънавият етишмайди, маърифатчиларда бизнес уқуви етишмай турибди. Шу кунларда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов болаларни пул топиш маданиятини ўргатишдан ҳайиқмаслик керак. Пулдан қочиб, камбағаллашиб, ўз ғоя ва фикрларини амалга оширишга қийналмоқдамиз. Энди замонга қараб пулнинг ҳам моддийлик, ҳам бозор иқтисодида қадрият эканлигини мактаб ўқувчиларига тўғри тушунтирайлик, деган фикрларни ўртага ташлади. Вазирнинг бу чиқишида ҳам масалага янгича қараш ва ёндашувни кўриш мумкин. Машҳур кишилар бу борада ажойиб ҳикматларни айтишган. Америкалик машҳур инвестор Уоррен Баффет бизнес мактабининг талабалари билан учрашганда, шундай ҳаётий маслаҳатларни беради: "Ўзингизга сармоя қилинг, ўз истеъдодингизни ривожлантиринг ва кучсиз томонларингиз устида ишланг. Аввало, ўз иштиёқингизни аниқланг, ўз принципингизга тўғри келадиган соҳани танланг. Унда пул учун ишламанг. Фахрланиш ҳиссини уйғотадиган инсонлар билан ишланг. Демак, бу ҳам шахс интиладиган бир йўл, услуб.
 
- Айтингчи, бу жараённи ким шакллантиради? Шахснинг ички қуввати (детонатори)ни ким ишга солиб юборади?
 
- Ўқитувчи, тарбиячи! Ўқитувчи ўқувчининг барча қизиқишларини, ундаги салоҳиятни кўра билиши ва ривожланиши учун бор кучини бериши керак. Буни шундай бажариши лозимки, токи бола ўқишни истаб, буни эплай олсин. Ўқитувчи ўта сезгир бўлиши ва ҳар бир боланинг ўзига хослигини тушуниши, унга ўзгача ёндашув излаши лозим. Унинг вазифаси – билим билан тўлдириш, бироқ ўз ўқувчиларини индивидуалликдан маҳрум қилмаслик ва шахсий фикрга эга бўлишини ман қилмаслиги даркор.
 
Дунёдаги ноёб касб эгалари бўлган устозларимиз бу борада ажойиб фикрларни билдириб ўтишган. «Мен ҳеч қачон ўз ўқувчиларимни ўқитмайман, бор-йўғи улар ўқиб-ўрганиши учун шароитни таъминлашга ҳаракат қиламан» (Алберт Эйнштейн, физик, Нобел мукофоти совриндори). «Биз билим болани қувиб юришини эмас, бола билим ортидан югураётганини кўришни истаймиз» (Бернард Шоу, драматург, файласуф, Нобел мукофоти совриндори).
 
Мен ўн йилдирки, ўқитувчилик қиламан. Бу машаққатли, шарафли касблардан бири. Ҳамма яхши биладики, дарсни қизиқарли ўтиш – санъат! Педагог буни бажара олишга мажбур. Одамни қизиқтирмай туриб бирор нарсага ўргатиш мушкул. Ўқитувчи зиммасида мураккаб вазифа бор: билимни мияга чексиз оқим сифатида қуйиш эмас, ўқувчида билимга интилиш ҳиссини уйғотишдан иборат. Қадимги юнон файласуфи Суқрот: «Мен ҳеч кимга ҳеч нарса ўргата олмайман, бор-йўғи уларни ўйлашга мажбур қила оламан», деганида ҳақ эди. Болани ёдлашга мажбур қилиш ўрнига унга тушунишда ёрдам бериш керак. Фанга онгли равишда ёндашув ёдлашдан самаралироқ: бола ўйлайди, муаммони тушунади, англайди ва билимни амалиётда қўллай олади.
 
«Ўртача ўқитувчи ҳикоя қилади. Яхши ўқитувчи тушунтиради. Аъло даражадаги ўқитувчи илҳом беради» (Уилям Артур Уорд, америкалик ёзувчи). Нақадар тўғри айтилган фикр. «Ўқитувчи бўлиш, бу – тақдир»,- деб беҳуда айтишмайди. Агар ўз ишинг билан «ёнмасанг», бошқаларга илҳом, руҳ, қанот бериб бўлмайди-да. «Буюк ўқитувчи билан ўтказилган бир кун минг кун давомидаги машаққатли дарслардан яхшироқ», дейилади бир япон ҳикматида.
 
- Миллатнинг суянган кишилари давлат раҳбари ва сиёсий етакчилари ҳисобланади. Сиз сиёсий етакчи ва жамиятни модернизациялаш борасида бир қатор китобларни ёзгансиз. Шу ўринда, шахс, миллат тарбиясида етакчининг тутган ўрнига тўхталсангиз...
 
- Бу ўта муҳим, долзарб, абадий мавзу. Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур юртни ўз ортидан эргаштирувчи, етакловчи мард кишилар эди. Аслида ёшлигида ҳамма қатори улар ҳам оддий ҳаёт кечиради. Аммо кутилмаган мураккаб вазият туфайли улар майдонга чиқади ва жараённи бошқаради. Ғарбда Роналд Рейган, Шарл де Голл, Гелмут Колл, Васлав Гавел, Маргарет Тетчер, Шарқда Камол Отатурк, Мохандас Ганди сингари сиёсий етакчилар тарихий ривожланишни белгиловчи стратегик дастур ва ғояларни ўртага ташлаб, сиёсий жараёнларни жонлантириб юборган эдилар. Уларнинг ҳар бири буюк ислоҳотлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. 
 
Биргина жонли мисол келтираман: Буюк Британия бош вазири Маргарет Тетчер нутқларидан бирида шундай сўзлар янграган: “Мен бошқарувга битта аниқ ўйлаб чиқилган мақсад билан киришдим: инглиз жамиятини тўлиқ давлат қарамоғидаги боқимандалик ҳолатидан ўз келажагига тўлиқ ишонган тадбиркор ҳолатигача; «ўтирамиз» – ва – «кутамиз» Англияси ўрнига «уйғон» – ва «юр» Англияси ўрнатилиши учун анъанавий «марҳамат қилиб менга беринг»дан «ҳаммасини ўзимиз қиламиз» миллатигача ўзгартириш!”. Қўйилган улкан вазифаларни тасаввур қиляпсизми?! Бугунги тарихий бурилиш палласида давлатимиз раҳбари ҳам миллат юксалиши учун нақадар тўғри, шарафли йўлни танлаб, ўз олдига қўйган вазифани уддалашига ишонамиз.
 
Аслиддин СУЮНОВ суҳбатлашди, ЎзА.