Манфаатлар тўқнашуви ишончга путур етказади
Манфаатлар тўқнашуви — ўз манфаатлари шахсий жараёнларга ва хизматга таъсир қиладиган вазият. 2024 йил 6 декабрда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.
Ушбу қонун коррупциянинг олдини олиш, давлат ташкилотларида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ўз иши ҳақида чора-тадбирлар белгилайди. Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.
2024 йил 6 декабрда кучга кирган «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун жамият ва давлат учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг қабул қилиниши очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, коррупция каби салбий ҳолатларни бартараф этишда сезиларни ўрин эгаллайди. Мазкур қонун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, унга оид муносабатларни аниқлаш, манфаатлар тўқнашуви ҳақида ахборотни ошкор қилиш ва уни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни белгилайди.
Шунингдек, қонун давлат ташкилотларидаги ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ тартибга солади. Манфаатлар тўқнашуви, аввало, ҳар қандай соҳадаги ривожланиш иллати бўлмиш коррупция ҳолатларининг олдини олади. Яъни, шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеини шахсий манфаатлари мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши йўлидаги хатти-ҳаракатларининг бир қисмини бартараф этади, давлат бюджетининг ноқонуний ўзлаштирилишининг олдини олади, давлат ташкилотларида меҳнат муносабатлари ва давлат харидларининг очиқлигини ва шаффофлигини таъминлайди.
Манфаатлар тўқнашуви жамиятга катта зарар келтирадиган иллатлардан бири бўлиб, у бор жойда соҳалар ривожланиш ўрнига, орқага кетади, адолатсизлик бўлади, ўзаро ишонч сўнади, мутахассислар салоҳияти рўёбга чиқмайди. Аниқроқ айтганда, манфаатлар тўқнашуви бу шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазият ҳамдир. Ўз вақтида бунга қарши кескин курашилса, яъни манфаатлар тўқнашувига чек қўйилса, коррупция барҳам топади, иш фаолиятида ўзгариш, ривожланиш бўлади.
Мазкур қонун билан манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш бўйича чекловлар ҳам белгиланди. Хусусан, қонунда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида давлат хизматчиси хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали шахсий наф олиши, манфаатлар тўқнашувига оид ахборотни ошкор этишда маълумотларни яшириши ёки атайлаб ёлғон маълумот бериши, бири бошқасига бўйсунувчи ёки бири бошқасининг назоратидаги ташкилотларда ўриндошлик бўйича ишлаши манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлишини инобатга олган ҳолда, бундай тартибда ишлаш таъқиқланади.
Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ўзи билан меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходими икки йил ичида охирги иш жойида ўзи бевосита ёки билвосита назоратни амалга оширган ташкилотлар ёхуд уларнинг таркибий бўлинмалари томонидан ишга ушбу ходим меҳнат (хизмат) фаолиятини амалга оширган ташкилотларнинг коррупцияга қарши назорат бўлинмаси вазифасини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хулосасига асосан қабул қилиниш тартиби ҳам мазкур қонунда ўз ифодасини топди.
«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, уни аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, давлат хизматчиларининг шахсий манфаатлари билан хизмат мажбуриятлари ўртасида зиддиятлар келиб чиқишининг олдини олиш орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шаҳноза МУҲАММАДҚУЛОВА,
фуқаролик ишлари бўйича Ургут туман судининг судьяси.