Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ҳалоллик вакцинаси”, уни қаердан оламиз, қандай яратамиз?

Инсоннинг инсонийлиги унинг ҳаллолиги ва поклиги билан ўлчанади. Шунинг учун ота-боболаримиз ҳамиша пок ва ҳалол бўлишга даъват этиб келган, ҳалол билан ҳаромни фарқлаш тўғрисида насиҳат қилишган.

Бугунги кунда ҳам ҳалоллик ва поклик масаласига ҳаётимизнинг яхшиланиши ва инсонийлигимизнинг мезони сифатида қаралмоқда. Президентимиз Ш.Мирзиёев бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлашда, турли иллатлардан холи, фаровон, одил жамиятни қуришда энг муҳим “ричаг” - ҳар биримиз ўзимизни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашимиз кераклигини таъкидлади. Дарҳақиқат, айнан ҳалоллик шу вақтга қадар миллатга азоб бериб келаётган дардларга малҳамдир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бот-бот тарқатилаётган хабарларга эътибор берсак, айнан бошқарувдаги ҳалоллик масаласини долзарблиги намоён бўлади. Бошқарувда ҳалоллик дегани бу адолатли бошқарувни англатади. Президентимизнинг “ҳалоллик вакцина”си билан эмлаш деганда айнан бошқарув жараёнига эътибор қаратгани бежиз эмас, албатта.

Юраги, қалби пок ва тоза, ҳалол луқма еган ва шу йўлдан юрган инсонлар ҳамиша хотиржам бўлади, кўнгли равшан, доимо сиҳат-саломат юради. Хоразмлик қомусий олим, аллома Маҳмуд Замахшарий бу ҳақда шундай деб насиҳат қилади: “Ҳалол ва ва покиза киши доимо хотиржаму тинчликдадир, бировга хиёнату ёмонлик қиладиган киши эса ҳалокатга гирифтордир”.

Президентимиз бироз ҳазил, озроқ армон билан "... лекин ўша "ҳалоллик вакцинаси"ни қайдан оламиз?" деган фикрни билдириб ўтди. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашда адолатни бош мезон қилиб олиш айтишга осон. Илгариги тузумлардан маълумки, қайси ташкилотга коррупция билан курашиш ваколати юклатилса, бу иллатнинг барча ришталари ўша ташкилотга бориб уланаверарди. Бундай ташкилот, коррупцияга қарши кураш эмас, балки уни бошқариш ва тартибга солиш билан мушғул бўлиб кетарди. Ҳеч қандай жазо, ҳеч қандай хавф бунинг олдини ололмаган. Бунинг ягона йўли – "ҳалоллик вакцинаси". Ҳалоллик инсоннинг онгу шуурида бўлиши лозим. Уни эса пайдо қилиш керак. Миллатнинг юзлаб йиллар давомида йиққан билими, тажрибаси, маънавий қадриятлари, албатта, "ҳалоллик вакцинаси"ни пайдо қилиш учун етарли бўлади. Шунинг учун доимо имон, поклик ва ҳалоллик йўлида ҳушёр туришимиз керак. Бу айниқса, ҳозирги кунда янги Ўзбекистон ғоясини изчил амалга оширишда ва бозор муносабатларига кенг йўл очиб берилган даврда ниҳоятда зарур.

 Хуршид Саматов,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).