Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар бирининг жиҳози учун 35 минг доллар сарфланган реанимобилларга бригадалар ташкил қилинмаган

Ўтган ҳафта вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган аппарат йиғилишида қайд этилишича, Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон, Жомбой, Оқдарё ва Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмаларига тўлиқ жиҳозланган реанимобиллар ажратилган. Лекин мутасаддиларнинг бепарволиги сабаб реанимацион бригадалар ташкил қилинмаган.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳар бир реанимобил жиҳози учун 35 минг АҚШ доллари миқдорида давлат маблағлари сарфланган.

Самарқанд шаҳридан ташқари барча туман ва шаҳар тез тиббий ёрдам бўлими диспетчерлик хоналарида стационар тоифадаги фақат битта телефон аппарати тез тиббий ёрдамни чақиришнинг ягона “103” рақамига уланган, холос. Энди, чақириқлар кўпайган, тиғиз вақтларда тез тиббий ёрдам хизматига қўнғироқ қилаётган фуқароларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

Тез тиббий ёрдам машиналарига балансида 312 та автомашина бўлган “Ихтисослаштирилган автотранспорт” давлат корхонаси хизмат кўрсатади. Жами 1390 та ходим ишлайдиган корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмаган. Корхона ишчи-ходимлари ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Оқибатда тез тиббий ёрдам машиналари билан ўнлаб йўл-транспорт ходисалари содир бўлган.

Хусусан, корхона ҳайдовчиси Ғ.Узоқов билан юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ҳайдовчининг ўлими билан тугаган. Бундан ташқари, 2 та тез ёрдам машинаси қайта тикланмайдиган ҳолатга келган ва давлатга етказилган зарарни бугунги кунгача ундириш чоралари кўрилмаган.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан бир кунлик ўрганиш натижаларига кўра, корхонада 34 миллион 826 минг 377 сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Корхона раҳбари томонидан меҳнат қонунчилигига амал қилинмаган, вакант иш ўринлари яширилган.