Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳар қандай ёмон ҳодисанинг яхши хулосаси бўлади...

Карантин баҳона кўп қатори уйда қолдик. Ўйлаб кўрсам, доимо шошиб, югуриб-елиб умр ўтганини ҳам сезмай қолибмиз. Фурсат топилганида атрофга очиқ нигоҳлар билан боқиб, хаёлан жуда кўп нарсалар ҳақида мулоҳаза юритиш мумкин экан. Соат, кун, ой ва турган гапки, йилларнинг сарҳисобини қилганда бир нарсани англар экансан – сен ўзингга берилган яшаш имкониятидан самарали фойдалана олмадинг! Ва, яна жуда кўп кучингни ўткинчи нарсаларга сарф этибсан!

Бугун нафақат мен, балки деярли ҳамма бир ҳақиқатни чуқур ҳис этмоқда – инсон ва у туғилиб ўсган юрт бир бутун олам экан. Худди она ва фарзанд каби.

Ҳа, азиз замондошим, биз ёшимиз нечада бўлишидан қатъий назар она юрт учун фарзандмиз ва шундай бўлиб қоламиз.

Биз (буни тан олиш фурсати етди назаримда) афсуски, анчагина эркатой фарзандга айланиб бўлган эканмиз. Истиқлол шарофати билан дунё эшиклари кенг очилганда худди қоронғи хонадан чиқиб, бирданига чарақлаб турган қуёш нурига дуч келгандек шошиб қолдик. Эркинлик кимларнидир олисларга чорлади. Илм-маърифат истаганлар илми, касби, маҳорати ўша юртларга фойда келтирадиган ва Ўзбекистон шарафига шараф қўшишдек эзгу-мақсад йўлида хорижга йўл олганларни Ватан бу ердан туриб онадек дуо қилиб тургани, уларнинг ҳар бир ютуғидан қувонгани рост.

Аммо ўзга элларга йўл олганлар орасида дунёни англашни тўкис яшаш, тўкисликни эса бой-бадавлат бўлиш, деб тушунганлар ҳам оз эмас эди. Уларнинг жуда оз қисми ОНА билан ҳисоблашган ҳолда йўлга чиқди. Бошқалар эса “ўз ҳуқуқ ва эркинликларидан фойдаланган ҳолда” ихтиёрий равишда юртни тарк этишди. Ўзи туғилиб ўсган юртда томорқада, далада ишлаб “косаси оқармаслиги”ни пеш қилиб, ўзга юртларда кимларнингдир хизматкорига айланишди. Уларнинг ёт элларда қай ҳолда, қандай меҳнат эвазига пул топгани бизга қоронғи. Лекин кузатувларим натижасида бир хулосага келдим: одам бу ерда қандай бўлса, хорижда ҳам шундайлигича қолар экан.

Тўғри, кимдир омади келиб, яхшигина пул топгандир, дунё кўриб дунёқараши бойигандир. Лекин буларнинг барчаси ота-онаси, оиласи, фарзанду яқинларидан олисда, мусофирчиликда кечишининг ўзи оғир. Орамизда бир неча йиллаб фарзандларини ота-онаси ёки яқинларига топшириб, олисларга кетганлар оз эмас. Бизнинг бу гапларимизни тинглаганда юзу кўзларида истеҳзо балқийдиганлар кўп. Лекин МЕҲРга ташналик фарзандининг тақдирига нималарни олиб келишини англаганларида балки кеч бўлар?

- Ҳозиргилар муҳтожлик нима эканини билмайди, - деган эди юз ёшли бир онахон. - Одамлар нон йўқлигидан кунжара, супургининг донини еганда ҳам ҳеч ким четга кетмаган. Буларнинг ҳаммаси борликдан, болам. Одамзод бўлгани сайин бўлсам дейди. Тупроғига чўп суқсанг, кўм-кўк дарахт бўлиб кўкарадиган бундай юрт қаерда бор? Фақат меҳнат қилиш, сабр билан меҳнатнинг мевасини кутиш керак.

Дарҳақиқат, йигирма беш-ўттиз йил тарих силсиласида жуда қисқа муддат. Аммо мана шу қисқа муддатда шу қадар катта ўзгаришлар қилиндики, ҳатто биз – олтмишинчи йилларнинг фарзандлари учун ҳам яқин ўтмишимиз эртакдек туюлиши ҳақиқат. Бутун бошли қишлоқда биронта одамда шахсий автомобили бўлмаган юртнинг ҳар бир хонадонида икки-учталаб сўнгги моделдаги машиналар, бозори тўла маҳсулот, кийим-кечак, озиқ-овқат. Бизнинг тенгдошларимиз ўн километрлаб пиёда юрса-да, толиқмас эди. Ҳозир мактаб ўқувчиси бир километрлик масофага “такси”да қатнайди. Бир пайтлар оддий алоқа телефони бор хонадонга (чунки фақат раҳбар ходимларнинг уйларига телефон ўрнатилган эди) кўпчилик ҳавас қиларди. Бугун ҳатто, тиланчининг (минг бор узр) ҳам қўлида сўнгги русумдаги телефонни кўриш ажабланарли ҳол эмас.

Дориламон кунларга, тинчликка кўз тегмасин, дея кексаларнинг қўли дуода эди. Аммо одамзод кўпинча шукр қилишга кеч қолар экан, чамамда. Бугунги синовлар бизга ана шу ҳақиқатни англатмоқда. Бу синовлар бутун дунёни таҳликага солиб қўйди. Мана шундай бир пайтда Она ВАТАН фарзандларини дунёнинг тўрт бурчидан ўз бағрига олмоққа шошилди.

- Биз учун ҳар битта инсон қадрли, биронта одамга талафот етмасдан бу синовлардан ўтишимиз керак, - деди Президентимиз.

Фарзандлар ҳам шошилганча юртга ошиқдилар. Олисларнинг  даромади-ю малоҳати унутилди. Ҳатто, "бизни олиб кетинг", деган иддаолар ҳам (афсуски) бўлди. Она – ОНА экан-да, барини унутиб, минг бир ташвишлардан ортиб бошимизни силамоқда, ҳолимизни сўраётир. Оилалар атрофида парвона бўлиб, кам-кўстини бутлашга бел боғлади. Беморларни даволаш билангина чекланмасдан, уларнинг қувватга эниши, иродасини мустаҳкамлаш борасида ҳам ғамхўрлик қилмоқда.

Қийин дамларда ортга боқиб, ўз амалларини сарҳисоб қилиш инсонга хос. Ахир, ҳаёт мактабдир деб бежизга айтишмаган. Демак, ҳар қандай ёмон ҳодисанинг яхши хулосаси ҳам бўлади. Энг қийин дамларда ягона мақсад йўлида бирлашиш, ишонч ва умид, жасорат билан олға интилиш қонимизда бор. БИЗ  ШУНДАЙ МИЛЛАТМИЗ!

Муқаддам ҲАЙИТОВА,

журналист.