Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳаёт ҳангомалари: Ғиждувонга саёҳат

Ғиждувон томонга йўлингиз тушса Абдухолиқ Ғиждувоний зиёратига бориб, тоат-ибодат қилиб, унинг хоки-пойига таъзим айланг, ҳам савоб, ҳам тавоб дейишади.

Бу масканда буюк инсонлар яшаб ўтган. Тупроғи зар, деҳқонлари миришкор, одамлари олижаноб, самимий, меҳмондўст, дастурхони очиқ. Меҳмон бўлиб борсангиз уйнинг тўри сизники. Бозори гавжум. Сути, қатиғи, балиғи, ширин-шакар мева, қовун-тарвузларининг донғи оламга кетган.

Ҳар сафар бу юртга қадам ранжида қилганимда қадрдонларим - етук журналист «Ғиждувон ҳақиқати» газетаси муҳаррири Олим Жўраев у кишининг ўғли, курсдошим Комил Жўраев билан тезроқ дийдор кўришгим, Бухоро ижодкорлари Тошпўлат Аҳмад, Абдураззоқ Қўшшаев ва газета ижодий ходимлари билан дилдан суҳбат қургим келади. Бу масканга Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Тоҳир Малик, Муҳаммад Юсуф сингари адабиётимизнинг улкан намояндалари келиб, унинг бунёдкор халқи, гўзал табиатидан илҳом олган, шеъру достонлар, дилбар қўшиқлар битган. Айниқса, бозорининг таъриф-тавсифи йўқ.

Бухоролик ҳассос шоир, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол билан бир суҳбатимизда унинг фахр билан «Эй, самарқандлик ука, Ғиждувон бозорини кўрмабсиз, бу дунёни билмабсиз», деган гапи эсимга тушиб қолди. Ғиждувон – «Хўжаи жаҳон» бозорига қадам ранжида қилдим. Бозорни айланиб мева ва уруғчилик растасига келиб қолибман. Қанақа уруғ десангиз бор. Томорқамда экилган сабзавоту кўкатларни хаёлан фикрдан ўтказиб, қизил лавлаги экилмагани ёдимга келди. Бу лавлагини яхши кўраман.

- 300 грамм лавлаги уруғидан беринг, - дедим сотувчига.

- Хўп бўлади, ака, мана! – сотувчи ширинсуханлик ва чаққонлик билан уруғни ўлчаб берди.

Сафардан катта таассуротлар билан қайтдим. Яхши ният билан уруғни томорқага экдим. Тез кунда униб чиқди. Меҳр билан парваришлашга киришдим. Қирқ кун деганда илдизмеваси кўзга ташланди. Бу қизил эмас-ку деб ҳайрон бўламан. Биттасини суғуриб олиб қарасам қанд лавлаги. Оббо, сотувчиси тушмагур, роса лақиллатибди-ку, дедим ичимда. Курсдошим Камолжонга телефон қилиб, воқеани айтдим.

- Ака, тадбиркор деҳқонларимиз Ғиждувонда шакарга эҳтиёж ошиб кетганини кўриб, қизил лавлагини ҳам қандлавлагига айлантириб юборишган, - деб кулди. – Сотувчиларимиз тилингиз ширин бўлсин, деб атайлаб қанд лавлаги уруғини сотишган-да.

Ғиждувон бозорининг сероблиги, одамларининг меҳмондўстлиги ва ширинсуханлигининг сири бу ёқда экан-да! Мабодо Ғиждувон томонга йўлингиз тушса, бозорига тушиб қанд лавлаги уруғидан харид қилиб томорқангизга келтириб экишни унутманг. Тилингиз, албатта, ширин бўлишига, мана, биз кафил.

Жумақул КАРИМ.