“Стеклопластик” маҳсулотлари энди Самарқанд шаҳрида

Самарқанд туманида фаолият кўрсатаётган ва халқаро сифат сертификатларига эга мебель ва спорт жиҳозлари, ўқув лаборатория воситалари, шиша-пластик ва металл маҳсулотлар ишлаб чиқараётган “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти Самарқанд шаҳрида ўз савдо уйи ва намойиш залини очди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, таълим ва тиббиёт муассасалари раҳбарлари, спорт мутасаддилари ва тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Самарқанд вилояти ҳокимининг маҳаллий саноат бўйича ёрдамчиси Жамшид Ўроқов мазкур корхона маҳсулотлари бугун республикамиз ва хорижда ҳам ўз харидорларига эга эканлигини таъкидлаб, бу ерда тайёрланаётган ускуна ва жиҳозларнинг 70 фоизи маҳаллийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилаётганини эътироф этди. 

– Айни пайтда 600 дан ортиқ турдаги мебель, спорт ва ўқув жиҳозлари, шиша-пластик ва металл маҳсулотлар давр талабидан келиб чиқиб, мунтазам янгиланган ҳолда, маҳаллий ва хорижий бозордаги таклиф асосида тайёрланмоқда, – дейди корхона таъсисчиси Ўктам Саидмуродов. – Ишлаб чиқариш жараёни Туркия, Германия, Россия, Хитой, Тайвань ва Италияда ишлаб чиқарилган замонавий технологик ускуналарда амалга оширилади. Эндиликда мижозларимиз ва буюртмачилар ушбу савдо уйига келиб, нафақат тайёр жиҳозларни харид қилишлари, балки муҳандис ва конструкторларимизга ўзларининг таклифларини билдирган ҳолда буюртма қилиб маҳсулотлар тайёрлатишлари мумкин.

Тадбир қатнашчилари янги намойиш залидаги ускуна ва жиҳозлар, корхонанинг янги маҳсулотлари билан танишдилар.

(реклама ҳуқуқи асосида)