Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Human» агентлиги раҳбари устидан суд жараёни бошланди

Бугун, 16 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Ш.Файзуллаев (1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги” МЧЖ раҳбари)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов хабар қилди.

Судланувчи Ш.Файзуллаев ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 179-моддаси (сохта тадбиркорлик), 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми, 192-11-моддаси 2-қисми “а” банди (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш), 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми “а” банди ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловга кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги” МЧЖнинг раҳбари Ш.Файзуллаев ва бошқалар республикамиз вилоятларида ваколатхоналар ташкил этган. Жамият ташкил топган кундан 2019 йил 13 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида фуқароларни Германия, Чехия, Япония, Корея Республикаси, Болгария ва Литва давлатларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, ҳар бир фуқародан таклиф этилган ишдан келиб чиққан ҳолда 6 300 000 сўмдан 35 000 000 сўмгача пулларни агентликнинг банк ҳисоб рақамига тўлаш йўли билан қўлга киритган. Ушбу фуқароларни ҳеч қаерга юбормай, ўзганинг жуда кўп миқдордаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган.

Бундан ташқари Ш.Файзуллаев, ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, бошқа шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, тузилган жиноий режа асосида “HUMAN” хусусий бандлик агентлиги” МЧЖни ташкил этиб, АКИБ «Ипотека банк» Яккасарой филиалидан жамият ҳисоб рақамини очиб, ғайриқонуний йўллар билан бойлик орттириш мақсадида товарлар савдоси қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиб, 143 080 000 сўм пул маблағларини корхонанинг бухгалтерия ҳисоб регистрларида тегишли тартибда акс эттирмаган. Белгиланган тартибда банк муассасасига топширмаганлиги, жамиятнинг бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини яшириб, нобуд қилиб, ҳужжатли текширувга тақдим қилмагани, жиноий йўл билан топилган пулларнинг келиб чиқишига қонуний тус беришга эришгани, сохта тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўз мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жуда кўп миқдордаги зарар етказганлиги аниқланган.

ЖИБ дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан олиб борилган. Жиноят натижасида 1 198 нафар фуқаронинг манфаатларига зарар етказилган. Жиноят иши доирасида 5 та кўчмас мулк ва 5 та автотранспорт воситаси хатланган.

Жабрланувчилар кўплиги ва турли ҳудудлардан бўлгани боис уларни суд мажлисларида иштирок этишини яшаш жойларидаги судлар биноларида ўрнатилган видеоконференцалоқа тизими орқали таъминлаш режалаштирилган.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Хайрулла Раҳмонов раислигида кўриб чиқилмоқда. Суд жараёни давом этмоқда.