Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳунармандлар маҳсулоти жаҳон бозорига чиқади

Ота-боболаримиз узоқ йиллардан буён миллий ҳунармандчилик билан шуғулланиб, рўзғорига қут-барака киритган, меҳнати ва яратган маҳсулоти билан одамларга наф келтирган. Бугунги кунда ҳам бу анъана давом этмоқда.

Муҳими, ҳунармандлар ҳар жабҳада давлат ғамхўрлигини ҳис қилиб, маҳсулот яратмоқда. Жмладан, кейинги йилларда аҳоли даромадларининг ошиши, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш ўз самарасини берди. Вилоятимизда кейинги уч йилда уюшмамиздан рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиш истагини билдирганлар сони икки бараварга ошгани ҳам бунга яққол далилдир.

Айни пайтда вилоятимиз ва туман, шаҳарларда  2400 дан ортиқ ҳунарманд  34 йўналишда изланиб, меҳнат қилмоқда. Улар "Устоз-шогирд" анъанасини йўлга қўйиб, 4385 дан ортиқ шогирд тайёрламоқда. Вилоятда қабул қилинган дастур доирасида йилнинг ўтган даврида 615 та лойиҳа учун  19,4  миллиард сўмлик маблағ ажратилиб, 483  та янги иш ўрни яратилди.

Бугун улар яратилган имтиёзлардан тўла фойдаланмоқда. Жумладан, ясаган буюмларини республикадан ташқарига сотиш ва кўргазмаларга бориш чоғида улардан бож тўлови олинмаяпти. Ҳунармандчилиги ортидан оилавий тадбиркорлик фаолиятини амалга оширяпти, ишлаб чиқарган буюмларини сотиш учун дўконлар ва шохобчалар ташкил этяпти. Энг муҳими, ҳунармандлар ижтимоий суғурта қилиниб, иш даврлари белгиланган тартибда меҳнат стажига қўшилмоқда.

Президентимиз ҳунармандларга янада кенгроқ имтиёз ва имконият яратиш, уларнинг меҳнатларини рағбатлантириш мақсадида шу йил 28 ноябрда муҳим ҳужжат - “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни қабул қилди.

Ушбу қарор билан республика ҳудудлари ҳунармандлар фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ихтисослаштирилади, ҳунармандчилик маҳсулотларини чет эл бозорларида намойиш этиш ва сотишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ҳудудларга бириктирилди. Дипломатик ваколатхоналар эса ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳунармандлар маҳсулотларини намойиш этиш ва сотишга амалий ёрдам кўрсатиши белгиланди.

Энг муҳими, халқ амалий санъати усталарининг Миллий каталоги ташкил этилади ва 2020 йил 1 январдан бошлаб Миллий каталог очиқ ва умум фойдаланиладиган веб-сайт кўринишида ишга туширилади. Миллий каталогга нуфузли халқаро кўргазма, кўрик-танловларда ғолиб ёки лауреат сифатида эътироф этилган, соҳада санъат ва фан арбоби ҳамда академикларнинг тавсиясига эга, “Ўзбекистон Республикаси халқ устаси” фахрий унвонига эга ҳунармандлар киритилади.

Яна бир имконият - Халқ банки, “Микрокредитбанк” ва “Агробанк”  манбалар ҳисобидан “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “Уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музей ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш, айланма маблағларини тўлдириш учун Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан ошмаган ҳолда 18 ой муддатга, базавий ҳисоблаш миқдорининг 250 бараваридан ошмаган миқдорда кредитлар ажратадиган бўлди.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда амалий ишлар бошланди. Аввало, қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинди. Унга кўра, икки ой ичида вилоятимиздаги йирик савдо мажмуалари ва деҳқон бозорлари ҳудудида алоҳида ҳунармандлар расталари ташкил этилиб, уларга «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо халқ амалий санъати усталарининг маҳсулотлари жойлаштириб борилади. 2020 йил якунига қадар эса тадбиркор, ҳунарманд ва ташаббускорларни жалб қилган ҳолда Самарқанд шаҳридаги Бибихоним тарихий-меъморий мажмуасида миллий ҳунармандчиликнинг барча йўналишларини ўзида мужассам этадиган замонавий «Ҳунармандлар бозори» ташкил этилади.

Шунингдек, Президентимиз қарорда ҳунармандларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахтимиздаги Сузук ота мажмуаси мисолида ихтисослаштирилган ҳунармандчилик мажмуаларини ташкил этиш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгилаб берди. Бундай ҳунармандчилик мажмуаси виоятимизда ҳам ташкил этилади. Таъкидлаш лозимки, Сузук ота мажмуасининг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилган бўлиб, ҳудудда бу ерга келганларнинг дам олиб, ҳордиқ чиқариши учун айвонлар қад кўтарган. Президентимиз шу йил 10 май куни мажмуада бўлиб, ҳунармандлар уйларини, ёғоч ўймакорлик ва хаттотлик устахоналарини кириб кўрди. Икки қаватли бу хонадонларнинг биринчи қавати устахона ва дўкон учун ажратилган. Бундай ўзига хос ҳунармандчилик маркази энди вилоятимизда ҳам қурилади, шунингдек, вилоятимиздаги барча туман-шаҳарлар марказида халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма заллари ва галереялари ташкил этилади.

Давлатимизда ҳунармандчилик истиқболига кўрсатилаётган бундай эътибор уюшмамизнинг ҳар бир аъзоси зиммасига катта масъулият ҳам юклади. Мақсадимиз миллий ўзлигимиз ва асрий анъаналаримизни ўзида уйғунлаштирган ҳунармандчилик маҳсулотларини кўпроқ тайёрлаш, бу маҳсулотларни Самарқанднинг ташриф қоғози ва туризм брендига айлантириш ва албатта «Устоз-шогирд» анъанасини изчил давом эттириб, ёшларни ҳунар ўрганишга кенг жалб этишдан иборат.

Умид ҲАКИМОВ,

«Ҳунарманд» уюшмаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи.