"Уста-шогирд" анъанаси ривожланмоқда: 6 ойда қарийб 3 минг нафар шогирд ҳунар ўрганди

Вилоятимизда миллий қадриятларимиздан бири бўлган "Уста-шогирд" анъанаси янада ривожлантирилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳунармандчилик соҳасида ёшларни касбга йўналтириш, уларни амалий маҳорати юқори бўлган усталар ҳузурида ўқитиш тизими шакллантирилди.
2025 йилнинг 6 ойи давомида вилоят бўйича 320 та "Уста-шогирд" мактаби ташкил этилди. Бу мактабларда жами 2969 нафар шогирд турли ҳунарларга ўргатилмоқда. Усталар фаолияти ганчкорлик, ёғоч ва мис ўймакорлик, миллий либослар тикиш, эсдалик буюмлар ясаш, каштачилик, зардўзлик, бош кийимлар тикиш каби 29 та йўналишни қамраб олган.
Бугунги кунгача ҳунармандларга шогирд тайёрлаш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 11 мартдаги 158-сон қарори билан тасдиқланган “Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия, грант ва ссудалар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирд тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун ҳар бир шогирд учун (шогирдлар сони 5 нафардан ошмаган ҳолда) 6 ой давомида базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда субсидия ажратилиши белгиланган. Ушбу Низом асосида шу йилнинг 6 ойи давомида вилоятимиздаги 14 нафар уста ҳунармандга шогирд тайёрлаш учун 86 миллион 900 минг сўм миқдорида субсидия ажратилди.
Масалан, Самарқанд шаҳрида фаолият юритаётган мис ўймакори Абдулла Саидов “Уста-шогирд” анъанаси асосида 5 нафар ёшларга ўз ҳунарини астойдил ўргатиб келмоқда. Унинг шогирдлари нафақат маҳаллий бозорда, балки халқаро кўргазмаларда ҳам ўз ишлари билан қатнашмоқда.
Шунингдек, Каттақўрғон тумани, Чароғон маҳалласида яшовчи ҳунарманд Наргиза Турсунова шу маҳаллада яшовчи 4 нафар қизни тикувчиликка ўргатмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу имконият ёшларни иш билан таъминлаш, айниқса хотин-қизларнинг ўз касбига эга бўлиши учун жуда муҳим имконият яратмоқда. Бундай мисолларни Нарпай туманида фаолият юритаётган металл буюмларга ишлов берувчи ҳунарманд Фозилбой Намозов, миллий либослар тикувчиси Дилора Бекмуродова, булунғурлик тикувчи Мунира Шагдарова ҳамда уларнинг 4-5 нафардан шогирдлари фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бошқармамизда ҳунармандлар томонидан қандай йўналишларда ва нечта шогирд тайёрланаётгани ҳақида батафсил статистика олиб борилмоқда. Қувонарлиси, ҳар бир “Уста-шогирд” мактабида ўртача 5 нафар шогирд таҳсил олмоқда. Бу эса ёш авлоднинг амалий касб ва ҳунарга бўлган қизиқишини оширмоқда.
“Уста-шогирд” анъанасини ривожлантириш орқали нафақат миллий ҳунармандчилик анъаналари сақланиб қолади, балки ёшлар ўртасида ишсизлик масаласига ҳам ижобий таъсир кўрсатилади.
Умид Ҳакимов,
"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи.