Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ижобий хислатли инсон феномени

Ўз фикр-хаёлларингиз оғушида бўлиб, бирор жойда ўтирган бўлсангиз ёки бирор иш билан банд бўлганингизда кимнингдир қаттиқ кулишини эшитсангиз, албатта, диққатингиз ўша томонга бурилади. Ушбу товуш сизни жалб қилади ва ичингизга қандайдир илиқлик киргандек бўлади. Унга қўшилиб баланд овоз билан кулмасак-да, биз эмоционал равишда куч-ғайрат тўплаб оламиз. Бошқача айтганда, унинг ҳиссиётларини қабул қилиб, қувончидан “юкланамиз”.

Нега шундай бўлар экан? Нега биз ижобий одам билан яхшиланамиз. Қандай қилиб позитив одамлар бизни бахтли қила олади? Бунинг сири нимада?

Нега бундай одамларни позитив, деб аташади? Манбаларга мурожаат қилсак, “позитив” сўзи лотинча “positum” сўзидан келиб чиққанлигини ва бу нафақат ижобийлик, балки мавжудлик, борлиқни англатар экан.

Юқорида берилган саволларга қониқтирадиган жавобларни топиш бироз вақт талаб қилади. Жавоби эса жуда оддий – инсон ўзида нимаики кўп экан, ўша нарсани бошқалар билан баҳам кўради. Бу инсон ўзида туганмас манбаларни топа олади. Барча манба ва имкониятлар ўзимизда, фақат уларни англаб олишимиз ҳамда улардан фойдаланишни бошлашимиз керак.

Келинг, ижобий ички ресурлардан қандай фойдаланиш тўғрисида мулоҳаза юритайлик.

Ҳиссий ақл-идрок. Бошқача айтсак, ҳиссий етуклик. Ижобий фазилатли инсон ўзининг ҳис-туйғуларини намойиш қилиш мумкинлиги тўғрисида ишонч ва тушунчага эга. Шу билан бирга, ўзининг салбий ҳиссиётларини бошқаларга зарар етказмасдан, туйғу ва чегараларига нисбатан ифодалайди.

Стрессга қарши турмоқ. Стресс назарияси яратувчиси Ганс Селье шундай дейди: “Бизни стресснинг ўзи эмас, балки бизнинг унга бўлган муносабатимиз ўлдиради”. Руҳий зарба олган пайтда комил инсон ҳиссий жиҳатдан барқарор туриб, фикрлари ва ҳис-туйғуларини бошқаради ва ваҳимага тушмайди.

Ўзига муносиб баҳо бера олиш. Муносиб баҳо бериш ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик ва пасайтирмаслик ҳамдир. Ижобий хислатли инсон ўзининг ҳам афзалликлари, ҳам камчиликлари борлигини билади. У ўз имкониятларини объектив равишда тушунади, ўзига ишонади ва бошқаларга бирор нарсани исботлашга уринмайди, ҳаётни борлигича қабул қилади. Бу эса унинг шахсияти нуқсонлари устида ишлашини истисно қилмайди.

Масъулият. Ўзининг хатти-ҳаракатлари ва унинг оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлиш қобилияти. Ижобий хислатли инсон ўзининг феъл-атвори, муомаласи, юриш-туриши ўз қарорлари билан белгиланишини тушунади ва улар учун жавобгардир.

Оқилона эътиқод. Позитив киши ўзининг билим хазинасида ўзини қадрлаш билан боғлиқ эҳтиёткорлигига эга. Масалан, мен бошқалар билан бир қаторда ўзимни ҳам ҳурмат қилишга ҳақлиман, бошқа одамларнинг менга баҳо беришидан озодман, ўз эътиқодим ва қарашларим асосида ҳаракат қиламан.

Собитқадамлик. Онгли воситаларга эга бўлган одам нафақат мақсадини шакллантиришга, балки унга эришишда ўз иродасини намоён этишга қодир. Мақсадга эришиш учун нафақат тадбирларни режалаштириш, балки баъзан ички ва ташқи омиллар туфайли юзага келадиган қийинчиликларни енгишда қатъийлик кўрсатиш жуда муҳим.

Саломатлик. Бизнинг соғлиғимиз жисмоний ва руҳий ҳолатимизга боғлиқ. “Соғ танда соғлом ақл”, деган машҳур иборани эсланг. Ижобий фазилатли инсон ўзини ҳурмат қилгани учун ҳам танасига ғамхўрлик қилади ва ўзини яхши кўради. Чунки у соғлом руҳга эга.

Янги кўникмалар. Ижобий хислатли инсон комилликка интилади, рисоладагидек бўлиши учун барча имкониятлардан фойдаланади. Улар доим ўзгаришга тайёр ва янги нарсаларни ўрганишни яхши кўради. Шунинг учун кўникмаларга эга бўлишга ва кўп қиррали суҳбатдош бўлишга етарли вақт ажратади.

Ҳаётий тажриба. Ижобий хислатли инсон муваффақиятсизликка ҳаёт дарси сифатида қарайди ва тегишли хулоса чиқаради. Бу нафақат келажакда бундай пасайишларнинг олдини олишга ёрдам беради, балки ўз имкониятларини ривожлантириш ва етуклик даражасига етишда қимматли тажриба орттиради.

Хушчақчақлик. Ҳатто қийин вазиятда ҳам позитив сабаблар топиш қобилияти ижобий инсонни белгилайди. Ушбу интеллектуал қобилият (атрофдаги одатий бўлмаган нарсаларни кўра олиш) ҳар қандай ёшда ҳам ривожланиши мумкин. Осонлик билан содир бўлаётган нарсалар билан боғлиқ бу қобилият унга атрофдаги одамлар билан самарали мулоқот қилиш имконини беради.

Дунё билан ўзаро муносабатимиз ва бошқаларнинг муносабати ўзимизни қандай англашимиз ва ҳис қилишимизга боғлиқ. Ижобий хислатли инсон очиқ бўлишга, дунёни ўрганишга, янги ечимларни топишга интилади.  Бундай одам ҳаётидаги ижобий ҳис-туйғулар ва бахтга шахсий муносабат устунлик қилишини сезиши сабабли, ўзининг ҳиссиётларини ташқи дунё билан бўлишади.

Сиз қайси ички манбалардан фойдаланасиз?

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.